7-§. Маиший чиқиндиларни полигонга жойлаштириш
33. Полигон ҳудудига кираётган ва чиқиб кетаётган ихтисослаштирилган транспорт воситалари кириш/чиқиш пунктида махсус назорат-дезинфекция ҳудудидан (ҳовуздан) ўтиши, оғирлиги тарозида (юк билан ва юксиз) тортилиши ва бу ҳақда йўл варақалари ҳамда ип ўтказиб тикилган журналда ёки электрон шаклда қайд этиб борилади.
34. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг полигонга кириши ва унинг ҳудудида ҳаракатланиши йўналиш чизмаси бўйича амалга оширилиши лозим.
35. Маиший чиқиндиларни тушириш вақтида транспорт воситаси қўл тормозида ишончли тўхтатилган ва узатмалар қутиси нейтрал ҳолга келтирилган бўлиши керак.
36. Маиший чиқиндилар полигонга очиқ кузовли транспорт воситасида ташилган ҳолларда:
транспорт воситаси ёки тиркаманинг бортлари полигоннинг камида икки нафар масъул ходими ёрдамида очилиши;
бортлар очилишидан олдин юкланган чиқиндилар хавфсиз ҳолатда эканлигига ишонч ҳосил қилиниши лозим.
37. Маиший чиқиндилар устига ёпилган брезент ёки бошқа материални олиб ташлаш учун кузов устига чиқиш ман этилади. Бундай ишлар бортлар очилганидан кейин, ердан туриб бажарилиши керак.
38. Брезент ёки бошқа материални бортларни очмасдан олиб ташлаш лозим бўлганда мазкур иш транспорт воситасининг зинапояси устида ёки бошқа хавфсиз жойда турган ҳолда бажарилиши керак.
39. Маиший чиқиндилар қўл кучи билан тушириладиган ҳолларда, бундай ишлар шамолга тескари йўналишда, кузовнинг фақат бир томонидан амалга оширилиши лозим.
40. Ихтисослаштирилган транспорт воситалари маиший чиқиндиларни тушириш майдончасида кетма-кет жойлаштирилган ҳолларда, уларнинг оралиғи 1 метрдан кам бўлмаслиги, ёнма-ён турган транспорт воситалари орасидаги масофа 4 метрдан кам бўлмаслиги зарур.
41. Экипаж юкловчиларининг полигон ҳудудига киришлари тақиқланади. Улар транспорт воситасининг қайтишини полигоннинг маиший хоналарида кутишлари керак.
3-боб. Ихтисослаштирилган транспорт воситасининг экипажига қўйиладиган умумий талаблар
42. Экипаж — ҳайдовчи, шунингдек юкловчилардан (1-2 киши) иборат бўлади.
43. Экипаж қуйидагиларга мажбур:
хавфсизлик техникаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, юкларни ташишнинг умумий қоидалари, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари, шунингдек санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда ушбу Қоидаларга риоя қилиш;
авария ёки нохуш ҳодиса юз берган тақдирда тегишли шахслар ҳамда органларга, шу билан бирга, ўзи фаолият юритаётган ташкилотнинг масъул ходимига бу ҳақда дарҳол хабар бериш;
эҳтиёткорликни таъминлаган ҳолда талофотларнинг кучайиб кетишини олдини олиш чораларини кўриш.
Экипаж қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |