БАДИИЙ ИЖОД ЖАРАЁНИ. БАДИИЙ АСАРНИ ЭСТЕТИК ИДРОК ЭТИШ.
Режа:
Бадиий ижод жараёни.
Бадиий ижод жараёнида ғоявий ният, бадиий тасаввур ва илҳомнинг ўрни.
Эстетик идрок ва бадиий идрок.
Эстетик идрокнинг хусусиятлари.
Бадиий ижод жараёни
Бадиий ижод жараёни меҳнат, лекин у бошқа барча ақлий меҳнат турларидан катта фарқ қилади. Унда меҳнат қандайдир сирли руҳ билан амалга ошади, шунинг учун одатда бадиий ижод жараёни масаласига ёндашувлар ҳар хил: унда кимлардир рационал, кимлардир норационал жиҳатларни устувор ҳисоблайди, баъзилар уни умуман тушуниб ва тушунтириб бўлмайдиган, фавқулоддалик, сирли тасодиф ҳамда ҳар бир ижодкорнинг шахси билан белгиланадиган ўта хусусий ҳодиса сифатида талқин қиладилар. Бизнингча, ҳар учала фикрда ҳам асос бор, лекин уларнинг ҳеч қайсиси ўзича бутун ижодий жараённи қамраб ҳам оломайди, тўлиқ очиб ҳам беролмайди. Шунинг учун уни шартли равишда қисмларга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз.
Энг аввало шуни аниқлаб олиш керакки, ижодкор “олувчи” эмас, “берувчи”, яъни таклиф қилинган санъат турларидан хоҳлаганини, истаган пайтида “олишга”, “умуман идрок этишга” қобил маданиятли киши эмас, балки, аксинча, муайян санъат тури ва жанридаги муайян асарни идрок этишга тайёр бўлиб, “кутиб турган” эстетик дид эгасининг эҳтиёжини қондиришни ўз бўйнига олган шахс. Демак, ижодкор биринчи навбатда масъулиятли шахс, ижод жараёни эса ниҳоятда масъулиятли жараён. Шу сабабли баъзи бир ёш ижодкорларнинг “Мен ўзим учун шеър ёзаман” ёки “Мен ўзим учун мусиқа басталайман” в.ҳ. каби матбуотда берадиган интервюлари, ёки давралардаги гаплари, очиқчасига айтганда, олифтагарчиликдан бошқа нарса эмас. Ҳар бир санъаткор асар яратишга киришар экан, то асар битгунича унинг рўпарасида, ёнида, ортида ўзи мажҳул, лекин талаблари аниқ-равшан бўлган идрок этувчининг руҳи, сиймоси туради; ҳар бир асар албатта ким учундир яратилади. Биз юқорида айтиб ўтганимиз, “иккинчи МЕН” кўп ҳолларда ана шу кузатувчи вазифасини, идрок этувчи ролини бажаради, ижод жараёни унинг назорати остида кечади.
Бадиий ижод жараёнида ғоявий ният, бадиий тасаввур ва илҳомнинг ўрни
Ғоявий ният. Бадиий ижод жараёнининг ибтидоси санъаткорнинг муайян ғояни ёки ғоялар тизимини бадиият орқали бошқаларга етказиш истаги билан боғлиқ. Уни биз ғоявий ният деймиз. У кўзга илғамайдиган даражада нозик ва кўз илғамайдиган даражада миқёсликка эга. Чунки ғоявий ният ўз номи билан ғояга тааллуқли, у ижодкорнинг дунёқарашининг меваси, бутун асарнинг пойдевори. У бадиий асарнинг мавзуи, шакли, мазмуни, “тили”, бадиий воситалари қандай бўлиши кераклигини белгилаб бериш учун улар билан “кураш олиб боради”. Баъзан уларни ўзига бўйсундиради, баъзан эса уларга бир оз ён бериб, маълум нуқталарда ўзгаради, “шароитга мослашади”. Ғоявий ниятни шу боис ҳеч қачон тўлиқ амалга ошган эстетик ҳодиса сифатида тасаввур қилиш мумкин эмас.
Ғоявий ният бирор бир ерда, бошқа ижодкорнинг асарида, эстетика назариясида ёки реал ҳаётда учрайдиган қандайдир тайёр нарса ёхуд “қаттиқ ўйлаш”, “теран фикрлаш” натижасида вужудга келадиган бадиий ҳодиса эмас. У реалликни инъикос эттиришга қаратилган эса-да, ўзи реаллик бўлмаган, аммо яратилажак асарнинг идеали, санъаткор руҳидаги идеал сифатида вақтинча – бадиий ижод жараёни мобайнида реал ҳукмронлик қиладиган норационал ижодий талаб. Шунинг учун у тизимли ёки мантиқий тарзда вужудга келмайди, балки бирдан пайдо бўлади, ҳар бир асар учун алоҳида “туғилади”. Лекин ҳамма ҳолатда ҳам унинг асосида санъаткорнинг таъсирланиши ётади. Баъзан бирор бир тарихий воқеа қайсидир фильм, китоб ёки ким биландир учрашув, гоҳида қандайдир ижтимоий ноҳақлик, гоҳ кутилмаган ҳодиса, ҳатто йўлда кетаётиб муаллиф қоқилиб кетган тош ижодкор руҳига чақмоқдек таъсир қилиши мумкин. Таъсир ижодий тасаввурни уйғотади, тасаввур мавзуни танлайди. Масалан, Лев Толстойга эзилиб-босилса ҳам бош кўтаришга уринаётган қушқўнмас ўсимлиги – “ярадор” бир гиёҳнинг ҳолати қаттиқ таъсир қилади ва у бу марданавор ўсимлик қиёфасида Ҳожи Мурод қисматини тасаввурига келтиради. “Ҳожи Мурод” қиссанинг ғоявий нияти ана шундай туғилган.
Ғоявий ниятнинг ташқи, кўзга кўринадиган шакллари ҳам бор. Уларни одатда режа, кенгайтирилган режа, қайдлар, эскиз, этюд, дастур деб атаймиз. Лекин улар кўпроқ тасаввурга келган асар “склет”ини эслатади, тасвирланиши лозим бўлган ҳолатларни ёки воқеаларни санъаткор ёдига солиб туриш учун хизмат қилади. Масалан, Ойбек “Қуёш қораймас” романини дастлабки режага кўра, достон жанрида ёзмоқчи бўлган. Режа “Достоннинг умумий плани” деб аталади ва бир неча қайдлардан кейин насрий асарга мўлжалланган, рақамлар билан белгиланган тахминий воқеалар ривожини ўзида акс эттиради. “Олтин водийдан шабадалар” романига тузилган режада эса “Эсга тушириш учун” деган махсус бўлимда Ойбек 1 дан 50 гача бўлган рақамлар остида роман учун ўзи муҳим деб ҳисоблаган воқеалар ва аниқланадиган саволларни қоғозга туширган. Ёки Рембрантнинг машҳур “Юлий Сивиллиснинг фитнаси” (1661) деб номланган рангтасвир жанридаги монументал асари тўғридан-тўғри чизилиши мумкин эмасди. Даставвал унинг эскизи яратилиши ва у ғоявий ниятнинг ташқи шакли сифатида улуғ рассомга “ранглардаги қаҳрамонлик эпоси” деталларини эслатиб туриши керак эди. Шуни айтиш керакки, рассомликдаги эскиз ёки этюд нафақат ғоявий ният балки асарнинг қораламаси ролини ҳам бажариши мумкин. Айниқса йирик полотноларни эскиз ва этюдсиз яратиш камдан-кам учрайдиган ҳодиса.
Бадиий тасаввур. Ижод жараёнининг бошидан охиригача иштирок этадиган руҳий қувват, бу – тасаввур. Ижодий тасаввур, тўғрироғи, бадиий тасаввур қидирувчан ҳиссиёт, бирор бир ҳодиса ёки ҳодисаларнинг кескин аниқликка эга бўлмаган, лекин айрича товланиб, ижодкорни ўзига чақириб турадиган эҳтиросли, мавҳум шакли. Тасаввурни таърифлашнинг, нима эканини аниқлашнинг қийинлиги, унинг ўзи ақл-идрокни инкор этгани ҳолда, ақлга мос эстетик кўриниш топади, у, мўъжизавийлик, хаёлийлик ва каромат унсурларини ўзида мужассам этгани ҳолда, ақл-идрокни шартлилик билан “алдайди”. Бадиий асарда шартлилик тарзида инъикос этган тасаввур маҳсули, у сюжетми, бадиий қиёфами, мажозийликнинг турли кўринишларими, қандай бўлмасин, сизни ҳаётий реаллик сифатида ишонтира олмайди, лекин уни бадиий реаллик шаклида қабул қиласиз, ундан ҳайратланасиз, қувонасиз, қайғурасиз, хуллас, ақлга қулоқ солмай, унга ишонасиз. Шундай қилиб, тасаввур орқали ижодкор сизни бўлмаган нарсанинг бўлганлигига ёки унинг шундай бўлиши кераклигига ишонтиради. Масалан, олмон адибаси Анна Зегерснинг “Йўл-йўлакай учрашув” деган ҳикоясида Париждан қайтаётган Гогол Прагада Ҳофманн билан учрашув белгилайди. Улар учрашган қаҳвахонадаги столлардан бирида ҳаяжонда берилиб ишлаб ўтирган адибни кўрадилар. У – Кафка эди. Ҳар учала адиб танишадилар, ўзларининг бадиий маҳоратлари тўғрисида суҳбатлашадилар. Хайрлашиш пайтида, гап ҳисоб-китобга келганда, Гоголнинг рубли, Ҳофманнинг талери ўтмайди, ҳаммасининг ҳақини Кафка тўлайди. Лекин ҳикоядан сиз қониқасиз, адибага қойил, қотирибди, дейсиз. Ваҳоланки, ҳикоядаги воқеа 1920 йилда бўлиб ўтяпти, XIX аср ўз тарихий ўрнидан қўзғалиб XX асрга қўшилиб кетяпти. Сиз ҳикоядаги бўлиб ўтган воқеага ишонмайсиз, аммо ижодкорга ишонасиз, у тўғри қилган, шундай ҳикоя керак эди, дейсиз.
Илҳом. Бадиий ижод жараёнида тасаввур билан бирга илҳом ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Уни илоҳий, мўъжизавий пари (қадимги юнонларда музалар) тарзида тасаввур қилиш одатга айланган. Лекин у асли ижодкорнинг илмий жиҳатдан нима эканини аниқлаб, хусусиятларини белгилаб бўлмайдиган руҳий ҳолати. Тўғрироғи, у ниҳоятда кўтаринки руҳ. У кишини шунчалик юксакликка олиб чиқадики, у ердан туриб ижодкор ҳамма нарсани ҳароратли нигоҳ билан кўра олади ва тасвирлаш учун керак бўлган шаклни, мазмунни, композицияни, умуман, асарни бутунисича тасаввур қилади. Шу сабабли илҳомни қадимгилар илоҳий ҳодиса, янги ва энг янги давр мутафаккирлари онгланмаганлик деб таърифлайдилар. Ч.Ломброзо юқорида биз кўчирма келтирган тадқиқотида бадиий ижод жараёнидаги илҳомнинг “келиши” ва “кетиши” тўғрисида шундай деб ёзади: “... аввалдан олинган таассуротлар ва субъектнинг олий даражадаги ҳиссиёт билан йўғрилганлиги туфайли тайёрланган мутафаккирларнинг энг буюк ғоялари дафъатан туғилади ва ақлдан озганларнинг ўйламасдан қилган хатти-ҳаракатлари қандай бўлса, шундай онгланмаган тарзда ривожланади... Бироқ жазаба, кучли қўзғалиш лаҳзалари ўтиши биланоқ, даҳо оддий одамга айланади ёки ундан ҳам паст тушади, зеро мўътадилликнинг йўқлиги даҳолик табиатининг белгиларидан биридир, – дейди Ч.Ломброзо ва сўнгроқ улуғ италян шоири Т.Тассонинг илҳомдан, ижод жараёнидан кейинги ҳолатини қайд этган шифокор Ревеле-Паратнинг сўзларини келтиради. – “Томир уриши заиф ва бир маромда эмас, териси рангпар, совуқ, боши қизиган, пешонаси ёниб турибди, кўзлари қонга тўлган, безовта, атрофга аланг-жаланг боқади. Ижод жараёни тугаганида кўпинча муаллифнинг ўзи бир дақиқа аввал қандай ёзганини тушунмайди”.
Умуман, ижод жараёнида ижодкорнинг ҳамма қатори эмаслиги, кўпчилик каби мўътадил яшамаслиги фройдчиликни тан олмаган марксчиликдан бошқа фалсафий йўналишларда эътироф этилади. Ҳатто “Қайта қуриш ва ошкоралик” давридаги “Эстетика” луғатида: “... илҳом истисноли мураккаблик ва объектив тадқиқот учун бўй бермайдиган ҳодиса бўлса-да, уни бемалол билиш мумкин, у ҳеч қандай илоҳийликнинг, ғайритабиийликнинг тажассуми эмас”, деган қатъий фикр билдирилади ва унга ғирт моддиятчилик, шўроларча мафкурабозлик нуқтаи назаридан, нохолис ёндашилади, уни реал кундалик меҳнат, узоқ ижодий изланишлар маҳсули сифатида талқин этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |