Мавзунинг долзарблиги
Хавфсизликни таҳлил қилишдаги асосий муаммолардан бири унинг асосий кўрсаткичларини ва тизимнинг чегарасини тўғри белгилашдан иборатдир. Агар тизим жуда қисқа тарзда таҳлил қилинса, айрим хавфли вазиятлар эътибордан четда қолиши ва натижада турли хил бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, агар тизим жуда кенг қабул қилинса, таҳлил натижасида ноаниқликлар, чалкашликлар юзага келади. Шу сабабли, таҳлил чегарасини аниқлашдан олдин таҳлилнинг аниқ мақсади белгиланиши зарур. Умумий қилиб айтганда, таҳлил асосида ишлаб чиқилган иқтисодий, техник, ташкилий, санитар-гигиеник ва бошқа турдаги барча тадбирлар ушбу тизимда юз бериши мумкин бўлган хавфларни тўлиқ олдини олиш, яъни бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг бартараф этилишини таъминлаши зарур.
Инсон ҳар доим ҳар қандай фаолият турида ўзининг хавфсизлигини таъминлашни бирламчи вазифалар қаторига қўйиб келган. Шу сабабли ҳаётда ва турли фаолият соҳаларида хавфсизликни таъминлаш узоқ ўтмишдан то ҳозирги кунимизга қадар инсоният илмий ва амалий қизиқишларининг энг муҳим томонларидан бири бўлиб келган ва келмоқда.
Чунки хавфсизлик муаммолари инсоннинг соғлиғи ва ҳаёти, ҳамда жамият тараққиёти даражаси билан боғлиқ муҳим масаладир. Ишлаб чиқаришнинг интенсив ривожланиши натижасида техносферанинг шаклланиши эса ундаги хавфсизлик муаммоларини ечиш учун махсус билимларни эгаллаш талабларини юзага келтирди. Инсоннинг жамиятни тараққий эттириш ҳамда ишлаб чиқаришни бошқаришда асосий куч эканлигини ҳисобга олиб, унинг хавфсизлиги ва соғлиғини сақлаш ижтимоий тараққиёт йўлидаги муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам фаолият жараёнида ишлаб чиқариш шароитини яхшилаш, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларининг келиб чиқиш манбаларини йўқотиш, шунингдек иш фаолияти инсон учун чарчаш, толиқиш ва касалланиш манбаи бўлишлигининг олдини олиш бугунги ривожланган техносфера асрида жуда долзарбдир.
АСОСИЙ ҚИСМ
Хавфсизликни тизимли таҳлил қилишнинг мақсади
Тизимли таҳлил - мураккаб муаммолар жумладан, хавфсизлик тизими бўйича қарор тайёрлаш ва уни асослаш учун фойдаланиладиган методологик воситалар мажмуидир. «Тизим» деганда элементлар мажмуаси тушунилади, улар орасидаги ўзаро таъсирлар адекватли равишда бир хил натижага олиб келади. Бундай тизим аниқ тизим дейилади. Агар элементларнинг ўзаро таъсири ҳар хил натижаларга олиб келса, бу ноаниқ тизим дейилади. Тизим сўзи грекча сўздан олинган бўлиб, «бутун, қисмлари ва бирикмалардан тузилган» демакдир. Тизимнинг ташкил қилувчилари (элементлари, қисмлари) деганда нафақат моддий обектлар тушунилмасдан, яна улар орасидаги ўзаро муносабатлар ва боғланишларни ҳам англаш керак. Техник ҳолати жиҳатидан соз бўлган ҳар қандай машина техник тизимга мисол бўла олади. Тизимни элементларидан биттасини инсон ташкил қилса - эргатик тизим дейилади. Эргатик тизимга мисоллар: «инсон-машина», «инсон-машина-муҳит» ва ҳ.к. Тизимлилик принципи ҳодисаларга бир бутун тўплам ёки комплекс деб қараб, уларни ўзаро боғлиқликда ўрганади. Тизим юзага келтирувчи мақсад ёки натижа тизимни ҳосил қилувчи элементлар деб аталади.
Тизимни ташкил этувчи элементларни ўзига хос хусусиятлари бўлиши билан бир қаторда, тизимнинг ҳам ўз хусусияти мавжуд бўлади. Тизимда вужудга келган хусусият уни ташкил этувчи элементларнинг бирортасида ҳам бўлмайди. Масалан, “ёнувчи модда – кислород - ёнғин манбаси” битта тизимни ташкил этади. Агар ушбу элементлардан бирортаси бўлмаса ёниш жараёни юзага келмайди. Бу ерда ёнувчи модда ёниш хусусиятига, кислород- ёнғинни юзага келтириш шароитини яратиш хусусиятига, манба эса ёнғинни амалга ошириш хусусиятига эга. Албатта, бу тизимда ушбу элементлардан бирортасининг бўлмаслиги, тизимни бузилишига олиб келади, натижа, мақсад (ушбу ҳолатда-ёниш) амалга ошмайди.
Хавфсизликни тизимли таҳлил қилишнинг мақсади кўнгилсиз ҳодиса (авария, ёнғин, жароҳатланиш, касалланиш ва ҳ.к.) ларнинг юзага келишига таъсир қилувчи сабабларни аниқлаш ва уларнинг пайдо бўлиш эҳтимоллигини камайтирадиган олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдир.
Юзага келган хавфлар ва уларнинг сабаблари ўртасида ўзаро сабаб-оқибат боғланиши мавжуд, хавф маълум бир сабаб оқибатидир, у эса, ўз навбатида, бошқа бир сабаб оқибатидир ва ҳоказо. Шундай қилиб, сабаблар ва хавфлар керакли, иерархик занжирли тизимларни ҳосил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |