Д.А.Бегматова, М.Қурбонов, Ш.М.Содиқова
ФИЗИКА ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
Ташкент - 2019
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА
МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ
Д.А.Бегматова, М.Қурбонов, Ш.М.Содиқова
ФИЗИКА ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
Ташкент – 2019
Сўз боши
Ўқув қўлланмада талабаларни назарий билимлар, амалий кўникмалар, ўқитиш методикасининг асослари ҳамда ўқитиш усуллари берилган. Шунингдек, ўқитишнинг методлари, таълимда мутахассисларни тайёрлашнинг замонавий услублари, физикада ўқув экспериментининг ўрни, физикани ўқитишда инновацион технологиялар тўғрисида маълумотлар берилган.
Ўқув қўлланмада умум таълим ўрта мактаблар, академик лицей ва касб ҳунар коллежларидаги физика фанини ўқитиш методикасининг муҳим масалалари баён қилинади. Асосий диққат анъанавий ўқитиш методларини такомиллаштиришга, ахборот коммуникацион ва инновацион технологиялар воситасида физика фанининг муҳим мавзулари бўйича машғулотлар ўтказиш методикасини ишлаб чиқишга қаратилди.
Физика ўқитиш методикаси фанининг амалдаги дастури асосида яратилган ўқув қўлланма 5140200-"Физика", 5140400-Биотиббиёт бакалавриат йўналиши талабаларига мўлжалланган. Қўлланмадан физика ўқитувчилари, физика ўқитиш методикаси фанини ўқийдиган университет талабалари фойдаланишлари мумкин.
I БОБ. КИРИШ.
§-1. Физика ўқитиш методикаси илмий ва ўқув фани эканлиги. Физика ўқитиш методикасининг бошқа фанлар билан боғлиқлиги.
Муҳим кашфиётларни амалга оширишда, фан олдига қўйилган муаммони тез ҳал қилишда, ишни бажариш методикаси алоҳида муҳим роль ўйнайди. Тўғри, метод билан бажарилган илмий текширишлар олимларни буюк кашфиётларга олиб келган. Масалан, спекрал анализ методининг кашф этилиши табиатдаги кўп элементларни кашф қилишига олиб келди. Электрокимёвий текшириш методларининг яратилиши фан ва саноатдаги муҳим муоммаларни тез ҳал қилиш имкониятини туғдирди.
Шуларга ўхшаш физика фанининг асосларини ўқувчилар томонидан тез ўзлаштирилиб олиниши ўша фанларни қандай ўқитиш методикасида дарс олиб борилишга боғлиқ. Шунинг учун методист олимлар томонидан фанларни ўқитишдаги дарслар самарадорлигини оширишнинг турли методлари ишлаб чиқилади ва улар физикани ўқитиш жараёнида синаб ўрганилади.
Физика ўқитиш методикаси фани физика ўқув фанлари асослари билимларини ўзлаштириб олиш методларини ўргатади. Ҳар қандай фанларни ўқитишнинг таълимий масалалари билан биргаликда, жамиятнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган тарбиявий масалалари ҳам мавжуддир. Айниқса, физика ўқитишда тарбиянинг ҳамма турларини мувофаққият билан амалга ошириш мумкин. Физика ўқитишнинг асосий вазифаларидан бири физика асосларини ўрганиб бориш жараёнида ўқувчиларнинг билимларини ривожлантириб бориш ҳисобланади.
Демак, физика ўқитиш методикаси ўқув фанини таълим босқичларида физика ўқитиш жараёнида таълим-тарбия бериш ҳамда ўқувчиларни ривожлантириб бориш методларини ўргатиб борувчи педагогик фан деб аташ мумкин.
Физика ўқитиш методикаси фани тайёр билимлар берадиган фанлардан фарқланиб, илмий фан вазифасини ҳам ўтайди, чунки янги ўқитиш методлари педагогик иш жараёнида яратилади, илғор таълим технологияларини дарс жараёнларига тадбиқ қилиб, ўқитиш ва таълим олиш методикасини такомиллаштириш ҳам илмий-методик иш ҳисобланади.
Физика ўқитиш методикасининг ўқитиш методлари ўқитувчининг ишлаш жараёнида ривожланиб боради. Шунинг учун илғор ўқитувчиларнинг дарс олиб бориш тажрибасини ўрганиш ўқитиш жараёнини такомиллаштиришнинг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Олимлар томонидан ҳар бир яратилган янги ўқитиш методлари талим босқичларида педагогик экспериментдан ўтказилди. Самара берган методлар ўқув жараёнига татбиқ этилади.
Ҳозирги вақтда физикани ўқитиш жараёнига инновацион ва ахборот технологиялари ёки ўқитиш методлари жорий қилинмоқда.
Бу методларнинг қандай натижа бериши педагогик экспериментда синаб кўрилади. Бу ишлар илмий-методик тадқиқотлар ҳисобланади.
Демак, физика ўқитиш методикаси фани илмий изланишларни олиб борувчи фан ҳисобланади.
Физика ўқитиш методикаси ўқув фани биринчи навбатда таълим босқичларида ўқитиладиган физика фанларига боғланади. Чунки ўқитиш учун жорий қилинадиган методлар мактаб физика курси, ўрта махсус касб–ҳунар таълимидаги физика ўқитишга бағишланади.
Физика ўқитиш методикаси педагогика фани билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки физика ўқитиш методикасининг таълимий функцияси педагогика қонуниятларига асосланади.
Физика ўқитиш методикасининг методологик асоси миллий истиқлол ғоясидир.
Физика методикасининг таъсир этиш объекти ҳар хил савияга, ҳар хил ҳарактерга, ҳар хил қизиқиш хусусиятларига эга бўлган ҳар хил ёшдаги ўқувчилардир. Мактаб учун ёзиладиган физика фанлари дарсликлари ўқувчиларнинг ёш ҳусусиятлари ва билим даражаларига асосланиши керак.
Ўқувчиларнинг ёши билан боғлиқ бўлган ҳусусиятларни эса физиология ҳамда психология фанлари текширади.
Ўқувчиларга таълим бериш ва уларни тарбиялаш жараёнлари муаммоларини ҳал қилиш учун бўлажак физика ўқитувчилари ёшлар физиологияси ва психология фанларини яхши билиши керак.
Физика ўқитиш жараёнларига замонавий ўқитиш методлари– технологияларини жорий қилиниши муносабати билан физика ўқитиш методикасининг информатика, яъни компьютер ёрдамида дарс ўта олиш методикасини эгаллаш функцияси ҳам вужудга келади.
Педагогик эксперимент натижаларини математик таҳлил қилиш масалаларини билиш учун ҳар бир ўқитувчи математика фанлари асосларини билиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |