3-§. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларини йўналишга чиқаришда қўйиладиган талаблар 10. Хизмат кўрсатувчи ташкилот ихтисослаштирилган транспорт воситаларини белгиланган харакат йўналишига чиқаришдан олдин ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишини, транспорт воситаларининг техник созлигини, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда хавфсизлик техникаси талабларига жавоб беришини таъминлаши лозим.
11. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларини йўналишга чиқаришда ҳайдовчининг ёнида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши зарур:
ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтганлиги ва транспорт воситасининг навбатчи механик томонидан кунлик техник кўрикдан ўтганлиги қайд этилган йўл варақаси;
мазкур транспорт воситаси турини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси;
транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномаси (техник паспорти);
транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонни;
қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш чизмаси ва жадвали;
лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома — лицензия карточкаси (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари бундан мустасно);
транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси.
12. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳар бир қатнови тўғрисидаги маълумотлар (транспорт воситасининг давлат рақами, автопаркдан йўналишга чиқиш ва қайтиб келиш санаси, вақти, спидометр кўрсаткичлари, техник ҳолати, экипаж таркибининг фамилияси, исми, отасининг исми) ип ўтказиб тикилган журналда ёки электрон шаклда қайд этиб борилади.
4-§. Қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташиш 13. Қаттиқ маиший чиқиндилар ихтисослаштирилган транспорт воситаларида (чиқинди ташиш машиналари ва бошқа ихтисослаштирилган машиналарда) ташилади (йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндилари, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар бундан мустасно). 14. Чиқинди тўплаш шохобчаларидаги, шунингдек ташкилотлардаги қаттиқ маиший чиқиндиларни вақтинчалик тўплаш ва сақлаш учун ташкил этилган жойлардаги чиқинди контейнерлари экипаж юкловчилари томонидан ихтисослаштирилган транспорт воситасининг манипулятор механизмига ўрнатилади ва унинг махсус механизми ёрдамида (механик тарзда) чиқинди кузовига бўшатилади.
15. Манипулятор механизми билан жиҳозланмаган ихтисослаштирилган транспорт воситасининг чиқинди кузовига контейнерларни бўшатиш экипаж юкловчилари томонидан қўл кучи билан амалга оширилади.
16. «Сигнал» усулида йўналиш жадвали бўйича етиб келган ихтисослаштирилган транспорт воситасига қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш истеъмолчилар ва экипаж аъзолари томонидан амалга оширилади.
Бунда қаттиқ маиший чиқиндилар махсус чиқинди қопларида (пакетларда) ёки ғилдиракли контейнерларда (40 ― 120 л) сақланган ҳолларда уларни ихтисослаштирилган транспорт воситасига жойлаштириш экипаж юкловчилари томонидан амалга оширилади.
17. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ихтисослаштирилган транспорт воситасига юклаш жараёни пиёдалар, автомототранспорт воситалари ҳамда велосипедлар ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги лозим.
18. Чиқинди сақлаш контейнерлари қаттиқ маиший чиқиндилардан тўлиқ, қолдиқсиз тозаланиши ҳамда санитария талабларига мувофиқ дезинфекция қилиниши керак.
19. Қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташиш ишлари уларни тушириб қолдириш, авария ҳолатини пайдо қилиш, инсонлар соғлиғи ва атроф-муҳитга зарар етказиш эҳтимолларини истисно қилувчи усуллар билан амалга оширилади.
20. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташишга ихтисослаштирилмаган — ағдарма ва бортли махсус транспорт воситаларидан маиший чиқиндиларни ташиш мақсадида фойдаланилганда, чиқиндиларнинг тўкилиши ва суюқликнинг (фильтрат) оқиши ҳамда чиқинди чангларининг атмосфера ҳавосига тарқалишини олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.
21. Қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
контейнерларда сақланаётган чиқиндилар ёки чиқинди уюмларидан иккиламчи хом ашё ажратиб олиш;
юклаш жойида чиқинди қолдиқларини қолдириш ёки уларни ён атрофга сочиб юбориш;
экипаж аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилиш («сигнал» усулида тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ҳоллари бундан мустасно) ёки уларни ихтисослаштирилган транспорт воситасида ташиш.