56-модда. Ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) тартиби Маҳаллий меҳнат органининг буйруғи ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) учун асос бўлади, унда ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) сабаби ва ишсизлик нафақасини тўлаш тугатиладиган (тўхтатиб туриладиган) сана мажбурий тартибда кўрсатилади.
Ишсизлик нафақасини тўлаш ушбу Қонун 55-моддасининг биринчи қисмида (бешинчи қисмида) назарда тутилган тегишли ишончли ахборот олинганидан кейин маҳаллий меҳнат органи томонидан тугатилади (тўхтатиб турилади).
Ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) тўғрисида маҳаллий меҳнат органининг ходими томонидан «Бандлик хизмати» ахборот тизимининг тегишли бўлимида ва сўровномада қайд этилади, унда ишсизлик нафақасини тўлаш тугатиладиган (тўхтатиб турилган) сана, ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) сабаблари, ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) учун асос бўлган буйруқнинг санаси ва рақами кўрсатилади.
Маҳаллий меҳнат органи томонидан чиқарилган ишсизлик нафақаси тўлашни тугатиш (тўхтатиб туриш) тўғрисидаги қарор ишсиз шахсга етказилиши шарт.
Ҳисобланган, лекин белгиланган муддатда олинмаган ишсизлик нафақаси ишсиз шахсга келгуси ойда тўланади.
57-модда. Ишсизлик нафақаларининг ортиқча тўланган суммаларини ушлаб қолиш Ишсизлик нафақасининг ортиқча тўланган суммалари ишсиз шахсдан, агар ортиқча тўлов ҳисоб-китобдаги хато натижасида ёки ишсиз шахс томонидан суиистеъмоллик оқибатида содир этилган бўлсагина, ушлаб қолиниши мумкин. Ушлаб қолишлар ишсизлик нафақасининг кейинги тўланишлари чоғида амалга оширилади.
Ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато натижасида ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор нотўғри белгиланган миқдордаги ишсизлик нафақаси охирги тўланган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай қабул қилиниши керак. Ишсиз шахс томонидан суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор бирор-бир муддатлар билан чекланмаган ҳолда қабул қилинади.
Агар ишсизлик нафақасини олувчи ишсиз шахс ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган бўлса ва суднинг ёки бошқа ваколатли органнинг қарорига кўра ишсизлик нафақасини олувчи шахс ўзига етказилган зарарнинг ўрни қопланган ҳолда аввалги ишига тикланган бўлса, унга тўланган ишсизлик нафақаси ушбу шахс томонидан тўлиқ миқдорда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ихтиёрий равишда қайтарилади. Ушбу шахс олинган ишсизлик нафақасини ихтиёрий равишда қайтаришни рад этган тақдирда тўланган ишсизлик нафақаларининг бутун суммаси ушбу шахсдан суд тартибида ундирилади.