Чеклилик ва чексизликнинг зиддияти. Чеклилик, унинг зидди бўлган чексизлик сингари, умумийлик ва зарурлик мақомига эга бўлган умумий ва универсал тушунчалар – фалсафий категориялар сифатида тушунилади.
Чеклилик – нарсалар, жараён ва ҳодисаларнинг муайянлилигини ва объектнинг мавжудлик чегарасини қайд этувчи тавсифни ифодалаш учун мўлжалланган фалсафий категория. Чеклилик чегараси объект интиҳосини бошқа объектдан ажратиб туради ва уларни бир-бирига боғлайди. Г.Гегель чексизлик ҳар нарса ўз чегарасига эга эканлиги, бу ерда у барҳам топиши, йўқликка айланишини таъкидлаган4. Умуман олганда, барча туғилган нарсаларнинг муқаррар ўлими ҳақида фикр юритмаган бирорта ҳам атоқли файласуф йўқ.
Инсон борлиғи чеклилигининг «кашф» этилиши нафақат мавжудликнинг қатъий чегараларини, балки чексизликни - бир-бирини алмаштирувчи авлодларнинг ҳамиша бир хил сафини ҳам кўрсатди. Кундалик ҳаётда биз нарсаларни фарқлаш ва уларнинг ҳолатлари вақтда ўзгаришини кузатиш, масалан, кунни тундан фарқлаш, Эшматни Тошмат билан адаштирмаслик имконини берувчи муайян чегараларни кўп қайд этамиз. Шундай қилиб, муайянлик ва чегара чеклиликнинг асосий, энг муҳим жиҳатлари ҳисобланади.
Фалсафада макон-миқдор чегаралари (масалан, давлатнинг ҳудудий чегаралари) ва сифат чегаралари (ёш даврлари) фарқланади. Аммо чегара нафақат ажратади, балки бирлаштиради, алоқа қилиш, чегара орқали ўтиш имконини беради. Бу қарама-қаршиликни ифодалаш учун Ф.Гегель И.Кант ўзгачароқ маънода ишлатган «борлиқ ўзида» ва «ўзга учун борлиқ» тушунчаларини муомалада қўллаган.
Чеклиликни қотиб қолган, ҳаракатсиз нарса деб тушунмаслик керак. Чеклиликнинг моҳияти шундан иборатки, у ўзини ўзи инкор этади, интиҳо сари ҳаракатланади. Шу сабабли чеклилик ҳаракатдан ташқарида эмас, балки фақат ҳаракатда тушунилиши мумкин.
Чексизлик чеклиликнинг инкори ҳисобланади. Фалсафа ва фанга чексизлик билан бирга «зиддият» тушунчаси ҳам кириб келган. Классик юнон тафаккурида чексизлик салбий тушунча сифатида амал қилади: чексизлик чегара ва шаклдан маҳрум, у белгиланмаган, бинобарин, инсон ақли уни тушуниб етишга қодир эмас. Чексизликни англаб етишга уриниш ўз йўлида муқаррар тарзда апориялар, антиномиялар, парадоксларга дуч келган. Фанда Horror infiniti – «чексизлик даҳшати» деган ибора ҳам мавжуд бўлган. Онг чексизликни идрок этишга ҳам, тасаввур қилишга ҳам қодир эмас, у бу борада доимо иккиланади. Инсон кўпроқ чеклилик билан иш кўради, уни тез англайди, бирон-бир чегара излайди. Чексизлик – амалдаги қонунларга бўйсунмайдиган, уларни аксиома тарзида қўллаб бўлмайдиган, қисм бутунга тенг бўлиб қолувчи борлиқдир.
Зенон апорияларининг бош моҳиятини ҳам чеклилик ва чексизлик ўртасидаги зиддият ташкил этади. Масалан, «Дихотомия» апориясида тўғри йўл назарда тутилади. Бу йўлдан ўтиш учун унинг ярмини, сўнгра ярмининг ярмини, кейин бу яримнинг яна ярмини босиб ўтиш керак бўлади. Хуллас, йўл чексиз миқдордаги ярим бўлакларга бўлиниб кетади. Мазкур ёндашувдан келиб чиқилса, бу йўлдан нафақат ўтиш, балки ҳаракатни бошлаш ҳам мумкин эмас. Йўлдан ўтишда энг олдин босиб ўтиш лозим бўлган масофанинг дастлабки «ярмининг ярмини» қандай топиш мумкин? Бу эмпирик далил каби бутун чексизликни қамраб олувчи шак-шубҳасиз ҳаракатни назарий тавсифлаш қийинчиликлар туғдиради.
Чеклилик интиҳонинг дастлабки нуқтаси сифатида амал қилса, чексизликнинг асосий хоссаси сифатида кўпинча «чекланмаганлик» тушунчаси қабул қилинади. Чексизлик ғояси инсон тафаккурида бирон-бир объект ёки жараёнда чегараларнинг йўқлиги ҳақидаги интуитив тасаввур сифатида мавжуд бўлади. Шундай қилиб, чексизлик айрим чекланмаган жараён ёки кетма-кетлик кўринишида тасаввур қилинади
Do'stlaringiz bilan baham: |