Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
2018 йил 2 октябрь,
787-сон
Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу қоидалар санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш тартибини белгилайди ҳамда барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан унга риоя этилиши мажбурий ҳисобланади.
2. Ушбу қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ободонлаштириш объектлари — кўчалар, айланма кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, туннеллар, йўловчилар ўтадиган ер ости йўллари, фавворалар, ариқлар, каналлар, дарёлар, кўллар ва бошқа сув ҳавзаларининг қирғоқлари, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, хиёбонлар), ташқи ёритиш, реклама паннолари, йўл кўрсаткичлари, порталлар, пешлавҳалар, дренаж (дренажнинг вертикал, ёпиқ ва очиқ горизонтал, ёпиқ коллектори), ирригация новлари тармоқлари, ташқи ёритиш тармоқлари;
санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектлари — қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинчалик сақлаш учун, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ фойдаланиладиган объектлар (чиқинди қутилари, контейнерлар, чиқинди тўплаш шохобчалари, шу жумладан, махсус ажратилган ва жиҳозланган жойлар);
қаттиқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек, уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар);
суюқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилган турли хил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари);
йирик габаритли маиший чиқиндилар — жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган мебеллар, маиший техникалар (совуткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва шу кабилар), ташкилий техникалар (компьютерлар, принтерлар ва шу кабилар), техник ускуналар, автотранспорт воситаларини алмаштириш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва ўлчамлари бўйича 0,75 м3 ҳажмли контейнерларга жойлаштиришнинг имкони бўлмаган қурилиш чиқиндилари.
қурилиш чиқиндилари — турар жой уйлари, маъмурий бино, кўп квартирали уй квартираларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бузиш ишларини амалга оширишда ҳосил бўладиган чиқиндилар;
хавфли маиший чиқиндилар — фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг инсонлар ҳаёти, соғлиғи ва атроф табиий муҳитга хавф солувчи, шунингдек, утилизация қилиниши лозим бўлган ва йиғиш, ташиш ҳамда зарарсизлантиришнинг махсус технологияларидан фойдаланишни талаб қилувчи товарлардан ҳосил бўладиган чиқиндилар (симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурслари, симобли термометрлар чиқиндилари, барча турдаги аккумуляция қилувчи элементлар ва шу кабилар);
иккиламчи моддий ресурслар — маиший хўжаликда ҳосил бўладиган, бевосита ёки қўшимча ишлов беришдан сўнг такрор фойдаланиш имкони мавжуд бўлган, истеъмол ва ишлаб чиқариш чиқиндилари (металл, пластмасса, шиша, қоғоз чиқиндилари ва шу кабилар);
«сигнал» усули — чиқинди ташиш техникаси билан аҳоли яшаш пунктларини айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан истеъмолчиларни хабардор қилиш орқали якка тартибдаги тураржой секторидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш.
3. Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш мазкур қоидаларнинг иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |