Археология ва топонимика
Топонимика (юн. topos — жой ва onyma — исм, ном) — ономастика жой номлари (географик атоқли ном-лар)ни, уларнинг пайдо бўлиши ёки яратилиш қонуниятларини, ривожланиш ва ўзгаришини, тарихий-этимологик манбалари ва грамматик хусусиятларини, уларнинг тузилишини, тарқалиш ҳудудлари ҳамда аталиш сабабларини ўрганувчи бўлими. Муайян бир ҳудуддаги жой номлари мажмуи — топонимия, алоҳида олинган жой номи эса топоним деб аталади. Топонимлар ҳам, тил лексикасининг бир қисми сифатида бошқа ҳамма сўзлар сингари тил қонуниятларига бўйсунади, лекин ўзининг пайдо бўлиши ва баъзи ички хусусиятлари жиҳатидан жамиятнинг кундалик моддий ва маънавий ҳолати, иқтисодий турмуши, орзу ва интилишларига алоқадор бўлиб, маълум даражада бошқа гуруҳ сўзлардан фарқ қилади. Шу билан бирга, топонимларда миллий тилимизга хос бўлган қадимий фонетик, лексик ва морфологик элементлар кўпроқ сакланган бўлади. Жойнинг табиий географик шароити (рельеф), аҳолининг этник таркиби, кишиларнинг касби ва машғулоти, қазилма бойликлар, тарихий шахслар ва воқеалар топонимлар вужудга келишининг асосий манбалари ҳисобланади.
Топонимика география, тарих, этнография билан чамбарчас алоқада ривожланади. Топонимия тил тарихи (тарихий лексикология, диалектология, этимология ва б.)ни тадқиқ этишда муҳим манба ҳисобланади, чунки баъзи топонимлар (айниқса, гидронимлар) архаизм ва диалектизмларни ўзгартирмасдан барқарорсақлаб қолади, кўпинча муайян ҳудудда яшаган халкларнинг субстрат тилларига бориб тақалади. Топонимика. халкларнинг тарихий ўтмиши хусусиятларини жонлантиришга, уларнинг жойлашиш чегараларини белгилашга, тилларнинг ўтмишдаги тарқалиш ҳудудларини, маданий ва иқтисодий марказлар, савдо йўллари ва ш. к. географиясини тавсифлашга ёрдам беради. Топонимларнинг амалий транскрипцияси, уларнинг дастлабки асосга кўра ҳамда бир хил ёзилиши, бошқа тилларда берилиши Топонимиканинг амалий жиҳати ҳисобланади.
Топонимлар йирик ёки майда объект-ларнинг номлари эканлигига қараб макротопонимлар ва микротопонимларга ажратилади: макротопонимлар — кенг ҳудудлар, катта объектлар (материклар, океанлар, тоғлар, чўллар, дарёлар, шаҳарлар, қишлоқлар ва ш.к.)нинг атокли отлари; микротопонимлар — кичик объектлар (жарликлар, тепаликлар, қудуқлар, кўчалар, қўрғонлар ва ш.к.) нинг атокли отлари. Лекин топонимларни бундай тасниф қилиш шартли, чунки кўпинча макротопоним билан микротопонимни фарқлаш қийин.
Турли хил географик объектларни атовчи номларнинг категорияларига мувофиқ равишда Топонимиканинг қуйидаги бўлимлари ажратилади: гидронимика — сув ҳавзалари: дарё, канал, сой, ариқ, булоқ, кўл кабиларнинг номларини ўрганувчи соҳа; ойконимика — аҳоли яшаш масканлари ва уларнинг қисмлари: қишлоқ, маҳалла, гузар, кўча, овул, қўрғон номларини ўрганувчи соҳа; оронимика — ер юзасининг рельеф шакллари: тoғ, чўққи, қоя, қир, тепа, қия номларини текширадиган соҳа; урбанонимика — шаҳар ичидаги ҳар қандай объектлар номларини ўрганувчи соҳа; космонимика — Ердан таш-қаридаги объектлар (осмон жисмлари) номларини ўрганувчи соҳа ва б.
Do'stlaringiz bilan baham: |