Чорвака – локаята тарафдорлари материалистик таълимотни илгари сурганлари учун “Веда” нинг муқаддаслигини тан олишмайди. Улар олам илоҳий куч томонидан яратилмаган, “Веда” ҳақиқий билим бермайди, деб таъкидлашади.
Қадимги Ҳиндистоннинг моддиюнча фалсафий мактаблари орасида энг машҳури локаята («бу дунёга йўналиш») таълимотидир. Локаятлар ёки чорвоқлар мактабининг асосчиси қадимги дунё донишманд Брихаспатидир. Локаятлар таълимотига кўра, инсон тўрт моддий унсур – тупроқ, сув, олов ва ҳаводан ташкил топгандир. Улар бир-бири билан қўшилиб бадан, ҳис-туйғу аъзоларини шакллантиради ва улар асосида руҳий ибтидо келиб чиқади. Инсонда унинг ўлимидан кейин қоладиган ҳеч нарса йўқлиги туфайли локаята таълимотидагилар воқей ҳаётдан фойдаланиб қолиш зарурияти ҳақида гапирадилар. Улар ҳаёт нима келтирса, ҳаммасини қабул килишга чақирадилар. Улар фикрича, шу нарсани тушуниб етмоқ керакки, ҳаётнинг ёқимли томонлари, ёмон ва азоб-уқубатли жиҳатларига мувозанатда бўлиши мумкин. Аммо бундан локаятларни бир томонлама ҳузур-ҳаловат ва лаззатга интилган эканларда, деб ҳисобламаслик керак. Локаята мухлислари мантиқий усуллар ёрдамида анъанавий таълимотларни шубҳа остига олдилар. Масалан, шундай савол қўйилди: нега ўлган одамларнинг руҳи, тирик одамларни ёмон ҳатти-ҳаракатларининг оқибатидан огоҳлантирмайди? Локаята эътиқодидагилар табақаларга бўлинганлик (каста) тизимини, коҳинларнинг урф-одатларини ва муқаддас китобларнинг нуфузини танқид қилдилар. Шу нарса ҳам маълумки, локаята мактабига мансуб шахсларнинг табиатшунослик фанларини ривожлантиришда хизматлари бор.
Конфуцийнинг фалсафий таълимоти.
14-ЖАВОБ: Конфуцийчилик ахлоқий қоидалар ва ижтимоий бошқарув масалаларига диққат-эътиборни қаратди. Конфуцийчилик учун энг мукаммал намуна ўтмиш эди. Конфуций (эр.ол. 551-449 йй.) ўзи ҳақида шундай деган эди: «Эскини баён қиламан ва янгини яратмайман». Канфуций фикрича, оламни осмон бошқаради. Осмон иродаси-тақдирдир. Биз яшаб турган олам, ундаги тартиб осмон ҳукмдори томонидан юборилган. Жамият ҳаётидаги тартибга қаттиқ амал қилиш талаб этилади. Тартиб, Конфуций фикрича, илоҳий мазмунга эга ва унинг моҳиятини “Ли” тушунчаси белгилайди. Жамиятдаги ҳар бир ҳаракатлар унга биноан амалга ошиши лозим. Тартиб – инсоният жамоасининг энг олий, ҳаётий қадриятлардан биридир.
У ва унинг издошлари жамиятнинг парчаланиб кетишидан безовта бўлганликлари сабабли асосий эътиборни инсонни ўз атрофдагиларга ва жамиятга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратдилар. “Шахс ўзи учун эмас, балки жамият учун шахсдир”. Конфуцийчилик ахлоқи инсонни унинг ижтимоий вазифаси билан боғлиқ равишда тушунади, таълим ва тарбияни эса, инсонни ана шу вазифасини бажаришга олиб келадиган нарса сифатида идрок қилади.
Конфуцийчилик Шарқ халқлари онгида шундай ахлоқий меъёрларни шакллантирдики, ўзининг омма онгига таъсир кучи жиҳатидан уни Инжилдаги 10 диний буйруқ билангина солиштириш мумкин. Бу аввало беш муқимлик ёки беш фазилат - инсонпарварлик, бурчга содиқлик, тавфиқлилик, ақлга мувофиқлик, хақиқатгўйликдир. Шунингдек, конфуцийчилик беш алоқа қоидасини, яъни жамиятдаги муносабатлар тизимини ҳам ишлаб чиқди - булар давлат билан фуқаролар ўртасидаги, ота-оналар билан болалар, эр ва хотин, катталар билан кичиклар ва дўстлар ўртасидаги муносабатлардир. Хўжайинга содиқлик ва вафодорлик энг муҳим ва устун саналар эди. Конфуцийчиликнинг асосий ахлоқий-сиёсий қоидалари қуйидагилардан иборат эди:
«Халқни шафқат билан бошқариш ва халқ ичига хулқ-атвор қоидалари ёрдамида тартибни жорий қилиш»;
«Осмон иродасидан қўрқиш» ва «ўлганлар руҳини ҳурмат билан ёдга олиш»;
«Туғма билимларга эга бўлганлар» (мукаммал донишмандлар) ва «ўқиш-ўрганиш натижасида билимга эга бўлганлар» мавжудлигини тан олиш, яъни ўқиш-ўрганиш туфайли билимларни касб этиш имконияти борлиги ва таълим-тарбиянинг буюк ролини қайд этиш;
«Олтин ўртамиёналик йўли», «икки қарама-қарши қиррани қўлда ушлаб, аммо халқ учун ўртачасидан фойдаланиш»1 қоидасини қўллаш, яъни қарама-қаршиликларни юмшатиш ва муросасозлик назариясига риоя этиш.
Конфуций томонидан биринчи марта «олтин қоида» деб ном олган ва кейинчалик кўпчилик мутафаккирлар томонидан қолипга солинган, - «ўзингга раво кўрмаган нарсани, бошқа одамларга ҳам раво кўрма»2 қоидаси шакллантирилди. Конфуцийчиликнинг яна бир муҳим жиҳати «исмларни тузатиш» талаби эдики, унга биноан агар жамиятда «ҳукмдор ҳукмдор бўлмаса, хизматкор хизматкорлик қилмаса, ўғил ўғиллигини қилмаса», яъни шундай вазият вужудга келсаки, у «беш алоқа» талаб этган таълимот ташқарисига чиқса, воқейликни тузатиш, жумладан, куч ишлатиб бўлса ҳам тартибни жорий этиш заруриятини тан олиш лозим. Шундагина жамиятдаги табақалар ўртасидаги муносабатларни қатъий равишда тиклаш мумкин бўлади.
Эрамиздан олдинги 200-йил билан эрамизнинг 220 йилигача бўлган даврда конфуцийчилик дин сифатида ҳам шаклланди. Ўзининг мазмунига кўра, конфуцийчилик диний маросими Қадимги Хитойда ташкил топган оилавий-уруғчилик урф-одатларини қонунийлаштириб, қадимги қонун ва кўрсатмаларга қатъиян риоя этиш талаби билан чиқди. Улардан энг муҳими аждодларга сиғиниш эди. Конфуцийчиликнинг диний эътиқодига кўра, аждодлар руҳини ҳурматлаш ва ўғиллик эҳтироми («сяо») инсоннинг бош мажбуриятидир.
Анъанавий конфуцийчиликнинг асосий тушунчалари қуйидагилар: «Ли» - урф-одат ва маросимларга риоя этиш, удум; «Ци» - ахлоқий меъёрларни амалга ошириш; «Инь»- ижобий ибтидо, «Ян» -салбий ибтидо, «Дао» -осмон, коинот йўли бўлиб, муайян тартиб ва қонунга биноан мавжуд, унинг ифодаси эса инсоннинг хулқ-атвори бўлиши лозим, «Чжен»- инсонпарварлик, «И» - бурч, «Син» -самимийлик ва баъзи бошқалар.
Даосизм ва унинг фалсафий таълимоти.
15-ЖАВОБ: Конфуцийчилик фалсафий оқими билан бошқа бир фалсафий оқим – Даосизм рақобат қилган. Даосизм асос эътибори билан милоддан аввалги VI асрда вужудга келди. Бу фалсафий оқимнинг ғоялари «Дао дэ цзин» китобида эътироф этилади. Бу оқимнинг асосчиси бўлган Лао – Цзи ( милоддан аввалги 604 й.т)нинг хизматлари жуда улуғдир. Бу мутафаккир ва унинг шогирдлари таъкидлайдилар-ки, туман ёки газсимон ҳолатдаги бошлангич материя- Ци умумий қонун – Дао билан биргаликда дунёнинг асосини ташкил этади.
Ци туфайли 5 та моддий элемент – ўт, сув, тупрок, ёғоч ва темир элементлари ва улар асосида эса турли шаклдаги моддий нарсалар келиб чиқади. Бу моддий нарсалар ва ҳодисалар эса Дао орқали бошқарилади. Дао – абадий ва мутлоқдир. У олам ҳаракатини, ҳаёт жараёнларини бошқаради. Даонинг моҳияти эса Ян (яхши, ёруғ) ва Ин (ёмон, қоронғу) сингари қарама - қарши кучлар ўртасидаги курашдан иборатдир. Дунёдаги барча ўзгаришлар жараёнлар ҳаракатлар ва уларнинг кўринишлари ана ўша моҳиятдан келиб чиқади. Кўриниб турибдики, қарама-қаршиликлар бирлиги ва уларнинг курашини таъкидлаш Даочилар таълимотидаги диалектиканинг (албатта стихияли), намоён бўлишидир. Бироқ бу диалектика табиийки, ноизчил чегараланган диалектика эдики, бунда ривожланиш бир доира ичида айланиш маъносида тушунилар эди.
Даосизмнинг диққат марказида табиат, коинот ва инсон туради. Аммо бу ибтидолар мантиқий - ақлий йўл билан эмас, балки мавжудлик табиатига тўғридан-тўғри кириб бориш ёрдамида билиб олинади. Дунё ҳеч қандай сабабларсиз доимий ҳаракат ва ўзгаришда бўлиб, ривожланади, яшайди ва сиртқи таъсир натижасида эмас, балки ички сабаб натижасида вужудга келган. Борлиқ ҳақидаги таълимотда йўл тушунчаси – дао - марказий мақомдадир. Даосизм ақидасига кўра, тафаккурнинг мақсади, инсонни табиат билан «қўшилиб кетиши» дадир, негаки, у унинг таркибий қисмидир.
Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги фалсафий қарашлар.
16-ЖАВОБ:
Зардуштийлик ва «Авесто» да акс этган фалсафий ғоялар.
17-ЖАВОБ:
Моний таълимоти ва унинг моҳияти.
18-ЖАВОБ:
Маздак таълимотида ижтимоий ҳаёт масалалари.
19-ЖАВОБ:
Ислом дини ва фалсафаси.
20-ЖАВОБ:
Шарқ мутафаккирларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлокий таълимотлари.
21-ЖАВОБ:
Абу Наср Фаробийнинг фалсафий қарашлари.
22-ЖАВОБ: Ўзининг энциклопедик (ҳамма томонлама) билимлари шарофати билан «Шарқ Арастуси» ва «Иккинчи муаллим» (Арастудан кейин) унвонларига сазовор бўлган Абу Наср ибн Муҳаммад Форобий (873-950) буюк файласуф эди. Форобий 873 йилда Фороб шаҳрида (Арис дарёсининг Сирдарёга қуйиладиган жойи) туғилди. Фанларни ўзлаштира бориб, Форобий Шошда (Тошкент), Самарқанд, Бухоро, Бағдодда бўлди, Эронга сафар қилди. Ўз ҳаётининг охирги йилларини Форобий Ҳалаб ва Дамашқда ўтказди ва ўша ерда 950 йили вафот этди. Унинг 160 жилддан кўпроқ асарларининг барчасини икки гуруҳга бўлиш мумкин: қадимги юнон олимлари рисолаларига шарҳ шаклида ёзилган асарлар, ва асл нусхадаги тадқиқотлар.
Форобий фикрича, ягона борлиқ олти босқичдан иборат бўлиб, улар айни бир вақтда барча мавжуд нарсаларнинг ибтидоси сифатида бир-бирлари билан сабабий боғланишдадирлар. Биринчи босқич – биринчи сабаб (Худо); иккинчиси – самовий жисмлар борлиғи; учинчиси – фаол ақл, тўртинчиси – руҳ; бешинчиси – шакл; олтинчиси – модда. Шундай қилиб, худо ва модда, ягона бир бутунни ташкил этиб, бир қатор босқичлар орқали бир-бирлари билан сабабий боғланишдадирлар. Ўзларининг сабабий боғланишлари туфайли ушбу ибтидолар икки кўринишга ажратиладилар: «вожибул вужуд» - шундай нарсаки, мавжудлиги ўзидан келиб чиқади; «мумкинул вужуд» - шундай нарсаки, унинг мавжудлиги бошқа нарсадан келиб чиқади. «Мумкинул вужуд» ўзининг бор бўлиши учун сабабга эҳтиёж сезади, ва қачонки у пайдо бўлса, бошқа нарса туфайли, «вожибул вужуд» га айланади.
Биринчи сабаб (вожибул вужуд) абадийлик хусусиятига эга бўлганлигидан, модда ҳам, унинг оқибати сифатида абадийликка дахлдор бўлади. Ердаги ва осмондаги доираларнинг барчаси жисмийлик (моддийлик) хусусиятига эгадирлар. Барча нарсалар олти кўринишга бўлинадилар: самовий жисмлар, ақлли ҳайвон (инсон), ақлга эга бўлмаган ҳайвонлар, ўсимликлар, минераллар, тўрт унсур-олов, ҳаво, тупроқ ва сув. Охиргилари моддийликнинг асоси бўлиб, модданинг энг оддий кўринишини ифодалайдилар. Қолган беш турдагиси мураккаб бўлиб, ушбу бирламчи унсурларнинг турли даражадаги қўшилишлари натижасида пайдо бўладилар. Форобий фикрича, «барча ашёлларнинг умумий тури дунё» бўлиб, оддий жисмлардан ташкил топган ва «дунёдан ташқарида ҳеч нарса йўқ»2.
Ҳар қандай жисм, аввало имкониятда мавжуд бўлади ва ундан кейингина воқейликка айланади. Имкониятдан воқейликка ўтиш модданинг муайян шакл билан қўшилиши натижасида содир бўлади. Форобийнинг қарама-қаршиликлар ва уларнинг қарама-қарши шаклларининг бир-бирлари билан тўқнашиши ҳақидаги фикрлари, табиатдаги ўзгаришларни тушуниш манбаи сифатидаги уринишга қаратилган бўлганлигидан, жуда ҳам қимматлидир.
Билимни Форобий амалий (касб-ҳунар) ва назарий (фан)га бўлади. Назарий билимлар доирасида бош ўринни фалсафа эгаллайдики, Форобий уни борлиқнинг умумий хусусиятлари ва қонунлари ҳақидаги фан деб ифодалайди ва унинг муайян фанларга бўлган нисбатини умумнинг хусусийга бўлган муносабати сифатида белгилайди. Форобий тизимида фалсафа ҳақидаги «фанлар фани» деган қоида ўз ифодасини топган. Форобий ўрта асрлар даврида биринчи бўлиб фанлар таснифини вужудга келтирдики, у ўша вақтдаги илмий билимларнинг энциклопедияси ҳисобланар эди. Барча фанларни Форобий беш гуруҳга бўлади:
Етти бўлимдан иборат тил ҳақидаги фан.
Мантиқ.
Етти мустақил фанга бўлинадиган риёзиёт, яъни арифметика, геометрия, оптика, юлдузлар ҳақидаги фан, мусиқа ҳақидаги фан, оғирликлар ҳақидаги фан ва механика.
Табиий ва илоҳий фанлар, ёки метафизика.
Шаҳарни бошқариш ҳақидаги фан (ёки сиёсий фан), ҳуқукшунослик ва калом.
Форобийнинг фанлар таснифи Шарқда ҳам, Европада ҳам, келгусидаги фанлар таснифига кучли таъсир ўтказиб, улар тараққиётида катта ўрин тутди.
Табиат қабул қилувчидан (субъект) олдин келади, «ҳис-туйғу орқали қабул қилинадиган нарса, уни идрок қилишдан олдин келганидек, билиб олинадиган нарса, унга тааллуқли билимдан олдин мавжуд бўлади»3. Форобий табиатни билиш жараёнининг чексизлигини қайд этиб, уни билмасликдан билиш томон кўтарилиши, оқибатдан сабабга, ҳодисадан моҳиятга, ораздан (акциденция) жавҳар (субстанция) томон боради, деб ҳисоблайди. Форобий билишнинг икки босқичини – ҳиссий ва фикрийни бир-биридан фарқлаб кўрсатади. Ҳиссий билимнинг ўрнига тўхталиб, Форобий инсонни ташқи дунё билан боғлайдиган беш хил сезгининг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратади. Форобий сезгининг ҳар бир турини уни муайян ҳис қилувчи бадан аъзоси билан боғлиқ равишда кўриб чиқади. Форобий фикрича, ҳар қандай сезги баданнинг ҳис қилувчи аъзоларига ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган (объектив) ҳолда мавжуд бўлган нарсаларнинг муайян хусусиятларининг ташқи жисмоний таъсири натижасидир. Форобий хотира, тасаввур ва хаёлга ҳис қилиш ва фикрлаш орасидаги ўрталик жойни ажратиб, уларни билишнинг ҳиссий босқичлари билан боғлайди. Унинг фикрича, уларнинг жисмоний аъзолари миянинг олдинги қисмида жойлашган. Аммо инсон учун хос хусусият айрим олинган алоҳида ҳайвонларда ҳам учрайдиган сезги ва зеҳн эмас, балки ақлдир. Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, «инсон ақл ва сезгилар орқали билим касб этади»4. «Ақлий куч» ташқи буюмларнинг фикрий қиёфасини беради. Ҳис-туйғудан фарқли ўлароқ, тафаккур ашёларни фикрлаш жараёнида билиб боради, яъни нарсаларнинг ҳиссий сифатларидан чалғиб, ундаги энг умумий ва моҳият жиҳатдан муҳимларини топиб боради. Бундан ташқари, ақлга, ҳис-туйғудан фарқли ўлароқ, тушуниш хосдир5. Мавҳум илмий тушунчалар, жумладан, риёзиётга доирлари ҳам, қанчалик ташқи дунёдан ажралган бўлиб кўринишларидан қатъий назар, муайян мавжуд бўлган жисмларнинг хусусиятларини акс эттирадилар. Билимнинг икки шаклининг усул ва хусусияти – ҳиссий ва ақлий – уларни икки хилда баён қилишни белгилайди: сезиш сифатларидан фикрий моҳиятларга, яъни муайянликдан мажҳулликка ва жисмларнинг фикрий томонларидан уларнинг ҳиссий сифатларига, яъни мажҳулликдан муайянликка.
Форобий ақлий билишда бир қатор босқичларни фарқлайдики, бу нарса унинг билинаётган нарсаларнинг моҳиятига чуқур кириб борганлигидан гувоҳлик беради. Бу – муайян нарсадан четлашиб, ундаги умумий нарсани ажратиб олиш, сўнгра эса ана шу умумий нарса ёрдамида – муайян нарсанинг моҳиятига чуқурроқ кириб боришида намоён бўлади. Охир оқибатда ақл, барча ердаги моддий нарсаларни билиб олгандан кейин, осмоний жисмларни билишга ўтади ва дунёвий, коинотдагилар билан қўшилиб ва қоришиб кетиб, ушбу дунёвий ақлнинг таъсирида ақлий билим амалга ошади.
Инсонни дунёни билиб олишида фаол ақл (ал-ақл ал-фаол) иштирок этади. У ҳис-туйғу маълумотларини тафаккур учун етказади. Тафаккур чуқур ва ҳар томонлама билимга олиб боради. Пировардида, у дунё тўғрисидаги барча билимлар билан бойиб, абадийликка олиб келади. Фаол ақл инсон билан биринчи сабаб ўртасида воситачи сифатида хизмат қилади. Биринчи сабаб унинг ўзига ҳам тааллуқлидир. Фаол ақл баданда жойлашган руҳ билан боғланган, ва шундай қилиб, илоҳий ҳаётнинг хусусияти инсонга ўтадики, унинг билимлари ақлий куч тимсолида абадийликка қадам қўяди.
Форобий мантиқий тизим куллиётнинг асосчиси бўлиб, у туфайли алоҳида унвон бўлган «ал-Мантиқий» лақабини олган. У Арастунинг мантик соҳасидаги барча асарларига шарҳлар ёзган. Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам мантиқ бўйича кўплаб асарларнинг муаллифидир. «Мантиқ, - деб ёзади Форобий, - қачонки фалсафанинг у ёки бу қисмларида қўлланилса, моҳият жиҳатидан қурол бўлиб, унинг ёрдамида назарий санъат нимани қамраб олган бўлса, ўшаларнинг барчаси ҳақида ишончли билимларга эриштиради»6. Форобий мантиқий истилоҳларни (атамаларни) ишлаб чиқишга ҳам катта ҳисса қўшди. У мантик билан грамматика, мантиқий фикр ва унинг нутқий ифодаси ўртасида алоқа топишга ҳаракат қилди. Масалан, мантиқ объектини белгилаб, у қуйидагиларни кўрсатади: 1) Истеъдодга эга бўлиш ва унинг ёрдамида инсон тушунчалар орқали фикрлайди, фан ва санъатни эгаллайди; 2) инсон руҳида пайдо бўлган ва ички нутқ деб аталувчи категориялар; 3) ақлда пайдо бўлган ифода – буни ташқи нутқ деб атайдилар. Форобийнинг мантиқ билан грамматиканинг ўзаро алоқаси ҳақидаги талқини ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолган.
Форобий ўрта аср мутафаккирларидан биринчи бўлиб жамият ҳақидаги бир бутун таълимотни ишлаб чиқди. Унинг бу хизмати жаҳон илмий адабиётида ҳамма томонидан қабул қилинган. Форобий ўз асарларида сезиларли даражада бир қатор масалаларни ёритиб берган:
Ижтимоий фанларнинг мавзу ва вазифалари.
Ижтимоий бирлашмаларнинг келиб чиқиши, таркиби ва кўринишлари.
Шаҳар-давлат, унинг вазифалари ва бошқарув шакллари.
Жамиятда инсоннинг ўрни ва мажбурияти, таълим-тарбия масалалари.
Давлат уюшмасининг вазифалари ва пировард мақсади, умумий бахт-саодатга эришишнинг йўллари ва воситалари.
Ижтимоий ҳаёт ҳақидаги фанлар жумласига Форобий шаҳар-давлат ёки сиёсий фанни (ал-маданийя), ҳуқуқшунослик (фиқҳ) ва мусулмон илоҳиётини (калом) киритди. Ахлоқ ва таълим-тарбия ҳақидаги фан (педагогика) сиёсий фанларнинг бир қисмини ташкил этиб, умумий бахт-саодатга эришиш йўлларини кўрсатиб бериши лозим. Ахлоқ фани (этика) – бу жамият аъзоларининг ҳатти-ҳаракатлари ҳақидаги билим бўлса, сиёсий фан – умуман барча жамият аъзоларининг феъл-атвори ва ҳатти-ҳаракатларини бошқариш ҳақидаги билимдир. Форобий фикрича, давлатни бошқариш икки хил бўлади: давлат аҳолисини ҳақиқий ёки хаёлий бахт-саодатга етаклаб олиб борувчи. Бошқариш санъати идора қилишнинг назариясини ҳам, амалиётини ҳам назарда тутади. Уларни бирга қўшиб олиб бориш, айрим олинган ҳар бир муайян ҳолатда, давлатни тўғри бошқариш имкониятини беради.
Кишиларнинг жамиятга бирлашиши урушлар ва куч ишлатиш натижасида ҳамда одамларнинг ўз эҳтиёжларини қондиришга бўлган интилишлари туфайли келиб чиқади. У кишиларнинг мавжудлиги ва камолот топиши учун зарурдир7. Жамият турли халқлардан ташкил топади. Халқларнинг ўзига хос феъл-атворлари ва хислатларини Форобий у ёки бу халқ яшаётган жўғрофий шароит хусусиятлари билан боғлиқ равишда тушунтиради. Форобий шаҳар-давлатларни фозил ёки орзудаги ва жоҳилга бўлади. Орзудагиси – бу шундай шаҳарки, у аҳолисининг ўзаро ҳамкорлиги асосида мавжуддир. Шаҳар-давлатнинг ички ва ташқи вазифалари бор. Ташқи вазифаси – бу шаҳар мудофаасини ташкил қилиш ва уни ташқи ҳужумлардан сақлаш. Ички вазифаси – унинг аҳолисининг бахт-саодатини таъминлаш. Форобий бошқарувнинг уч шаклини кўрсатиб ўтади: якка ҳокимлик, оз сонли кишилар гуруҳининг бошқаруви, халқ томонидан сайланган энг лойиқ шахснинг ҳокимияти8. Бунда Форобий учун ҳал қилувчи нарса, бошқарув шаклларининг ўзигина эмас, балки унинг соғлом ақлга тўғри келиши ёки келмаслигидир.
Камолотнинг юқори чўққисига эришган жамиятларда касб-ҳунарни озодона танлаш имконияти бор. Бу ерда яккаҳокимлик йўқ бўлиб, ҳақиқий озодлик ва тенгҳуқуқлик ҳукмронлик қилади. Бундай шаҳарларнинг аҳолиси ўз бошлиғини сайлайди, аммо уни ҳар қачон ҳокимиятдан маҳрум қилиши ҳам мумкин. Бундай шаҳарларнинг бошлиқлари ўз фаолиятларида адолатлилик, тенг ҳуқуқлик ва умумий фаровонлик қоидасидан келиб чиқадилар9. Бошлиқ – бу ўзига хос муаллим бўлиб, ўз ўқувчиларини билим олишга ва бахт-саодатга эришиш йўлларини ўзлаштиришга ўргатади. Аммо барча талабларни бир кишида мужассамлаштириш қийин, шунинг учун гуруҳ томонидан бўладиган бошқарувни ташкил этиш мумкин. Бундай ҳолатда жамиятнинг ҳар бир аъзоси ушбу хусусиятлардан бирортасини мужассамлаштирмоғи лозим бўлади.
Давлат ва жамиятнинг пировард мақсади бўлган умумий бахт-саодатга эришиш муаммоси Форобий таълимотида муҳим ўрин тутади. Бунга йўл – илм-фан ва таълим-тарбиядир. Ҳақиқий бахт-саодатга билимларни эгаллаш йўли воситасида эришилади. Ҳақиқий бахтга шундагина эришиладики, қачонки, ҳар кандай ёмонлик бартараф қилиниб, кишининг руҳи ва ақли ўзининг моҳиятларини ва барча хайрли, эзгу ишларни билишда энг юқори савияга эришиб-абадийликка даҳлдор бўлган дунёвий ақл билан қўшилиб кетса. Инсон ўлади, аммо унинг ҳаёти давомида эришган бахти маънавий кўтаринки ҳодиса бўлиб, завол топмайди, балки ундан кейин сақланиб қолиб, инсониятга хизмат қилиши мумкин.
Форобий фалсафасининг инкор этиб бўлмайдиган жойи шундаки, у назарий фалсафани ҳақиқий ва асосий илм, деб билиб, қолган барча фанларни унга тобе бўлган иккинчи даражали соҳалар мақомига қўйди. Фалсафалар ўртасидаги умумий дунёқарашлар билан кифояланмай, дин билан фалсафани ҳам айрим бир қисмга жойлади. Унинг фикрича, фалсафадаги масалалар исботини пайғамбарлар рамзлар шаклида баён қилганлар, зеро, моҳият жиҳатидан фалсафа билан дин ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқ. Бундай қараш ўз даврида ниҳоят даражада муваффақият қозониб, исломий фалсафанинг асоси ва усулини белгилаб берувчи фикрлаш тарзига айланди.
Форобийнинг таълимоти Шарқда ва Европада ижтимоий-фалсафий фикрларнинг бундан кейинги ривожида муҳим ўрин тутди. У Басрадан чиққан фалсафий тўгарак бўлган «Ихвон ас-сафо» («Соф биродарлар») аъзолари ва Абу Сулаймон Мантиқий, Ибн Мискавейҳ, Ибн Бажжа, Ибн Туфайл, Маймонид қарашларига катта таъсир кўрсатди. Буюк олим Ибн Сино уни ўзининг устози деб ҳисоблар эди.
Абу Али ибн Сино ва Берунийларнинг фалсафий мероси.
23-ЖАВОБ: Абу Али ибн Сино (Авиценна) (980-1037) илмий- табиатшунослик ва ижтимоий-фалсафий фикрлар тараққиётига жуда катта ҳисса қўшган, Марказий Осиёнинг буюк мутафаккиридир. Тасодифий эмаски, у «Шайхур раис» - «Олимлар устози» деган юксак унвонга сазовор бўлган эди. Ибн Сино Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган. У Бухорода таълим олди, астрономия, риёзиёт, мантиқ, физика, метафизика, ҳуқуқ ва бошқа фанларни ўрганди. Ёшлик йилларидаёқ ўзининг даволаш санъати билан машҳур бўлди.
999 йилда Бухоро Қорахонийлар томонидан босиб олинган вақтда, Ибн Сино Урганчга қочди. Бу ерда Хоразмшоҳ Маъмун саройи ҳузуридаги Беруний раҳбарлик қилган Академияда Ибн Сино жуда кўп машҳур олимлар билан танишди ва ўз билимини бойитиш имкониятига эга бўлди. Хоразмни ғазнавийлар томонидан босиб олиниши хавфи остида Ибн Сино Эронга қочди. 1037 йилнинг 18 июнида Ҳамадонда сарой табиби ва вазир бўлиб ишлаётган вақтида вафот этди. Ўлими олдидан у барча мол-мулкини хизматкорлари ва камбағал кишиларга бўлиб берди.
Ибн Синонинг дунёқараши унинг замонининг маданиятини акс эттиради. Унинг дунёқараши Ҳиндистон табиатшунослиги ва Юнонистон фалсафаси таъсири остида шаклланди. Ибн Сино Буқрот (Гиппократ), Жолинус (Гален), Евклид, Архимед, Пифагор, Арасту, Порфирийларнинг асарлари билан яхши таниш эди. Ибн Синога Ар-Розий ва Форобийлар жуда катта таъсир ўтказишди.
Ибн Сино 260 номдан кўпроқ бой адабий ва илмий мерос қолдирди. Бизгача унинг 160 асари етиб келган. Улар ичида энг йириги 22 жилддан иборат «Китоб аш-шифо» («Руҳни даволаш китоби») бўлиб, ўз ичига мантиқ, физика, риёзиёт ва метафизикани қамраб олади. Унинг бошқа асарлари «Қонун фит-тиб» («Даволаш илми қонуни»), «Китоб ан-нажот» («Нажот топиш китоби»), «Донишнома» («Билимлар китоби») ва бошқалардир. Ибн Сино қаламига қуйидаги бадиий асарлар ҳам мансуб: «Рисола ат-тайр», «Соломон ва Ибсол», «Ҳай ибн Яқзон».
Ибн Сино фикрича, борлиқ вожибул вужуд (зарур бўлган вужуд), яъни биринчи сабаб, Худо, барча ашёларнинг ибтидоси ва мумкинул вужуд (бўлиши мумкин бўлган вужуд), яъни қолган барча нарсалардан иборатдир. Вожибул вужуд ўз-ўзича бор бўлиб, ягонадир. Мумкинул вужуд (мумкин бўлган вужуд) биринчи сабабдан келиб чиқиб, айни вақтда кўпликдир, яъни ўзида кўп ашёларнинг пайдо бўлиш имкониятини сиғдиради. Шундай қилиб, борлиқ бўлинмайдиган ягона ва бўлинадиган кўпликдан ташкил топгандир. Кўплик дарҳол пайдо бўлмайди, балки аста-секин, сабаб ва оқибат шаклида намоён бўлади. Ибн Сино шундай ёзади: «Вожибул вужуд шундайки, барча ўз мавжудликларини ундан оладиган нарсалар зарурий равишда мавжуддирлар, негаки, шундай бўлмаса вожибул вужудда шундай ҳолат вужудга келар эдики, у унда бўлмас эди, ва ўша вақтда у барча жиҳатлардан вожибул вужуд бўлиб қолар эди»10. Бундай таълимотни деистик йўналишдаги пантеизм сифатида баҳолаш мумкин.
Мумкинул вужуд (бўлиши мумкин бўлган вужуд) жавҳар (субстанция) ва ораздан (акунденция) ташкил топган энг умумий ва ўзини кўплаб намоён этадиган жавҳар – биринчи ибтидодаги унсурлар (олов, ҳаво, сув, тупроқ)дир. Модда, шакл, руҳ ва ақл – оддий жавҳарлардир, жисм эса – мураккаб жавҳар. Барча ашёларга хос бўлган умумий хусусият – жисмийлик бўлиб, модда ва шаклдан ташкил топади. Улар ўзаро боғлиқдир ва бири иккинчисисиз мавжуд бўлмайди. «…модда жисмий шаклга эга ва жисмий шаклсиз воқелик мавжуд бўлмайди. Бинобарин, у жисмий шакл туфайли ҳақиқий мавжуд бўлган жавҳардир. Шундай экан жисмий шакл хақиқатда жавҳардир»11. Ибн Сино дунёни ягона бирликда деб ҳисоблайди: «Бўшлик мавжуд эмас … бутун дунё ягона жисмдир».
Ибн Сино ҳаракат таҳлилига катта эътибор қаратиб, уни механик тарзда ўрин алмаштириш деб қарамайди: «Ҳаракат деб одатда шундай нарсага айтиладики, у маконда содир бўлади, аммо ҳозирги вақтда бу тушунчанинг маъноси бошқача бўлиб, маконий ҳаракатдан кўра умумийроқ бўлиб қолди». Ибн Сино таъкидлайдики: «Қандайдир ашёнинг ҳар қандай ҳолати ва ҳаракати, имкониятда шундай қандайдир ашё бўлганлиги сабабидан ҳаракат деб аталади»12.
Барча фалсафий фанларни Ибн Сино икки турга: назарий ва амалийга бўлади. Амалий фан ўз навбатида сиёсат, ҳуқуқ, уй хўжалиги ва ахлоққа бўлинади; назарий илм – метафизика (олий илм), риёзиёт (ўрта илм) ва табиат ҳақидаги илм (қуйи илм) га бўлинади. Метафизика мутлақ борлиқ ва унинг умумий ҳолатини ўрганади – энг умумий тушунчалар ҳамда илоҳиёт – Худони билишни ҳам қамраб олади. Риёзиёт (математика) миқдорий муносабатлар – андоза ва сонларни ва уларнинг турли шаҳобчалари бўлган: ҳандаса (геометрия), арифметика, астрономия, мусиқа, оптика, механика, ҳаракатдаги доиралар ҳақидаги илм, асбоблар ҳақидаги илм ва бошқаларни ўрганади.
Табиатшунослик табиатни ўрганади ва 6 бўлимдан иборатдир: бутун табиат учун умумий бўлган масалалар – модда, шакл, одатдаги ҳолат, ҳаракат ва ҳоказо; дунёни асосини ташкил этган жисмлар ҳолати – осмондаги нарсалар, унсурлар, уларнинг миқдори ва ҳоказо; табиий жараёнлар – ташкил топиш, пайдо бўлиш, йўқолиш, ўсиш, жисмнинг заволи ва ҳоказо; қўшилишидан олдинги 4 унсурнинг ҳолати, шунингдек, обу ҳаво муҳитидаги ҳодисалар – шаҳобларь(метеоритлар), ёмғир, момақалдироқ, чақмоқ, шамол, камалак ва ҳоказо; табиатшунослик жонсиз табиатни, ўсимликлар дунёси, ҳайвонлар дунёсини; инсон руҳи ва руҳий кучларининг ҳолатини ўрганади. Табиатшуносликка Ибн Сино табобат, мунажжимлик, қиёфашунослик, туш таъбири тўғрисидаги фан, тумор, афсунгарлик, алхимия ҳақидаги илмларни ҳам киритади13.
Ибн Сино фикрича, ҳиссий билиш – табиатни билишнинг бошланғич йўлидир. Ҳиссиёт ташқи ва ичкига бўлинади. Кўриш, эшитиш, таъмни сезиш, ис билиш ва пайпаслаш ташқи ҳислардир. Ички ҳислар қуйидагилар: умумий ҳис-туйғу, тахминий билиш кучи ва тасаввурий куч14. Ибн Синонинг сўзларига кўра, кўриш қабул қилинаётган буюм томон биздан чиқадиган бирон бир нарсадан боғлиқ эмас. Биз шунинг учун кўрамизки, қабул қилинаётган буюмдан нимадир биз томон келиб тушади ва модомики у буюмнинг жисми эмас экан, демак, у – унинг қиёфасидир15.
Ибн Сино янги афлотунчиларнинг руҳ қандайдир жисмий аъзога эга бўлмасдан туриб ҳам, ҳиссий ашёларни қабул қилиб олиши ҳақидаги таълимотларини асоссиз ҳисоблади. Агар ҳиссий идрок бу аъзоларсиз руҳнинг ўзида кечганда, деб ёзади мутафаккир, унда бу аъзолар беҳуда яратилган бўлиб чиқарди ва улардан ҳеч қандай фойда бўлмас эди16. Олим фикрича, жон юрак билан боғланган бўлиб, у орқали мия билан ҳам бирлашган. Юракдан чиқадиган сезги ва ҳаракатни унга узатиб борадиган аъзо, ўз ибтидосини мияда олади. Ҳиссий нервларнинг бошланғичи миядир. Нервлар ундан келиб чиқади: мия-нерв тизимининг марказидир. Шундай қилиб, ҳиссий билиш физиологик асосларга эга.
Инсон руҳи олий (мукаммал) ва фикрий (ақлий)дир. Инсоннинг ўзига хос алоҳида хусусияти, ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, - мажҳул тушунчаларни ўзлаштириш, ақл билан етиш мумкин бўлган ҳар ёклама нарсаларни билиш ва оқилона ҳатти-ҳаракатдир. Ақл – инсон руҳининг олий кучидир. Ибн Сино ақлни руҳнинг мажҳул (абстракт) фикрлаш ва умумий нарсани билишга бўлган қобилияти сифатида тушунади, идрокни эса – руҳ кучи сифатида тассавур қиладики, унинг воситасида билим ҳосил қилинади. Фаросат (вентеллект) бўлса – руҳнинг тезда номаълумдан маълум нарсага, ўрта истилоҳни сакраб, дастлабки заминдан хулосага ва баракс, ўтишга бўлган қобилиятини билдиради.
Ўзининг мантиқий назариясида Ибн Сино Арастудан илгарилаб кетади. Аммо у «Биринчи муаллим» нинг оддий тақлидчиси эмас эди. Мантиқ шундай фанки, у инсон ақлида мавжуд бўлган маънолардан касб этишни хоҳловчи маъноларга ўтиш воситаси бўлиб, бу ўтишга хос бўлган маънолар қоидаси ва тартиб ҳамда шаклларнинг кўп турларини билишдир, негаки, улар ҳам, булар ҳам, ва ҳатто уларга олиб бормайдиган кўринишдагилар ҳам тўғри хулосалар чиқаришга олиб келади»17. Мантиқ хақиқатни ёлғондан, ишончлини эҳтимол тутилгандан, билимни шубҳали фикрлардан фарқлаш учун зарур. Унинг ёрдамида биз тушунчаларни аниқлаймиз, ҳукмлар юритамиз. Шунинг учун мантиқ билим ҳақидаги фандир.
Инсон билан боғлиқ масалаларни Ибн Сино амалий фалсафага тааллуқли деб билади. Амалий фалсафа мавзуси шахс фаровонлиги бўлган ахлоқ, оила фаровонлигини ўрганадиган иқтисод, давлат равнақини ўрганадиган сиёсатга бўлинади.
Ибн Сино ўзининг ижтимоий қарашларида Форобий ғояларига қўшилган бўлиб, орзудаги фозил жамият тарафдори эдики, унинг бошида маърифатпарвар, одил подшо турар эди. Жамиятнинг барча аъзолари ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари лозим эди. Бажарадиган вазифаларига қараб уларни Ибн Сино уч гуруҳга бўлади: маъмурий хизматдагилар, ишлаб чиқарувчилар ва ҳарбийлар. Ибн Сино кишиларнинг ижтимоий ҳолатларидаги фарқларни табиий ҳисоблайди. Агар барча кишилар подшо ёки қарам бўлганларида, улар яшай олмас ва ҳалок бўлган бўлар эдилар, ва агарда ҳамма мулк ва бойлик бўйича тенг ва бир хил бўлганларида, одамларнинг бир қисми бошқаси учун ишламай қўяр ва натижада бир-бирига ёрдам кўрсатиш тўхтаган бўлар эди. Агарда барча кишилар камбағал бўлганларида, у вақтда улар ҳалок бўлган бўлур эдилар. Демак, мулкий ҳолат ва эгаллаб турган мансаб жиҳатдан мавжуд бўлган фарқ муқаррардир18.
Кишиларнинг ўзаро муносабатлари асосида қонун ётиши лозим: «Кишилар ўртасида шундай битишув зарурки, унда адолат меъёрлари белгиланган ва шу билан фарқланувчи қонун қабул қилинган бўлиши керакки, уни сўзсиз бажариш қонун чиқарувчи томонидан мажбуриятга айлантирилган бўлсин»19. Барча аъзолари учун бажарилиши шарт бўлган қонунлар бор бўлган жамиятда, адолатсизлик бўлиши мумкин эмас. Жамият аъзосининг адолатсизлигини жазолаш лозим. Агар ҳукмдорнинг ўзи адолатсиз бўлса, унга қарши қўзғолиш оқланган ва жамият томонидан қўллаб-қувватланган бўлади.
Ибн Синонинг асарлари мазмун жиҳатидан Европада ўрта асрларда, Шарқда эса ҳозиргача чуқур из қолдирди. Ибн Сино ўрта асрларда башарият эришган комил инсон намунаси эди. Биз бу ерда унинг барча фалсафий ва табиий илмлар соҳасидаги ютуғидан кўра, илоҳиёт соҳасидаги масалаларни ҳал қилишдаги маҳоратини кўзда тутаётирмиз.
Назарий ва амалий жиҳатдан Ибн Синонинг энг машҳур асари «Шифо» бўлиб, лотин схоластикасининг уламолари унинг баъзи қисмларинигина тушуниб етдилар. Бу асар уч катта қисмдан, яъни мантиқ, тиббиёт ва илоҳиётдан иборат эди. Ибн Синонинг мақсади ҳаммага манзур бўладиган «Машриқ ҳикмати» ни яратиш эди. Барча назарияларнинг асосида илм ётади. Ташқи кўринишдан умумий назария ақлдан келиб чиқади. Ақл эса илоҳий оламдан, фаришта воситасида етказилади. Бу далилга кўра, фариштани билиш жаҳонни билиш асоси ҳамда ундаги инсон ўрнини белгилаш ҳам илм вазифасига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |