Физикага доир намойиш тажрибалар ўтказиш учун физика хонаси керакли қурилма-ускуналар билан тўла-тўкис жиҳозланган бўлиши зарур. Ҳозирги вақтда тегишли корхоналар томонидан ҳар хил қурилмалар чиқарилмоқда. Олий мактаблар эса улар билан таъминланмоқда. Лекин бу қурилмалар баъзи бир камчиликлардан ҳоли эмас, уларнинг баъзилари якка қурилма ёки айрим қисмлар тариқасида ишлаб чқарилмоқда. Бу физикавий қурилмалардан фақат олдиндан йиғиш ишларини талаб қилмайдиган тажрибалардагина фойдаланиш қулай. Физика курсида шундай мавзулар ҳам борки, улар юзасидан намойиш тажрибалар ўтказишда якка қурилмалар эмас, балки бир қанча қурилма ва физикавий ускуналардан ясалган қурилмалардан фойдаланишга тўғри келади. Электр токи мавзуси бўйича ўтказиладиган тажрибаларнинг деярли ҳаммаси шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда физика курсининг ҳар қайси бўлимига оид юқорида айтилганидек ясалган намойиш қурилмалар мажмуасини топиш анча қийин. Бундай ҳолларда баъзи мавзулар, масалан, “Электр токи” бўлими бўйича юқорида айтиб ўтилган намойиш қурилмалар мажмуасини олий мактаб шароитида талабалар билан ясаш ва тажрибаларни улар ясаган қурилмалар ёрдамида намойиш қилиш мумкин.
Ҳар бир ўқитувчи ушбу ишда баён қилинган материаллардан фойдаланиб, юқорида кўрсатилган қурилмалар йиғиндисини талабалар кучи билан тўгаракларда тайёрлаши ва у билан дарсларда намойиш тажрибаларни фақат физика хоналаридагина эмас, балки бошқа аудиторияларда ҳам кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари улар тажрибанинг яна ҳам яхши чиқиши учун ўзлари ясаган шу қурилмаларга яна қандай ўзгаришлар киритиш мумкинлиги тўғрисида фикр юргиза бошлайдилар. Бу эса уларнинг конструкторлик фаолиятини оширишда катта ёрдам беради. Талабалар ясаган баъзи қурилмалар корхоналар ишлаб чиқарган қурилмаларга қараганда кўргазмали, тажриба учун қулай бўлиши ва қисқа вақтда қатор тажрибаар кўрсатиш имконини бера олиши мумкин.
Олий мактаб физика хонаси саноат корхоналари ишлаб чиқарган қурилмалар билан қанчалик таъминланган бўлмасин, бунда қўлда ясалган қурилмалар ҳам катта ўрин тутади. Шу вақтгача Олий ўқув юртларида энг содда намойиш тажрибаларига оид қурилмалар комплектини ясаш усули баён қилинган қўлланмалар йўқ. Мавжуд қўлланма ёки журналларда қатор тажрибалар кўрсатиш имконини берадиган комплектланган қурилмаларни ясаш усули баён этилмасдан умуман физикага доир баъзи қурилмаларни ясаш баён этилган.