Фарзандим асал қандим
Суянчиғим бўл, ҳимоячим бўл.
Дилбандим ёруғ дунёда
Ёниб турган юлдузим бўл.
7 май 2017 йил
ОНА МЕХР БУЛОҒИ
Мен Манзура ая 3 фарзанднинг онаси, 7 набиранинг бувисиман. Буви бўлиш анча қийин экан.
Менинг болалигим Тошкент туманида ўтган. Бизда 13 сотих ҳовли, 2 тадан сигиру-қўйлар, товуқлар ҳам бўлган. Газ, сув бўлмаган. Доим меҳнат билан овора эдик. Бизни қиз бола деб ҳеч ким аямас эди, сув ташиш, ўтин ёриш, хашак йиғиш, отхона тозалаш, самовар қўйиш ва ҳоказолар, яна узумзор боғимиз ҳам бор эди. Хуллас, меҳнат – меҳнат, оғир меҳнатлар эди. Ҳамма меҳнатларни қилиб мактабга борар эдик. Қизлар деб ҳеч ким бизни аямас эди. Хуллас, қийинчиликлар билан болалик ўтган.
*** *** ***
Осмонча орзу ниятлар билан 9 йил олдин ёлғиз ўғлимга келин олдим, келиним ўзини жуда ақлли, гўзал ҳисоблайди, қайнонани йўл-йўриғини менсимайди ҳам, мендан сўрамай хохлаган пайтда уйига кетади, кетаётганида ҳам “қаерга кетаяпсизлар”, десам, ўғлим жавоб беради.
- Она, мендан сўради, бўлади-да, - дейди.
Қаерга кетса ҳам сўрамайди, айтмайди. Ахир мен кўзим нури, юрагимдаги бор меҳр билан, ўзим емай, ичмай, кичим киймай катта қилган боламни севадику, мени юзимга оёқ қўйиб, ўғлимни севадими? Мен бу ўғилни катта бўлишини кун санаб, йил санаб, қанча соғлигим, қанча меҳнатим сарф бўлган. Мен энди тамом бўлдимку... Нахотки онаси “қайнонадан ўтма, тарбиясини ол, этагини ушлаб юр, эртага ҳаммасини ўрганиб олсанг, қайнона сенга яхшилик тилайди”, - демаган?
Ўғлим ширин-ку, мен ёмонми?
Мен унга беминнат дастёрман, доимо уй ишларини қиламан, тинч ўтира олмайман, бола боқишга, овқатларга ёрдам бераман. Келинни бундай бўлишига оиламиздаги келишмовчиликлар ҳам сабаб !
Оила бошлиғи дадамиз!
Кўзларига мехр билан боқиб катта қилган ўғлим, яъни отам деб фахрланган фарзандим сабабчи. Уруш йиллари бўлмасада, тинчлик замонида, мен болаларимни етишмовчилик кўрмасин деб, 1 яшар қизимни 1984 йил боғчага бериб, ишга тушиб кетганман. Чунки турмуш ўртоғим ичкилик ичиб, болалар билан иши бўлмас эди. 3 та бола билан жуда қийналиб, рўзғорим йўқлигидан ишга чиқдим, иложи борича хаёт аравасини тортдим. агар инсон қийналмаса, ишламаса, ўқимаса, яхши ёмонни кўриб курашмаса, ойлик олиб пул топмаса, ҳаёт нималигини билмай ўтади. Мана ҳозирги кунда ҳамма-ҳамма нарсалар бор, тўқчилик, тинчлик, сочинлик замони, ҳар бир хонадонда серобчилик, ҳар хил мавсумий кийимлар, ош-овқатлар аёлларни кўпчилиги уйда, айниқса ёшлар, афсуски бир меҳр-муҳаббат, катталарга ҳурмат-иззат йўқ, йўқолиб кетибди шекилли.
Бизни хонадонда ҳам шу нарсалар йўқ. Ҳаммада катта-катта участкалар (шароити зўр), яхши машиналар, нахотки оқибат меҳр йўқ. Мен болаларимдан жуда орзиқиб ният қилган нарсам қариганимда келинимдан ва фарзандларимдан эъзоз-эътибор, мехр кутган эдим. Лекин буларни кўрмадим.
Мен турмуш ўртоғимни менга бегона бўлиб кетишини эмас, меҳрли чол бўлишини, мен уни яхши-ёмон кунларига чидаб, жуда кўп ичган вақтларида ҳам чидаганларимни кейин билар, деган умидда яшадим. Афсуски тескари дунё экан. У менга фақат ёмонлик тилайди. Ота-онамни ҳақорат қилади. улар тўғрисида жуда ёмон гаплар гапиради. Оллоҳим Ўзи кечирсин. Ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин.
Турмуш ўртоғим жуда ҳам бемаъни бўлиб қарида. Келиннинг олдида ҳар хил гаплар гапиради. Ғирт бекорчи, иш буюрсанг дарров соғлигидан шикоят қилади, ғирт аҳмоқ, ёшлигида ёрдамчи ошпаз бўлиб ишлаган, топган пулини чойхона, бўлмағур ўртоқларга, ичкиликка сарфлар эди...
Яқинда мени урди. Уришдик. Хотинларга ўхшаб мени авлодимни гапирди, уят гаплар билан ҳақоратлади. Мен ҳам гап қайтардим. Кейин мени юрагимга муштлади. Мен нафас ололмай қолдим. Мазам бўлмади, ахир мен қари кампирманку. Бирон маротаба яхши гапи йўқ, доимо болаларим олдида ҳам ҳақорат, сассиқ гаплар. Болаларим ҳаммаси катта, уларни ҳам болалари бор. Лекин болаларимни бор кучим, бор мехрим, нурим билан катта қилганман. Танамдаги жоним билан ҳимоя қилганман. Уларга доимо посбон эдим. Юрагим, қалбим билан танамдаги жоним билан ҳимоя қилар эдим ва Оллохимдан ялиниб-ёлвориб кечаси билан соғлиқ, берган болаларимни омон сақлагин Оллохим, деб ёлворар эдим. Мен ўзимни қиммат нарсани қўриқлаётган соқчига ўхшатар эдим. Болаларимга жуда ачинар эдим. Фақат уларга билдирмас эдим. Отасини кунига ичиб келганини кўриб, эссиз эркак дер эдим. Хаттоки болаларимни отасидан ҳам ҳимоя қилар эдим.
Ишдан ҳар куни уйга чопиб вақтли келар эдим. Келаётганимда ҳеч қачон бўш келмас эдим. Ҳар куни егулик кўтариб келар эдим. Мени бу дунёда ҳимоячим, меҳрибонларим йўқ. Ўғлим ҳам мени ҳимоя қилмади.
- Мен сизларни ёнингизга тушмайман. Она айб сизда, сизни ҳаммамиз ёмонлаймиз, отам, мен, опам ва ҳатто келин ҳам. Сиз ҳурматга лойиқ эмассиз - деди.
Негаки, мен ўз сохамда 25 йил ишладим. Эрта кетиб кеч келдим. Оиламиздаги моддий етишмовчиликдан ишга тушишга мажбур бўлдим. Фарзандларим эса “сиз бизга мехр бермагансиз, доим ишга кетар эдингиз, яхши аёллар боласига мехр бериб, уйда ўтиради, энди сиз биздан мехр кутманг, сиз ҳурматга лойиқ эмассмиз” дейишди.
Дунёда оналар бир хил. Оналарни қайноқ қалби, бир олам мехри ҳам бир хил. Лекин мехрни ўлчови йўқ, чексиз бўлади. Буни фақат Яратган билади. Оналар мехри она ўлганида ҳам сўнмайди. У рухга айланиб, барчасини сезиб юради.
Бизнинг ҳовли 2 қаватли. Мен 1-қаватдаги хонада ётаман. Қолганлар тепадаги хоналарда ётишади. Мен ўзимни худди қоровулдек хис қиламан. Кечалари яхши ухлай олмайман. Гоҳида юриб чиқаман, касалман. Лекин тонг отади, Оллохга шукрона. Менга осонгина диагноз қўйиб олишган “Томи кетган” жинни деб. Аслида хаёт зинасини тугатаяпман. Лекин ҳеч нарсани маслахат қилишмайди. Ўғлим мени тухматчи, фитначи деди. Чолим эса ҳар доим хароми, ифлос деб мени ҳақорат қилиб келади. Ўғлим келинга “сен онам билан гаплашма, ишингни тез қилиб тепага 2-қаватга чиқиб ўтир, онамга камроқ қўшилган” деб ўргатган. Шу сабабли ҳам келин мен билан гаплашмайди.
“Онажон яхши ётиб турдингизми, кўнглингиз нима тусаяпти, соғмисиз, мазангиз йўқми, нима бўлди?” деб ҳеч ким сўрамайди. Мени кўнглимни яра қилиб синдиришса ҳам, ҳеч қачон кечирим сўрашмайди. “Кечиринг она”, ёки “дуо қилинг” дейиш ҳам бегона булар учун. Мени она ўрнида, одам ўрнида кўришмайди.
Мен келиннинг онасини гапирдим, тарбия бермаган. Онаси “нега ҳар доим ўқрайиб қарайсан, ҳеч чеҳранг очилмайди, нима етишмовчилик, ўз уйингда тинч ўтир, меникига камроқ кел, телефонда неча марталаб гаплашамиз етади” демайди. Сен тинч – мен тинч демайди.
“Онанг инсон эмас экан”, дедим. Ахир қизлар уйидан тинсагина, онанинг кўнгли жойида, хотиржам бўлади. Катталарни хурмат қил, кўзига тик боқма, деб айтилар эди. Қайнона ҳам она, ахир сен мен билан 20 йил яшаган бўлсанг, қайнона билан умрбод яшайсан деб уқтирмаган ҳам қизига.
Мени қизларим келса, кетақол, уй жойинг ўша ер, ўзингдан тиниб ўтир, уйингдагиларни ҳурмат қил, ёнингдаги фарзандингда ўшалар қони, деб жўнатаман. Қизлар тинч, мен тинчман. Мен қаридим, ўзимни етим, ғирт етимга ўхшатаман! Озгина бўлса ҳам фарзандларим менга мехр беришини, эътибор қилишини жуда хохлайман. Мени ёлғизлик қийнаб келмоқда. Энди бу йил жуда мазам йўқ, юзларимга доғлар тушган, юрагим оғрийди. Авваллари салгина соғлигимдан шикоят қилсам, дарров ўғлим ёнимга келар эди ва зудлик билан шифокорга олиб борар эди. Энди эса келин билан овора, мендан кўнгли колганми?, менга эътибор ҳам йўқ. Ахир мени қуёшдек мехримни фарзандларим тушунмаса – юрагимдан ачинишимни қаердан ҳам билсин. Тонг отади кеч бўлади, умр шиддат билан ўтадики, бир пастда 40 йил ўтибди, ёлғизлик Эгамга, аммо мен ёлғизман, ҳеч ким мен билан гаплашмайди. Мен жуда ҳушчақчақ ва кўп гапирадиган аёл эдим. Афсус, афсус мен писмиқ одамларни жуда ёқтирмайман, келин ҳам, чолим ҳам, ўғлим ҳам писмиқлар. Келиним бир ойдирки уйида турибди. Бир оғиз мендан сўрагани йўқ. Ҳар гал индамай кетади, ўғлимга айтсам, “она сизни у юзингизни кўргиси келмайди, у энди келмайди” деб айтди. Хаттоки, телефон ҳам қилмайди. Келинга мен хўжайинман, сиз эмас. Мен лолман нима ёзишимни ҳам билмайман. Шунчалик бехаё бўладими? Мени бу дунёда ҳеч кимим йўқ экан, ёлғиз Оллохга, кечалари илтижо қиламан. Мехрибон роббим ўзи билгувчи.
Мени оналигим ҳурматим йўқлигидан йиғлайман. Мен ҳурматга лойиқ эмас эканман. Яқинда катта қизим келин ва ўғлим гаплашиб ўтирган эди. Мен гапларига аралашиб қолдим. Шунда ўғлим айтаяпти: “она сиз нари боринг, сизни характерингиз “каварный”, қўшилманг бизга”.
Ўғлимнинг бу ўйламай айтган сўзига мен шу захоти ичим тушиб кетгандек бўлдим, яраланган юрагим тамом бўлгандек бўлди. Ўз теримга сиғмай кетдим. Ахир ёшлигимда кўп эшитар эдим, бу дунё қайтар дунё экан деб, лекин хайрон бўлар эдим. Кексалар айтган ҳамма-ҳамма сўзлар тўғри экан. Бу дунёда севги – мухаббат йўқ экан. Фақат набирага бор экан. Лекин набира ҳам билмас экан.
Оллохга шукур мени ҳамма нарсам бор, ош-овқат, кийим-кечак, ётар тушак шохона ховли жой.
Йўқ, инсонга аслида ҳеч нарса керак эмас экан. Бу нарсаларни умрингиз охирлаб қолгандагина сезар экансиз. Аслида югурамиз, шошамиз, пул, иш деб чопамиз, бола-чақа боқамиз, ўзингизни ўйламайсиз, соғлиқ-қувватингиз кетади. Энди ҳеч кимга керак эмассиз! Мен бу дунёдан ўтиб кетганимда ҳам улар мени эслашмайди. Тезда унутиб юборишади. Мен мехр бермаган эканман, дунёда оналар бир хил. Ҳар бир аёлни меҳри боласига осмонча...
Лекин мени Оллох билсин.
Мен бугун Рўзани қадр кечаси ёзаяпман.
Мени Оллохдан бўлак дардлашадиганим йўқ, Оллохдан ҳар куни кечаси йиғлаб ёлвориб сўрайман “Оллохим мени ҳор қилма, ҳеч кимга зор қилма” деб. “Ўзинга зор қилгин, мен ётиб қолмай, келинимга куним қолмасин, қайтар дунё болаларидан қайтсин. Келин келганига 10 йил бўлди. Лекин мен бир очиқ чехрасини кўрмадим, доим ўқрайиб юради. Жуда хунук, аёллик иффати, хаёси сира йўқ. Мен билан гаплашмайди, жуда кибр хаво, мен ундан қўрқаман.
Аммо ўғлимга жуда ёқади. Мени чолим мени бу жинни деб айтади. Болаларим олдида мени бир пул қилади, болаларга ҳеч қачон бу сизларни 40 йиллик онангиз, онангга ўйлаб сўйла демайди. Ахир мен фарзандларимни қийналиб туғиб, қийналиб боқдимку. Биринчи бор дунёга келганида мен қўлимга олганман, кичкина, қип-қизил юзларини йиғлаб кўзимга суртганман-ку. Шукроналар айтганман-ку.
Менга ҳеч қандай ёрдамчи бўлмаган, бир ўзим қараганман. Бу уйда келинга мен, чолим набираларни ўзимиз катта қилаяпмиз, қарашамиз, ҳар доим, ахир унга маззаку, нахотки билишмаса...
Мен Оллохимга шукрона қиламан. Кўзим кўриб, оёғим юриб турганига, ёзаётганимга. Лекин гохида кенг олам тор бўлиб кетади. Еган овқатларим томоғимда тургандек бўлади, бўғилиб кетаман.
Ўғлим мени ҳар доим узоқларга кетказиб юбормоқчи бўлади. Яъни оромгохларга, касалхоналарга бориб дам олсангизчи дейди. Аммо мен бундай жойларни сира хохламайман. Мени узоқ кунлар бўлмаслигимни хохлайди, алохида яшашни хохлайди, аммо иложи йўқ. Мен ўз уйимда ўтиришни, ҳеч қайси шахарни-ку, ҳеч қандай оромгоху, касалхоналарни хохламайман, мен уйим-жойим деган аёлман, мен урим бўйича ҳеч қаерга бормаганман, иш, уйни билардим холос.
Фарзандларимни соғиниб-соғиниб, шошиб ишдан келар эдим. Фарзанду набираларимни ич-ичимдан яхши кўраман. Лекин яхши кўришимни ёлғиз Оллох билади. Оллохим мени ҳеч кимга, ҳеч нарсага мухтож қилмагин. Чолим, болаларим мени фақат ёмон тарафимни гапиради. Ахир ҳар бир инсонни икки тарафи бор-ку, яхши ва ёмон. Нега мени яхши тарафимни ҳеч ким гапирмайди, мен 45 йил умр йўлдошимни ёмон тарафига чидаб яшадимку, сабр билан яшадим. Ичкиликни ташласа, инсоф берса Оллох хаммаси яхши бўлар, деб осмонча умид қилдим. Лекин, йўқ баттарроқ бўлди.
Мен энди бувижонман-ку. Хаётни паст-баландига, аччиқ кунларига чидаб яшадимку. Фарзандларим мен билан бирга катта бўлдику. Болаларимни химоя қилдим, йиқилса тургаздим, қоқилса суядим, юпатдим. Хаётни ёруғ йўлига етакладим. Оқил ва одил қилиб тўғри тарбияладим, хаттоки эркалаш, ўпишларга вақтим бўлмас эди. Она мехри болага қалбини тубида бўлади, туганмас бўлади. Нахотки, бирингиз онасиз, бирингиз отасиз, ахир тасаввур қилинг, қанчалик севасиз ўз фарзандларингизни. Дунёда бемехр она бўлмайди, оналар бир хил.
Мен сизларни жуда-жуда севдим. Оллох билсин: киймадим – кийдирдим, емадим – едирдим. Доимо Оллохдан сўрадим, касал бўлмай катта бўлишингизни, ишладим. Сизларни соғиниб-соғиниб тезроқ уйга югурар эдим. Кўзларингизга тикилиб, ҳар бирингизга ачинар эдим. Жуда ҳам камчилигингиз кўп эди, мен бир ўзим етказолмай қийналар эдим, ҳеч ишлагим келмас эди. Кўчага боришни хохламас эдим. Сиз ширинтойлар билан ўтиргим келар эди. Аёлга ўхшаб, уй бекаси, эрим эркаси бўлишни хохлар эдим.
Майли бу қийинчиликлар ортда қолди. Ҳамма ниятларимни ортиғи билан Оллохим берди. Бехисоб шукрона.
Аммо! Фарзанд ўз онасига ҳеч қачон жахолат билан эмас, меҳр билан сўзлаши керак. Мен сизлардан ҳеч нарса кутмайман, қизиқишлар сўнар экан. Тинчлигу, халоват, мехру-мухаббат, бир оғиз ширин сўз, ширин гап, эътибор-эъзоз, хурмат-иззат керак. Сизлардан кутдим, аммо топмадим. Мен ўзимни океан, ёки денгиз тагига чўкиб кетган балиққа, устига катта тош бостириб қўйган, қийналаётганга ўхшатаяпман. Мен энди денгиз тубидан чиқолмасам керак деб ўйлайман. Мен ҳозир хаёт зинасини охирлаяпман, ақлим тўлиқ. Фақат онам томи кетган деманг. Озгина қулоқ тутинг. Эътибор билан қаранг, эшитинг. Ҳозир сизлар ёшсизлар, фақатгина фарзанд боқиш билан оворасизлар, аммо умр тез ўтмоқда. Кунлар келади, бу дунё қайтимли дунё, афсус надоматлар, ачиниш, афсусларнинг фойдаси йўқ.
Унда мен бўлмайман ёнингизда. Сиз ақлли бўлганингизда кеч бўлади. Сизлардан мен эрта била туриб, она тузукмисиз, соғмисиз, нималар хохлайсиз дейишингизни жуда кутдим. Аммо ҳеч бирингиз кўнглимни олмадингиз, ширин сўзга зор бўлдим.
Мехр кутдим, биронтангиз ақалли кўнглимни сўрамадингиз. Мен ўғлимга (отам) га кўпроқ эътибор берар эдим. Мени бу дунёда химоячим деб ўйлар эдим. Йўқ, у онасини унутди. Бутунлай унутди. У энди ўз аёлига, болаларига мехрибон. Менга зор ҳам эмас. Мен уни жонига тегдим, мен ўғлим учун йўқдекман, кўзлари севги билан берк. Онангизга барибир бир кун зор бўласиз, қалбингиз мехрга тўлади. Ўша мехрни онага бера олмайсиз, кеч бўлган бўлади. Мозоримга юз бор қатнанг, овоз чиқмайди, балки ўлган захотим унутиб юборарсизлар.
40 йил чидаб яшаган умр йўлдошим, нахотки қалбимга қулоқ тутмаса? Нималар демоқчисан демаса, мени ақлсиз аёл деб ўйласа? Зерикиб, сиқилиб, ўз теримга сиғмай кетдим. Ёлғизлик қурсин. Ёлғизлик Эгамга. Мен келинимга беминнат дастёрман. У мени жуда ёмон кўради. Доимо ўқрайиб қарайди. Аёллик файзи, барокати йўқ. Шунинг учун онасини кўриб, отасини билиб қизини ол демаган.
Бугун мени ўғлим, дилбандим мени бехаё аёл деди. Ҳа мен ўз набирам Иброхимни қаттиқ овозда чақирдим, у эшитмади. Мен ҳеч кимдан эшитмаган гапларни ўз фарзандларимдан эшитаяпман. Келиним онасиникига кетган. Мана 1 ой бўлаяпти. Болалар ўлда-жўлда, 2 таси менда, 1 таси унда, унинг онаси ахмоқ, уйингга бор, эрингни ота-онасини хурматини қилгин, улар ҳам ғанимат, сен ҳам фарзанд ўстираяпсан, кунлар ўтиб сен ҳам улардан меҳр кутасан, сен ҳам қариб юргин, уларни дуосини олгин, дуо олтиндан ҳам қиммат, уйингга кет демайди. Ахир у аёл эрингни онаси-ку, бегона эмас демайди.
Мени ўғлим, мени хохлаганча ёмон сўзлар билан гапиради. Мен жуда серфикр аёлман, ҳар куни кечқурун уйқум келмайди. Кечаси билан қийналиб чиқаман. Жаҳолат билан гапирган гапларига мен қийналаман. Ҳар доим бир хил гап: “онамни мияси айниган, ахамият берманг опа” дейди қизимга. Мен ҳар бир ёмон гапга йиғлайман, юрагим санчийди. Юрагимга мих санчигандек бўлади. Мен ўғлимни кичкиналигида биринчи бор қўлимга олиб, бор мехрим билан эркалаб, суюнган эдим. Онани ёмони бўлмайди, жудаям қалбим поймол, кўзларим хафа.
Мени хўкиз ўғлим тушунмайди. Хаёли хотинида.
Do'stlaringiz bilan baham: |