Калом илми. Ақоид илмининг энг машҳур номларидан бўлган "Илму калом" ҳам "Фиқҳул акбар" номи билан бир асрда вужудга келган. "Шарҳу ақоид" китобини тадқиқ қилган Тоҳа Абдур Рауф Саъд унинг муқаддимасида қуйидагиларни келтиради: "Таҳонавий "Кашшофу истилаҳатил фунун" китобида ақоид илмининг илму калом деб номланишига қуйидаги сабабларни кўрсатган:
а) Ақоид илмининг бобларига аввалда "Каламу фи каза" (фалон нарса ҳақидаги гап) деб сарлавҳа кўйилган. Шу сабабли бу илмга илму калом ном бўлиб қолган.
б) Аллоҳ таолонинг каломи ҳақидаги масала ўша вақтларда ақоид илмнинг энг машҳур баҳсларидан бўлгани сабабли бу илмга калом илми деб ном қўйилган"[2].
Усулуд-дин илми. Ушбу ном ақоид илми барча диний илмлар унинг устига бино қилинадиган диннинг асл пойдевори экани эътиборидан қўйилган. Бу ном ҳам иккинчи ҳижрий асрда диний илмлар аслларга ва бўлимларга ажралганидан кейин тарқалган. Ушбу номни биринчи бўлиб имом Абулҳасан Ашъарий қўллаган. Бу зот ақоид илмига бағишлаб китоб ёзиб, уни "Ибана фи усулид-дияна" деб номлаган. Сўнгра Абдулқодир Бағдодий Ашъарий[3] "Усулуд-дин" китобини ёзган. Кейинчалик мотуридия мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлган Абул Юср Паздавий[4] ҳам "Усулуд-дин" китобини ёзган. Тоҳа Абдур Рауф Саъд "Шарҳу ақоид" китобининг муқаддимасида қуйидагиларни айтган: "Таҳонавий "Кашшофу истилаҳатил фунун" китобида шундай деган: "Ақоид илмининг усулид-дин деб номланиши, шаръий илмлар унинг устига бино қилиниши эътиборидан ва барча шаръий илмларнинг асли бўлгани учундир"[5].
Ақоид илми. Ушбу ном ҳижрий тўртинчи асрларда пайдо бўлган. Чунки бу пайтларга келиб ақоид илми фалсафа билан, нақлий хабарлар ақлий қарашлар билан аралашиб кетган. Шундан сўнг олдингиларнинг мусаффо ақидаси билан кейингиларнинг мураккаб чигал ақидаси ораларини ажратиб олиш учун ушбу номни қўллашга эҳтиёж туғилган. Шунинг учун ҳам Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ "Ақида" асарини шундай бошлаган: "Ушбулар миллатнинг фаҳиҳлари Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Куфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий[6] ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний[7] раҳматуллоҳи алайҳларнинг мазҳабига кўра Аҳли сунна вал-жамоанинг ақидаси ва улар усули динда эътиқод қиладиган ва оламларнинг Роббиси учун уни дин деб тутадиган нарсалар баёнидир"[8].
Тавҳид ва сифат илми. Ушбу ном ҳижрий тўққизинчи ва ундан бир оз олдинги даврларда ёзилган манбаларда учрайди. Аллома Тафтазоний[9] раҳматуллоҳи алайҳ "Ақоидун-Насафий"га ёзган шарҳининг муқаддимасида қуйидагиларни ёзган: "Билингки, шариат ҳукмлари "фаръий амалий" ва "аслий эътиқодий" бўлади. Фаръий амалийлари амалларнинг қандай бажарилишига тааллуқлидир. Аслий эътиқодийлари эса эътиқодга тааллуқли бўлади. Амалларнинг қандай бажарилишига тааллуқли бўлган ҳукмлар фақатгина шариат орқали билингани учун "илмуш-шароиъ вал-аҳкам" (шариатлар ва ҳукмлар илми) деб номланади. Эътиқодга тааллуқли ҳукмлар эса "илмут-тавҳид вас-сифат" (Аллоҳ таолони ягона деб билиш ва унинг сифатлари ҳақидаги илм) деб номланади. Чунки тавҳид ва сифатлар тўғрисидаги баҳслар эътиқод илмининг энг машҳур баҳсларидан ва энг улуғ мақсадларидан ҳисобланади"[10].
Тавҳид илми. Ушбу ном ҳижрий ўнинчи асрдан кейин тарқалган. Тавҳид Ислом миллатининг шиори ва Ислом динининг белгиси ҳисобланади.
Назар ва истидлол[11] илми. Ушбу ном ҳам ҳижрий тўққизинчи асрлардан кейин тарқалган. Мазкур вақтларга келиб, ақоид илмидаги кўпгина баҳслар назарий ва ақлий бўлиб қолганидан, бу илмни фақатгина борлиқдаги нарсалар тўғрисида фикр юритиш ва далил излашдан кейингина идрок этиш мумкин бўлган. Шунинг учун бу илм "илмун-назар вал-истидлол" (фикр юритиш ва далил излаш илми) деб ҳам номланган.