Дунёнинг бирлиги ва ранг-баранглиги. -Дунё чексиз яхлитлик сифатида ўзгармас ва айни вақтда ўзининг айрим қисмлари ва кўринишларида ўзгарувчан бўлиб, ўзини муттасил шаклланиш ва ўзгариш жараёнларида намоён этади. У нафақат шаклланиш ва ўз тузилмасини мураккаблаштириш йўлида, балки аксинча – бузилиш ва таназзул йўлида ҳам ҳаракатланади ва ривожланадики, бу унинг сифат ва миқдор кўрсаткичлари муттасил ўзгаришида акс этади.
Шундай қилиб, дунё, бир томондан, ўз ранг-баранглигида бир жинсли эмас, бошқа томондан эса, ўзининг барча таркибий қисмларининг узвий бирлигини ташкил этиб, муайян универсал яхлитлик ҳисобланади.
Бироқ, дунёнинг бирлиги масаласи аниқ-равшан эмас. Синчиклаб ўрганиш жараёнида у кўп сонли бошқа жавобсиз саволларни, балки умуман ечимсиз муаммоларни юзага келтиради. Дунё бирми, агар бир бўлса, унинг бирлиги нимадан иборат, деган масала атрофидаги қизғин фалсафий мунозаралар ва жиддий ихтилофлар айни шу ҳол билан изоҳланади.
Дунё бирлигининг фундаментал асослари. Кўрсатилган муаммонинг ечими у ёки бу файласуф дунёқараши, унинг мазкур дунёқарашга асосланган позициясига бевосита боғлиқ. Руҳ (Худо, ўлмас ғоялар, онг ва ш.к.) моддий ва кўламли табиатдан ташқаридаги асос деб ҳисоблайдиган файласуфлар дунёнинг бирлиги муаммосига боқий, яратилмаган ва турли атрибутларга эга бўлган материяни бутун борлиқнинг асоси сифатида эътироф этадиган файласуфларга қараганда бутунлай бошқача ёндашадилар.
Биринчи ҳолда идеалистлар тўғрисида сўз юритилади. Уларнинг қаршисида бутун дунё икки кўринишда намоён бўлади: биринчиси – идеал (чин) дунё, иккинчиси – моддий, ашёвий (ўткинчи) дунё. Бу ерда дунёнинг бирлигини тасдиқловчи нуқтаи назарлар ҳам, мазкур бирликни рад этувчи нуқтаи назарлар ҳам бўлиши мумкин.
Бундай қарашларга зид ўлароқ, материяни бирдан-бир субстанция сифатида эътироф этувчи материалистик монизм тарафдорлари дунёнинг бирлигини унинг ўзидан келиб чиқиб тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Бунда улар дунёга ўзига тўқ, ўз борлиғини сақлаш учун ҳеч ким ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган, борлиқнинг бутун ранг-баранглигини ўзидан яратувчи деб қарайдилар. Айни ҳолда ечишга тўғри келадиган энг оғир вазифа бугунги кунда (балки умуман) ўрганилган микродунё ва англаб етилган Коинотнинг муттасил сурилиб бораётган чегаралари ортига назар ташлаш имкониятига эга бўлмаган ҳолда дунёнинг чексизлиги (ёки чеклилиги)га шак-шубҳасиз далиллар келтиришдан иборатдир.
Мазкур ёндашувнинг ҳеч нарсага ишонмайдиган тарафдорлари бу ва бошқа шунга ўхшаш саволларга ўз жавобларида фақат оқилона асослаш ва унга мувофиқ бўлган тажрибани далил сифатида тан оладилар ва бунда умуминсоний амалиётга ва табиати ўта оқилона хусусиятга эга бўлган фанга таянадилар. Фан фалсафадан ижтимоий онгнинг алоҳида шакли сифатида узил-кесил ажралиб чиқиб, инсон фаолиятининг мустақил жабҳасига айланган. XVIII асрдан бошлаб унинг ёрдамида дунёнинг бирлигини илоҳий кучларга мурожаат этмай янада ишончлироқ далиллар билан ҳимоя қилиш имконияти пайдо бўлди. Хусусан, сайёралар дастлабки «туманлик»дан табиий келиб чиққанини тушунтирувчи Кант – Лаплас назарияси Қуёш системаси космик жисмларининг бирлиги тўғрисида сўз юритишга асос бўлди; энергиянинг сақланиш ва ўзгариш қонуни табиатда амал қилувчи барча кучлар универсал ҳаракат намоён бўлишининг турли шакллари эканлигини намойиш этди; жонли организмлар ҳужайрали тузилишга эга эканлиги ҳақидаги назария бутун тирикликни структуравий бирлаштириш имконини беради; Д.И.Менделеевнинг даврий қонуни барча кимёвий элементларни бирлаштирди, Ч.Дарвиннинг ҳайвон ва ўсимлик турларининг келиб чиқиши ҳақидаги назарияси эса нафақат бутун тирикликнинг бирлигини тушунтириб берди, балки идеал онг табиатини жонли модда билан узвий боғлиқ деб тушуниш учун имконият яратди. Мазкур назария айрим нарсаларни ўрганишдан жараёнлар ва ҳолатларни ўрганишга, табиатни қисмларга ажратишдан уни ягона системага бирлаштиришга ўтиш билан тавсифланадики, бу кейинчалик инсон ва унинг онги генезисини яхшироқ тушуниш, уларнинг дунёдаги ҳақиқий ўрнини белгилаш ва пировард натижада инсон ва табиатнинг бирлигини кўрсатиш имконини берди.
ХХ асрда нисбийлик назарияси ва квант механикасининг яратилиши дунё ягона ва ҳамма нарса бир-бири билан ўзаро боғлиқ эканлиги ҳақидаги тасаввурларни сезиларли даражада кенгайтирди ва мустаҳкамлади. ХХ асрнинг иккинчи ярмида қудратли телескоплар ва тезлатгичлар пайдо бўлиши билан ҳозирги замон фани макро- ва микродунёларни ўрганишда янада кўпроқ олға силжиди. У коинот кенгликларига кириб, дунёнинг фундаментал асослари ҳақидаги тасаввурларимизни бойитди. Ҳозирги замон фани майдон ва модданинг, корпускуляр ва тўлқинли моддий объектларнинг бирлигини исботлаб берди, материя, ҳаракат, макон ва вақтнинг узвий бирлигини асослади.
Дунёнинг бирлиги ғояси табиий-илмий далиллардан ташқари тарихий асослашни ҳам тақозо этади. Бундай асослашни фалсафасиз амалга ошириш мумкин эмас, чунки у бутун дунёга яхлит система сифатида ёндашиб, ранг-барангликда бирликни ва бирликда ранг-барангликни кўради.
Do'stlaringiz bilan baham: |