1. АРХЕОЛОГИК ДАВРЛАШТИРИШ
Кишилик жамиятининг ривожи ва равнақи албатта инсонлар томонидан қилинган технологик кашфиётларга боғлиқ бўлган. Ҳар бир қадимги даврларга босқичма-босқич ўтилишининг ўзи ҳам технологик кашфиётлар хосиласидир. Масалан тош асрининг мезолит ва неолит даврига ўтилиши, бунда кулолчилик чархининг пайдо бўлишига асосланилса, кейинги даврда табиатдан метал (мис, бронза, темир) олиш технологиясининг кашф қилиниши билан энеолит, бронза ва темир давриларига тадрижий ўтилади. Бу тадрижий даврларни хронология фанида археологик даврлаштириш теб аталади.
Xронология –ёрдамчи тарих фани бўлиб, (“хроно” – вақт ва “логия” – фан) — 1) тарихий воқеаларнинг даврий тадрижийлиги; 2) вакт ўлчови ҳақида-ги фан демакдир. Хронология турли халқлар ва давлатлар йил ҳисоби тизими ва тақвимларини ўрганади, тарихий воқеалар содир бўлган саналарни ва тарихий манбалар яратилган вақтни аниқлашда ёрдам беради. Xронология тараққиёт босқичларининг вақтини аниқлаш демакдир. Бу эса алоҳида тарихий воқеалар, меҳнат қуроллари, ҳунармандчилик ва хўжаликнинг ривожи, уй-жойлар, қишлоқлар ва шаҳарларнинг қурилиши, давлатларнинг ташкил топиши ва маданият тараққиёти ютуқлари вақтини аниқлашни англатади.
Ёзма манбалар асосида аниқ саналар белгиланади. Археологик маълумотларга асосланган хронология юз ва минг йилликлар билан ўлчанади.
Бобил, Миср, Юнонистон ва Римда шаклланган хронология ўрта асрларда Туронда ривожланди. Берунийнннг 1000-йилда ёзилган «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» («Хронология») асарида жаҳондаги турли халқлар тарихи ва маданияти ихчам тарзда ўз аксини топган. Хронологиядаги тарихий изчилликни фанга 16-асрда француз Ж.Скалигер киритди. Ҳозирги пайтда Хронологиянинг тараққиёти бу фаннинг археология, табиий фанлар, статистика ва бошқалар билан ўзаро ҳамкорлигига боғлиқдир.
Сўнгги йилларда Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларида археология, антропология, тарихий этнография, эпиграфика ва нумизматикага оид кашфиётлар туфайли тарихни холисона ёритишга хизмат қиладиган муҳим маълумотлар тўпланди. Улар ўлка тарихининг қадимги босқичларидаги иқтисодий, маданий ва ижтимоий–сиёсий жараёнлари ҳақида янада тўлароқ тасаввурлар ҳосил қилиш имконини беради. Янги илмий маълумотлар энг қадимги хўжаликлар ва меҳнат қуроллари, хўжаликнинг ишлаб чиқарувчи шаклларига ўтилиши, ишлаб чиқаришда металлнинг ишлатила бошланиши, айирбошлаш ва савдо–сотиқ, илк шаҳарлар ва давлатларнинг ташкил топиши ва бошқа тарихий–маданий жараёнлар билан боғланади. Даврлаштириш – инсоният тарихини ўз хусусиятларга эга, турли белгиларга кўра, бир–биридан ажралиб турган катта даврларга бўлишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |