13-боб. Иш қидираётган шахсларни ҳамда ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш 62-модда. Иш қидираётган шахсларни ҳамда ишсиз шахсларни касбга тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Иш қидираётган шахсларни ҳамда ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда маҳаллий меҳнат органининг йўлланмасига кўра амалга оширилиши мумкин:
касби (мутахассислиги) мавжуд бўлмаганда;
мавжуд касбий кўникмаларига мос мақбул иш йўқлиги сабабли касбни (мутахассисликни) ўзгартириш зарур бўлганда;
касбий кўникмалари мавжуд бўлмаганлиги ёки етарли бўлмаганлиги сабабли, касбига (мутахассислигига) доир талаблар ўзгартирилганлиги боис малака ошириши зарур бўлганда;
аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш бажариш қобилияти йўқотилганда.
Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш касбга ўқитиш марказларида (касб-ҳунар таълими муассасаларида) амалга оширилади.
Иш қидираётган шахслар, ишсиз шахслар, шунингдек аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар устувор тартибда касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтиш ҳуқуқига эга.
Касбга ўқитиш марказларини сақлаш ва моддий-техник жиҳатдан ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
63-модда. Касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малака оширишга доир давлат буюртмаси Иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир давлат буюртмаси (бундан буён матнда касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан шакллантирилади.
Касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси қуйидаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда келгуси йил учун шакллантирилади:
Ўзбекистон Республикасининг демографик таҳлили ва демографик ривожланиш прогнозларидан;
иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг прогноз сонидан;
касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малакасини оширишга эҳтиёжи бўлган шахсларнинг прогноз сонидан;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчилари сонининг прогнозидан;
ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган касбга ўқитишга нисбатан эҳтиёжнинг асосий йўналишлари прогнозидан.