Улуғворлик ва тубанлик тушунчасининг моҳияти
Улуғворлик – инсоннинг нарса ҳодисларга эстетик ва ахлоқий мезонлар билан ёндашиши ва улардан юксак ҳайратланиш туйғусини ҳосил қилувчи эстетик ҳиссиёт мажмуидир. Улуғворликнинг кўлами гўзаллик кўлами каби чексиздир. Улуғворлик ўзида ҳажм, миқдор, кўлам ва буюкликни мужассам этади.
Табиатдаги улуғворлик чексиз осмон, пурвиқор тоғлар, юксак чўққилар, мовий денгизлар, минг йиллик чинорлар, шунингдек, вулқон ва чақмоқ сингари табиат ҳодисаларида намоён бўлади.
Жамиятдаги улуғворлик умуминсоний қадриятлар, қаҳрамонлик, жасорат, халқпарварлик, бунёдкорлик тушунчалари билан уйғунлашади. Давлатда барқарорлик, жамиятда адолат устуворлиги, шахснинг эркин ва ҳурфикрлилик асосида фаолият олиб бориши ижтимоий тизимнинг улуғворлигини акс эттиради.
Санъатдаги улуғворлик ўзининг ҳар томонлама ижодий ифодасини топади; санъатнинг барча турлари учун улуғворлик асосий мезон бўлиб ҳизмат қилади.
Тубанлик – инсонда кучли нафратланиш туйғуларини ҳосил қилувчи эстетик категориядир. Нафосатшунослик категориялари орасида хунуклик сингари кишиларда салбий ҳис–туйғу пайдо қиладиган бошқа тушунчалар ҳам мавжуд.
Фожеавийлик ва кулгилилик тушунчалари
Фожеавийлик муаммоси ҳар доим фалсафий-эстетик тафаккур соҳибларининг эътиборини жалб қилиб келган. Деярли барча буюк ижодкорлар яратган асарларда фожеали оҳанглар мавжуд.
Санъатда фожеа ва фожеий қаҳрамон образини ифодалаш қўйидаги жиҳатлар билан белгиланади:
– фожеий асар ҳаёт ва ижтимоий алоқаларни қамраб олиши ва реал тасвирлаши;
– инсон шахсини тўлақонли равишда ифодалаши;
– даврининг ёрқин инсонпарвар орзулари билан ахлоқ қоидалари ўртасидаги тўқнашувнинг натижасини ёритиши;
– маънавий жасорат, ғурурли, эркпарвар инсон тимсолини яратиши;
– инсоний идеалга интилиш ва унга бўлган ишончнинг мустаҳкамлиги.
Фожеавийликнинг яна бир хусусияти шундаки, у инсонга борлиқнинг мазмунини очиб беришда яқиндан кўмак беради.
Фожиавийлик категориясининг фалсафийлиги шундаки, у:
– инсоний фазилатлардаги йўқотилган нарсаларнинг ўрнини қоплаб бўлмаслигини кўрсатиб беради;
– абадиятга дахлдор шахсларни тавсифлайди ва бахолайди;
– содир бўлган воқеа–ҳодисанинг якунига қараб қаҳрамон характерининг очиб беради;
– дунё манзараси ва инсон ҳаётининг мазмуни бўйича фалсафий мушоҳада қилишга ундайди;
– ман этилган тарихий зиддитларни фош этади;
– тушкунлик холати ва қайғу туйғуларини пайдо қилса–да, Айни пайтда тантана ва қувонч, ҳаётдан умидворлик, ҳаётга муҳаббат хисларини ҳам юзага келтиради.
– одамларни ёвузлик, қабоҳат ва маънавиятсизликдан фориғ қилади.
Кулгилилик. Бу бордаги мавжуд назариялар кулгилиликнинг предметини объектив хусусият сифатида ёки шахснинг субъектив имкониятлари натижаси ёҳуд субъект ва объект ўзаро алоқадорлигининг натижаси сифатида кўриб чиқилади ва мазкур методологик ёндошув кулгилиликдаги кўпмаъноликнинг юзага келишига сабаб бўлади.
Ҳазил–мутойиба. Кулгилиликда ҳазилнинг ўрни беқиёс. Ҳазил инсонларни фикрлашга, сўзларни ўринли қўллашга, қизиқарли иборалар билан фикрни баён этишга ундайди. Ҳазилнинг қўпол кўриниши масхара ҳисобланади. Киноя, пичинг, кесатиқ сўзни ҳазил орқали ифодалашда муҳим воситалардир.
Хажвия–жамият, инсон фаолиятидаги иллатлар ва уларнинг оқибатлари, олам мукаммаллиги ва инсон идеалларига номувофиқ келишини кўрсатиб берувчи кулги туридир.
Умуман олганда, эстетиканинг тушунчалари (категориялари) доимий ҳамкорликда мустаҳкамланиб боради. Айниқса, бу жараёнда гўзаллик категорияси боғловчилик вазифасини бажаради. Шунинг учун фожиавийликда, улуғворликда, ҳунукликда ҳам гўзаллик унсурларининг учраши бежиз эмас
Do'stlaringiz bilan baham: |