فَأَمَّا ٱلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمۡ زَيۡغٞ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَٰبَهَ مِنۡهُ ٱبۡتِغَآءَ ٱلۡفِتۡنَةِ وَٱبۡتِغَآءَ تَأۡوِيلِهِۦۖ "Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар"[12]. Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетиш эса калом илмида бўлган. Шунинг учун калом илми билан шуғулланишдан сақланиш керак.
Бу далилга калом илми уламолари шундай жавоб берганлар: "Шариатда муташобиҳ оятларга эргашишдан ёки ақл етмайдиган нарсалар тўғрисида ақлий баҳс юритишдан қайтарилган. Аммо булардан бошқа эътиқодий масалалар тўғрисида муҳкам (маъноси аниқ-равшан) оятлар, саҳиҳ суннат ва очиқ-ойдин ақл тақозоси билан баҳс юритиш асло ман қилинган эмас. Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда ман қилинган тортишувлар хусуматчилар ҳақидадир. Аммо ҳақиқатни билдириб қўйиш учун илмий баҳс-мунозаралар ёмон иш бўлмайди, балки у буюрилган иш ҳисобланади:
وَجَٰدِلۡهُم بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُۚ
"Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!"[13] Шариатда ботил нарса учун тортишиш, илмсиз равишда баҳс-мунозара қилиш ман қилингандир. Аммо ҳақ йўлидаги тортишув вожиб ё мустаҳаб иш ҳисобланади. Қуръони каримда Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан узоқ баҳс-мунозара қилгани қавми тилидан шундай баён қилинган:
قَالُواْ يَٰنُوحُ قَدۡ جَٰدَلۡتَنَا فَأَكۡثَرۡتَ جِدَٰلَنَا "Улар: Эй Нуҳ, батаҳқиқ сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг"[14]. Маълумки, Нуҳ алайхиссалом қавми билан амалий масалалар тўғрисида тортишмаганлар, балки эътиқодий масалаларда тортишганлар.
Эътибор бериладиган бўлса, Қуръони каримда эътиқодий масалалар ва уларнинг далилларини батафсил баён қилиб берувчи оятлар тўладир. Шунинг учун бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади".
Калом илмига қарши чиқувчиларнинг иккинчи далиллари:
Саҳобаи киромлар энг яхши асрда яшаганлар ва динни бошқалардан кўра яхшироқ билганлар. Ушбу зотлар фиқҳий ҳукмларни таълим олганлар ва бошқаларга ҳам уларни ўргатганлар. Аммо "калом илми" билан асло машғул бўлмаганлар. Шунга кўра саҳобаи киромлар сақланган нарсадан биз ҳам сақланишимиз лозим.
Бу далилга калом илми уламолари шундай жавоб берганлар: "Ҳақиқатдан ҳам саҳобаи киромлар бу илм билан машғул бўлмаганлар. Зеро уларда бунга эҳтиёж йўқ бўлган. Чунки у зотларнинг олдиларида ақлий далилни рўкач қилиб уларнинг эътиқодига қарши чиқадиган ҳеч ким бўлмаган. Шунинг учун уларнинг ҳолати худди жанг йўқлиги сабабли қуролланиш машаққатига эҳтиёжи бўлмаган кишиларнинг ҳолатидек бўлган. Аммо биз эътиқодимизни инкор қилиб, бизга қарши чиқадиганларга рўбарў бўлдик. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга, тўғрини нотўғридан ажратишга муҳтож бўлиб қолдик".
Калом илмига қарши чиқувчиларнинг учинчи далиллари:
Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" пайдо бўлганда уни ёмон кўрганлар ва шогирдларини бу борада баҳс юритишдан қайтарганлар. Масалан, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммодни "калом" билан шуғулланишдан қайтарган. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ: "Калом билан машғул бўлган бирон кимса ҳам нажот топмаган", - деган. Шунга яқин маънодаги сўзлар Имом Молик ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳлардан ҳам ривоят қилинган.
Бу далилга калом илми уламолари шундай жавоб берганлар: Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" пайдо булган пайтда уни ёмон кўрганлари ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлари қанчалик ҳақ бўлса, ўзларининг "калом илми" бўйича машҳур асарлар таълиф этганлари ҳам шунчалик ҳақиқатдир. Шу ўринда улар қайси "калом илми"ни ёмон кўриб, ундан қайтарган, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб, уларнинг асарларига мурожаат этадиган бўлсак, улар Қуръон ва суннатга мухолиф бўлган бидъатчиларнинг сўзларини ёмон кўрганлари ва шогирдларини ҳам уларнинг сўзларини баҳс қилишдан қайтарганлари маълум бўлади. Бу ҳақиқат Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг "Фиқҳул акбар", "Фиқҳул авсат", "Васият" ҳамда Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг "Родду алал жаҳмия" каби асарларида ўз ифодасини топган. Бу асарларда Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги баён қилинган. Демак, улуғ мужтаҳид уламолар бидъатчиларнинг "калом"и дан қайтаришган, Қуръон ва суннат асосидаги "калом"ни ўрганиш зарурлигини эса ўзлари бу ҳақида асарлар ёзиб тушунтирганлар".
Ушбу баҳслардан кўриниб турибдики "калом илми" деганда иккала тараф ҳам битта нарсани назарда тутмаган. Шунга кўра табий равишда бир-бирига зид ҳукмлар айтилган. Шунинг учун ҳам баъзи ҳамаср уламолар: "Ҳозирда "ақоид илми"ни "калом илми" дейишдан кўра"фиқҳул акбар" дейиш афзалдир. Чунки бундай номда "калом илми" номидаги турли туҳмат ва танқидлар йўқдир" - деганлар.