Ўқув фанининг долзарблиги ва олий касбий таълимдаги ўрни
Маълумки, Археология (юнонча “архео” – қадимги, “логос” - фан), қадимшунослик — қадимги моддий маданият ёдгорликларига асосланиб кишилик жамияти ўтмишини ўрганувчи фан. Меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари, қурол-яроғлар, зеб-зийнатлар, уй-жой, устахоналар, мудофаа ва ирригация иншоотларининг қолдиқлари, ҳамда ўтмишга оид турли топилмалар археологиянинг бош манбаи бўлиб, уларни чуқур илмий ўрганиш асосида ўтмишдаги кишилик жамиятлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тарихининг умумий манзараси тикланади. Археологик ёдгорликлар ва уларнинг турлари, сақлаш ва ўрганиш бўйича мавжуд қонун қоидалар, топилмаларни топиш ва уларни турларга ажратиш усуллари, археологик манбаларни қазиб олиш ва уларга ишлов бериш усуллари, фиксация қилиш, чизиш, характерлаш ва аналогия келтириш усуллари, ёдгорликларнинг ёшини аниқлаш усуллари, археологик экспедиция ташкил этиш қоидалари, археологик ёдгорликларни, моддий маданият ашёларини таъмирлаш усуллари билан талабаларни таништириш бу махсус курснинг асосий вазифасидир. Талабалар бу махсус курс давомида олган билимларини семинар машғулотлари давомида мустаҳкамлаб борадилар.
Ўқув фанининг мақсади ва вазифалари
Фанни ўқитишдан мақсад – Археология фанига кириш ва унинг тарихи, ривожланиш босқичлари билан таништириш ва талабаларда холисона илмий дунё қарашни, кўникма ва малака шакллантиришдир.
Фаннинг вазифаси – талабаларда фаннинг назарий ва амалий масалаларини ўргатишдан иборат.
“Археологияга кириш” ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида амалга ошириладиган масалалар доирасида бакалавр:
фаннинг аҳамияти ва ижтимоий фанлар соҳасида тутган ўрни тўғрисида;
археология фани ҳақида умумий тушунча, фан ва унинг иш услуби (ер усти археологияси, сув ости археологияси). Хронологик даврлаштириш (палеолит, мезолит, неолит, энеолит, бронза даври, илк темир даври, антик давр, ўрта асрлар);
турли минтақалар ўтмиш тарихи ва маданияти муаммоларини ўрганишда фойдаланишни;
Археология музейи, археологик манбалар тавсифлари, илмий тадқиқот институтлари материалларидан фойдаланиш малакаларига эга бўлиш керак.
“Археологияга кириш” фани асосий умумкасбий ҳисобланиб, 1 семестрда ўқитилади. Дастурни амалга ошириш ўқув режасида режалаштирилган умумкасбий фанлар: Жаҳон археологияси, Антропогенез, Ўзбекистон тарихи фанларидан етарли билим ва кўникмаларга эга бўлишикерак.
Жамият ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўтмишининг моддий, маънавий ва ғоявий асосларини ўрганувчи фан йўналиши бўлиб, археология соҳасини ривожлантиришни, инсониятнинг моддий ва маънавий маданияти, этномаданий жараёнлари ва ғоявий қарашларини ўрганишнинг услубларини, уларнинг намоён бўлишидаги табиий-ижтимоий омиллари асосларини ўрганиш усуллари ва истиқболларини белгилашни, касбий кўникмасига йўналтирилган киши фаолиятининг воситалари, усуллари ва услублари мажмуасини ўз ичига олади.
Талабаларни “Археологияга кириш” фанини ўзлаштиришлари учун ўқитишнинг илғор ва замонавий усулларидан фойдаланиш, янги информацион педагогик технологияларни тадбиқ қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Фанни ўзлаштиришда дарслик, ўқув ва услубий қўлланмалар, маъруза матнлари, тарқатма материаллар, электрон материаллар, виртуал стендлар ҳамда тарихий-географик карталарнинг намуналаридан фойдаланилади. Маъруза, амалий ва лаборатория дарсларида мос равишдаги илғор педагогик технологиялардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |