Мажозийлиги – нарса-ҳодисалар ёки сўз-иборалар кўчма маъноларда, кўп маъноли тарзда вўлланилиши. Мажозийлик, кенг маънода, бадиий қиёфа яратиш, умумлаштириш, рамзийлик. Ўхшатиш, сифатлаш, жонлантириш, истиора, киноя сингари бадиий восита ва усулларни ўз ичига олади.
Демократиклиги – Санъатнинг бу хусусияти эркинлик билан боғлиқ. Ижодкор фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, ғоя эркинлиги, мавзу эркинлиги, услуб эркинлиги, ранг эркинлиги ва бошқа ижодий эркинликлар тизимига эга бўлсагина унинг асари санъат намунаси бўла олади. Фақат ижод эмас, бадиий асарни эстетик идрок этиш ҳам эркин бўлиши зарур.
Санъатнинг ташқи, яъни бошқа маънавий ҳодисалар ўртасидаги мавқеига хос хусусиятлари:
Ижтимоийлиги – ҳар бир санъат асари ижтимоий ҳаётнинг долзарб муаммоларини, етакчи ғояларини, муайян мафкурани кўтариб чиқмаслиги мумкин эмас. Асар марказидаги бадиий қиёфа – асар қаҳрамони ижтимоийликсиз мавжуд бўла олмайди. Бу замонавийлик, мафкуравийлик, ҳозиржавоблик, долзарблик каби сифатлап билан боғлиқ.
Индивидуалаштириш хусусияти – воқеликдаги макон ва замон учун умумий бўлган фазилатлар ёки иллатларни, гўзаллик ёки хунукликни, улуғворлик ёки тубанликни ва бошқа жиҳатларни муайян бир бадиий қиёфада, тасвирда, ифодада умумлаштириб гавдалантиради. Масалан, “Ўтган кунлар” романидаги Ўзбек ойим қиёфаси, қиз мажлис тасвири умумийликнинг индивидуалаштирилган, такрорланмас ифодаси.
Тарихийлик хусусияти – ҳар бир санъат асари вақт нуқтаи назаридан замонавий ёки тарихийлигидан қатъий назар, у – тарих, бадиийлаштирилган тарихдир.
Миллийлик ва умуминсонийликнинг бирлиги хусусияти.
Санъатнинг ривожланишига хос асосий тамойилларга қуйидагилар киради:
Санъатнинг янгилик (оригиналлик) ёхуд ижодийлик тамойили;
Ҳаққонийлик тамойили;
Халқчиллик тамойили кабилар.
Санъатнинг жамиятдаги роли униг асосий вазифаларида (функцияларида) намоён бўлади:
Инсонийлаштириш;
Фориғлантириш;
Маънавий-эвристик;
Ижтимоий алоқачилик (коммуникатив);
Ҳузурбахшлик;
Тарбиявийлик.
Санъатни эстетик идрок этиш санъат турларини таснифлашни ҳам тақозо этади. Санъат хил, тур ва жанрларга бўлиниб эстетик тадқиқ этилади.
Санъат хиллари анъанавий тарзда учга бўлинади: эпос, лирика ва драма. Санъат ўзига хос яхлитликка эга, чунки унинг бу уч хилини қатъий чегаралаб ташлаш, ажратиш мумкин эмас. Улар муайян яхлитликнинг уч қисми сифатида ҳаракат қилади, бир-бири билан диалектик алоқада намоён бўлади. Эпосда лирика ва драма унсурлари, лирикада эпик ва драматик ҳолатларни, драмада лирикани кўп учратамиз.
Санъатнинг мавжудлик шартидан, яъни намоён бўлиш ҳолатидан келиб чиқиб, унинг маконий санъатлар (меъморчилик, ҳайкалтарошлик ва ҳ.), замоний санъатлар (бадиий адабиёт, мусиқа ва ҳ.), маконий-замоний санъатлар (театр, цирк, кино ва ҳ.) турларини таснифлаш мумкин.
Санъат тарихий ҳодиса экан, тарихийлик тамойили асосида санъат турларини қуйидаги уч туркумга бўлиб ўрганиш мумкин: архаик, анъанавий ва замонавий санъат турлари фарқланади.
Санъат турларининг ўзи ҳам муайян қисмларга бўлинади ва улар жанр деб аталади. Масалан, бадиий адабиёт жанрлари – шеър, қисса, достон, ҳикоя, роман кабилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |