6.3. Нархларни шакллантиришдаги инновациялар
Нархларни шакллантиришдаги инновациялар – ташкилотнинг маҳсулотлар ва хизматлар билан савдо қилиши учун янги нарх стратегияларидан фойдаланишини билдиради. Маркетинг воситаларидаги мавсумий, доимий ёки бошқа жорий ўзгаришлар, агар улар янгилик олиб келмасалар, маркетинг инновациялари ҳисобланмайди. Маҳсулотлар бўйича инновациялар билан маркетинг инновацияларини бир-биридан фарқловчи асосий мезон – бу маҳсулотнинг функцияларида ёки ундан фойдаланиш усулларида жиддий ўзгаришлар мавжудлигидир. “Агар маҳсулот ва хизматларнинг функционал ёки фойдаланиш хусусиятлари мавжуд маҳсулот ва хизматларникидан анча яхшиланган бўлса, бу маҳсулотлар бўйича инновациялар ҳисобланади. Маҳсулот дизайнидаги ўзгаришлар эса, агар унинг функционал ёки истеъмол хусусиятлари сезиларли даражада ўзгармаган бўлса, бу маркетинг инновациялари ҳисобланади”1.
Жараёнлар бўйича ва маркетинг инновациялари ўртасидаги фарқ қуйидагича намоён бўлади. Жараёнлар бўйича инновациялар маҳсулот бирликларига харажатларни камайтириш ёки сифатини оширишга йўналтирилган ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни етказиб бериш усулларини такомиллаштириш билан боғлиқдир. Маркетинг инновациялари эса сотиш ҳажмини ёки маҳсулотлар нархини (янги нарх стратегияларини қўллаган ҳолда) оширишга йўналтирилган бўлади.
6.4. Ташкилий ва бизнесни юритишдаги инновациялар
Ташкилий инновациялар – бу бизнесни юритишда, иш ўринларини ёки ташқи алоқаларни ташкил этишда янги услубларни ишлаб чиқишдир. Бундай инновациялар бошқарув ва трансакцион харажатларни қисқартириш, ташкилот томонидан ишчиларнинг иш ўринлари (иш вақтлари) билан таъминланганлик даражасини ошириш, меҳнат самарадорлигини ошириш, бозорда мавжуд бўлмаган активларга йўл топиш ёки етказиб бериш нархини камайтириш йўли билан ташкилот фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган бўлади. Ташкилот бундай ташкилий инновацияларни биринчи бўлиб жорий этган бўлиши муҳим эмас.
“Умуман олганда инновацияларни турларга ажратганда турли олимларни ёндашуви хилма хилдир. Масалан, Вальрас ва Бомол (2000) инновацияларни турларга ажратишда микроиқтисодий томондан ёндашиб, ҳар бир турдаги инновацияни модель кўринишидаги ҳисоб китобини олиб боришган. Уларга кўра, инновацияларнинг маҳсулот турини кенгайтиришдаги аҳамияти асосий эътибор маркази бўлган. Ромернинг фикрича эса инновацияларни турларга ажратишда бизнесга кириб келиш имкониятини бера олиш ва ИИР харажатларини ҳеч қийинчиликсиз қоплай олиш асосий меъзон сифатида келтирилган”1.
Бизнесни юритишдаги инновациялар тадбиркорлик фаолиятининг янги ташкилий усулларини ишлаб чиқишни билдиради. Масалан, улар қуйидагиларни ўз ичига олади: билимларни бошқаришнинг корпоратив усулларини жорий этиш; ходимларнинг савиясини оширишга ва кўчиб юришини камайтиришга мўлжалланган ўқитиш тизимини йўлга қўйиш; ишлаб чиқариш ва етказиб беришни тўлиқ бошқариш, жумладан етказиб бериш занжирини, ишлаб чиқаришни оқилона ташкил қилишни, шунингдек сифатни бошқариш тизимини жорий этиш.
Иш ўринларини ташкил этиш бўйича инновациялар – бу ташкилотнинг алоҳида фаолият тури доирасида ёки турли фаолиятлари (таркибий бўлинмалари) ўртасида ишларнинг бажарилиши бўйича ходимлар орасида жавобгарлик ва ваколатларни тақсимлашнинг янги усулларини йўлга қўйишдир. Шунингдек, фаолиятни структуризация қилиш, яъни фаолиятнинг турли йўналишларини интеграциялаштириш бўйича янги концепцияларини жорий этишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |