Эстетик тарбия ва унинг асосий вазифалари
Эстетик тарбия ўз–ўзидан пайдо бўлиб, ривожланадиган «микроорганизм» эмас ва айни пайтда бирдан тўхтаб қоладиган «механизм» ҳам эмас. У секин–аста инсон томонидан орттирилган ҳаётий тажрибалар, кўникмалар, билимлар орқали шаклланиб боради. Иккинчидан, эстетик тарбия ижтимоий тараққиётнинг муайян жабҳаларида аниқ мақсадларга йўналтирилган фаолият сифатида иш олиб боради. Бундан ташқари тарбиянинг мазкур шакли айрим кишиларнинг ёхуд бирор–бир гуруҳнинг турли хил фаолиятлари натижасида юзага келиши мумкин.
Шахсни эстетик ҳамда бадиий жиҳатдан тарбиялаш фавқулодда мураккаб ва серқирра жараёндир. Бугунги кунда жамиятимизда амалга оширилаётган ижобий ишларнинг барчаси ана шу мақсадни тўғри йўналтиришга қаратилган. «Таълим тўғрисидаги қонун» ва «Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури»ни қабул қилишдан мақсад ҳам инсонпарвар жамият қуришдек улуғвор вазифани амалга оширишга қаратилган. Чунончи, «Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури»да таълимнинг ижтимоийлашуви, таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ўз навбатида, фуқароларни, айниқса ёшларни эстетик жиҳатдан тарбиялаш бугунги куннинг зарурий талаби эканлигидан далолат беради.
Замоннинг ўзгариши билан инсоннинг жамиятга, табиатга бўлган муносабати ҳам ўзгариб боради. Бу эса шубҳасиз, инсоннинг тафаккури билан боғлиқ жараёндир. Зотан, инсоний муносабатларга дахлдор бўлган бирор-бир жараён йўқки, у ерда тафаккур иштирок этмаса. Шундай экан, одамларнинг тафаккури ва дунёқарашининг воқеликка кўрсатадиган таъсири бугунги куннинг энг долзарб масаласи бўлиб турган миллий ғоя ва миллий мафкурани шакллантиришнинг шарти сифатида алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас. Бу жараёнларда эстетика амалий жиҳатдан ўзини эстетик тарбия орқали намоён қилади. Зеро, аввал бошда уқтириб ўтганимиздек, нафосат тарбияси инсонда ҳаёт ва санъатдаги гўзалликлардан баҳраманд бўлиш, уларни баҳолай билиш ҳамда ўзи ҳам гўзалликлар яратиш туйғуларини шакллантиришга кўмак беради. Аммо, бу жараён ўз-ўзича эмас, балки бир қатор омиллар ва воситалар иштирокида амалга оширилади.
Эстетик тарбия моҳиятан инсоний идеал билан боғлиқ бўлиб, эстетик идеал эгаси нафис дидга, покиза туйғуларга эгалиги билан ажралиб туради. Маълумки, шахс ижтимоий тараққиётнинг турли хил жабҳаларида бевосита ва билвосита иштирок этади ва фаолият олиб боради, шахс бу билан ижтимоий тараққиётнинг эстетик субъектига айланади. Шунга кўра, айтишимиз мумкинки, жамиятда яшаётган бирор–бир шахс эстетик жараёнлардан четда турмайди, аксинча, ўзининг муайян хатти–ҳаракати билан мазкур жараёнларга у ёки бу даражада таъсир кўрсатади. Эстетик тарбиянинг мақсади ана шундай таъсирларни гўзаллик, улуғворлик, фожиавийлик, кулгилилик асосида йўналтиришдан иборат.
Шуни таъкидлаш жоизки, эстетик тарбия бадиий тарбия билан доимий тарзда алоқада бўлиб келади. Бироқ, бу «эстетик тарбия бадиий тарбия билан бир хил маъно касб этади», деган гап эмас. Негаки, бадиий тарбия ижод жараёнидаги ранг–барангликлар оламини инсон томонидан эстетик тарзда англаш ва ўзлаштиришнинг бир қисми, холос. Шу маънода эстетик тарбия – жамиятда маънавий муҳитни пайдо қилишга кўмак берувчи муҳим унсур бўлиб, у инсон дидини шакллантирувчи, ривожлантирувчи ҳамда ана шу орқали инсонни жамият муносабатларига яқинлаштирувчи кучдир.
Тарбиянинг эстетик шакли ижтимоий жараёнларда иштирок этар экан, у ўз навбатида, кишиларга жамиятда олиб борилаётган ижобий ишлардан завқланиш, демократик муносабатларга нисбатан қизиқиш туйғусини уйғотишни ўзининг асосий мақсади деб билади. Шунинг учун ҳам эстетик тарбиянинг пировард мақсади инсон маънавий оламини бойитишга қаратилган бўлмоғи лозим. У инсонни янгиликлар яратишга ундабгина қолмай, айни пайтда уни нафосат тамойиллари, гўзаллик талаблари асосида ривожлантиришга ўргатади ҳам. Негаки, инсон дунёга эстетик қараши бой, туйғулар ва диди тарбияланган холда келмайди. Аксинча, бу кўникмаларни воқеликни кузатиши, ўрганиши ва улардан тегишли хулосалар олиши натижасида шакллантиради. Инсон ана шу туйғулар таъсирида ўзи учун мутлақо янги бўлган оламни кашф этади. Шундай экан, ўз–ўзидан маълумки, мазкур заруриятни теран англаган инсон жамиятнинг ижтимоий тараққиётига қўшилмасликка, унга бепарво муносабатда бўлишга маънан ҳаққи йўқ.
Ҳозирда эстетик тарбиянинг кўлами тобора кенгаймоқда. Шунга кўра, у ўз олдига талайгина муҳим вазифаларни қўйган. Булар:
- кишиларда санъат асарлари, бадиий ижод намуналарини нафақат фаол ўзлаштириш балки, уларнинг эстетик моҳиятини англаш ва баҳолаш қобилиятини такомиллаштириш;
- жамият аъзоларининг ижодий имкониятларини намоён қилдириш ва улардан фойдалана билишга ишонч туйғусини уйғотиш;
- табиат ҳамда жамият ижтимоий жараёнларига соф туйғу билан муносабатда бўлишга ва уларни равнақ топтириш йўлида астойдил фаолият олиб бориш кўникмаларини хосил қилиш;
- ўтмиш маънавий меросимизга ҳурмат ҳиссини уйғотиш, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш учун замин яратиш;
- ижоднинг барча турларини тараққий эттириб жаҳонга юз тутиш ва уларни миллат манфаатлари учун наф келтирадиган томонларини тарғиб қилишга ундашди.
Do'stlaringiz bilan baham: |