Курс ишнинг назарий аҳамияти. Тадқиқотнинг назарий аҳамияти унинг илмий янгилиги ва тадқиқот методларининг янгилиги, ишончлилиги даражасидан келиб чиқади. Ёш оилаларнинг оилавий муносабатларини тадқиқ этиш ижтимоий психология, педагогик ва ёш даврлари психологияси ҳамда оилавий муносабатлар психологияси сохаларини илмий хулосалар билан бойитади, сохалараро ва предметлараро илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, тадқиқотда қўлланилган назарий ва амалий ёндашувлардан оила психологиясига алоқадор бошқа сохаларни ўқитишда ҳам маълум даражада фойдаланиш имкониятини беради. Олинган эмпирик натижалар, илмий хулосалар оила психологияси бўлимини қўшимча билимлар билан бойитади.
Курс ишнинг амалий аҳамияти шундаки, олинган натижалар асосида ёш оилалар учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилади. Бундай тавсиялар ёш оилаларни ижтимоий ва психологик қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, умумлаштирилган натижалар асосида оилавий муносабатлар соҳасидаги алоҳида тадбиқий тармоқ бўлган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу маълумотлар ижтимоий психология, этнопсихология ва этнопсихологик тадқиқотларни янги маълумотлар билан бойитади ва ўзбек оиласининг миллий менталитетига алоқадор хусусиятларини изчил шарҳлашга имкон яратади.
I боб I боб. Yosh kelin-kuyovlarning oilaviy hayotga tayyorlashda psixologik konsultatsiyaning муаммолари
1.1. Ёш оила муаммоларининг психолог олимлар томонидан ўрганилиши.
Инсоний муносабатларда гуманизм тамойиллари устивор бўлган юртимизда ёш оиланинг мустаҳкам ва бахтли бўлиши оила ва никоҳ муносабатларини мувофиқлаштириш, оила институтини том маънода фуқароллик жамиятининг муҳим бўғини сифатида қадрлаш билан боғлиқ. Охирги йилларда мустақил Ўзбекистонимизда оила ва никоҳ муқаддас қадрият сифатида эътироф этилгани боис оила илми, аниқроғи, никоҳга кириб, оила қуриб, бахт-саодатга эришиш, фазилатли, юртпарвар, ақлли ва солиҳ фарзандлар ўстириб, камолга етказиш илми кўпчиликни қизиқтирмоқда. Илмий нуқтаи назардан таҳлил этилганда, ёш оила – бу жамиятда мавжуд бўлган ўзига хос ижтимоий гуруҳ бўлиб, ўз навбатида у давлат ва жамиятнинг истиқболли ривожи ва мафкуравий ҳолатида муҳим рол ўйнайди.
Ёш оила деб, аввало, эр ва хотиннинг иккаласи ҳам 30 ёшдан ошмаган ёки оилавий турмуш тажрибаси 10 йилдан ошмаган ёшлар оиласи назарда тутилади5. Фанда ёш оилани тавсифлаганда қуйидаги мезонлар инобатга олинади:
жуда ёш оила - никоҳга кирган вақтдан токи 4 йилгача;
ёш оила – 5 йилдан 9 йилгача;
ўрта оилавий ҳаёт муддати – 10 йилдан 19 йилгача;
катта оилавий ҳаёт муддати – 20 йил ва ундан ортиқ муддат турмуш кечирганлар оиласи.
Кўплаб олимларнинг таъкидлашича, ёш оиланинг мустаҳкамланиб, оёққа туриб кетиши, турли маиший муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиши учун зарур бўлган муддат аслида турмуш қурган икки шахснинг бир-бирига бўлган самимий муносабатига, оила ва унинг атрофидаги қадриятларга нисбатан уйғун қарашларига, ота-она оиласида ибрат сифатида кўрган-кечирганларини ўз оиласида қўллай билиш маҳоратига бевосита боғлиқдир. Лекин барибир ҳар бир оила айнан ёшлик даврида муайян қийинчиликларни бошдан кечирадики, бу муаммоларни профессор В.М.Каримова қуйидаги ҳолатларга боғлиқ тарзда кўрсатади:
оилавий ҳаётни бирдай кечишини таъминлаш, ишлаш, ўқиш ёки бошқа масалаларни ҳал қилиш учун вақтнинг етишмаслиги;
вақтни яхши ўтказиш, кўнгилхушликларни чекланганлиги;
янги шароитда эркакнинг ҳам аёлнинг ҳам жисмонан толиқиши, асабларнинг чарчаши;
иқтисодий қийинчиликлар6.
Мустақил Ўзбекистонимизда оила фаровонлиги учун барча шарт-шароитлар яратилган. Муҳтарам Президентимизнинг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айнан ёш оилаларнинг бугунги кундаги эҳтиёжлари, яхши яшаш, қулай турмуш шароитларига эга бўлиш эҳтиёжларини амалда рўёбга чиқаришга йўналтирилган тарихий ҳужжатдир. Фармонда ёш оила мустаҳкам ва унда тарбияланаётган фарзандларнинг соғ-саломат улғайишларига оид барча энг муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Психологик нуқтаи назардан таҳлил этилганда, барча даврлар ва замонларда ҳам ёш оила категорияси ўзига хос тарзда ўрганилган. Зеро, ҳар бир алоҳида олинган ижтимоий-тарихий давр ўзининг ривожланиш хусусиятларига эга ва бу ҳолат албатта, унинг дастлабки кичик бўғини бўлмиш оилада ўз аксини топади. Жамият миқёсида олиб қаралганда, оила, айрим олимлар (Г.М.Андрева, А.И.Захаров, В.С.Торохтий, Н.Я.Солвьева ва бошқалар)нинг ҳақли эътироф этишлари бўйича, бу-бирламчи гуруҳдир7. Шу боис ҳам оила йўналишида ўтказиладиган тадқиқотларда унинг ижтимоий гуруҳ сифатида ўзига хос бўлган сифатлари, хусусиятлари ўрганилади.
Рус олими А.Антоновнинг таъкидлашича, оила ижтимоий-психологик яхлитлик сифатида шахсга шундай норматив ва ахборот таъсирларини кўрсатадики, оқибатда бола энг аввало, жамиятдаги қонуний нормалар, ҳулқ андозаларини эгаллайди8. Лекин олимнинг фикрича, замонавий оила оилавий турмуш тарзини шакллантира олмаётганлиги сабабли ўзининг бола тарбияси борасидаги ижтимоий билимдонлигини намоён эта олмаяпти9. Демак, жамиятда ўз даврига муносиб, соғлом фикрловчи ёшларни тарбиялаб, вояга етказиш ёш оиланинг асосий вазифаси бўлиб, бунда уларнинг баҳамжиҳатликда яшаши муҳим саналади. Шунинг учун ҳам олим энг мустаҳкам никоҳга сабаб бўлган муносабатларда иккала томон ҳам шахс сифатида тобора такомиллашиб, сайқал топиб, уларда ўзаро меҳрга, бир-бирига ёрдам беришга иштиёқ ортиб бораверади, деб ҳисоблайди.
Я.Гозман, К.Хорни ва бошқаларнинг ёзишларича, фақат эмоционал ҳиссиётларга таянган эр ва хотин муносабатлари тобора вақт ўтиши билан оқилона ҳамкорлик ва дўстлик, қон-қардошлик муносабатларига айланиб боради. Ю.Дубровиннинг таъкидлашича, “Кўпчилик никоҳларни бахтли ҳам бахтсиз ҳам деб аташ мушкул, чунки уларда эр-хотинларнинг бир-бирларини секин-аста тарбиялаб боришлари ва тақдир тақозаси билан бора-бора муносабатлар чуқурлашиб, тушуниш ҳисси ва дўстона муносабатлар сайқал топиб, у ҳаттоки, романтик муҳаббат даражасига кўтарилади”.
Оила психологиясини ўрганган олимлардан яна бири Америкалик тадқиқотчи Виржиния Сатир бўлиб, у оилавий ҳаётни оила энергетикаси, оила тизими, чегараси ва функционал хусусиятлари каби тизимларга ажратди. Оила энергетикаси оиланинг тиббий-биологик хусусиятларидан тортиб, унинг психологик мавжудлигини белгиловчи омиллар, экологик шарт-шароитлардан бошлаб, тирикликнинг мезонлари бўлмиш овқатланиш ҳамда ҳар бир оила аъзосининг хатти-ҳаракатларининг намоён бўлишигача қамраб олади.
Ота-онасининг оиласида кўрган-кечирганлари боланинг бўлғуси оиласи, ундаги эр-хотин муносабатлари, фарзандлар тарбияси, қариндош-уруғлар билан бўладиган мураккаб ўзаро алоқаларнинг қандай кечишини белгиловчи муҳим омилдир. Н.Пезешкиан ушбу омилнинг уч жиҳатини ажратади: турли стрессларга нисбатан муносабат; ҳиссиётларга берилувчанлик ва унинг оқибатлари – ижтимоий хатти-ҳаракат меъёрлари; оилавий муносабатлар. Пезешкиан, айни эмоционал соҳаларда эр-хотин ўзаро муносабатларининг ўхшамаслигини эр-хотин низоларидаги асосий сабаб деб, ҳисоблайди.
Оилавий муносабатлар тизими – Сатир таърифида оила аъзоларининг муайян роллар доирасида у ёки бу ҳолатларда ўзлигини намоён этиши ёки ижроси эмас, балки, бу ҳар бир оилага хос бўлган ўзаро муносабатлар “харитаси”дир. Бу харитага айнан шу оила аъзоларидан ташқари, уларнинг яқинларининг таъсири ҳам киради.
Оиланинг функционал хусусиятларига оила аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг мулоқот услублари, ҳар бир оилага хос бўлган тартиб-қоидалар, ўзаро мулоқот жараёнида коммуникатив тўсиқларнинг мавжудлиги кабилар киради.
Оиланинг чегараси ва ҳудуди дейилганда, оиланинг бошқа социомаданий муҳит вакиллари билан алоқаси, уларга боғлиқлиги даражаси тушунилади.
Америкалик оилавий психотерапевт Сальвадор Минухин эса оила концециясини яратиб, унда оила таркибига кирувчи бир қатор тизимларни ажратди. Эр-хотин тизими бир- биридан фарқ қилувчи қадриятлар, қарашлар, кутишлар ва эътиқодлардан таркиб топадики, агар уларнинг ҳар бири ўзаро мулоқот жараёнида бир-бирларини билгани сари ўз қарашлари, хатти-ҳаракат меъёрлари, одат ва қилиқларидан қисман бўлса-да, воз кечмас экан, оилавий бирлик рўй бермайди. Бу жуда катта психологик жараён ҳисобланиб, унинг натижасида оилада эр-хотиннинг бир-бирига адаптацияси, мослашуви рўй беради. Бунда уларнинг ҳар бири янги муҳитга, янги рўзғорга ўз оиласида орттирган шахсий тажрибаси, оила тўғрисидаги ижтимоий тасаввурлари билан кириб келади. Натижада ота-онаси оиласида олган тажрибанинг бир қисмидан воз кечгани ҳолда, янги муносабатлар учун янги фазилатларни ўзида тарбиялай бошлайди. Янгича “қовишув”, бир-бирини идентификация қилиш, ўхшашликлар жараёни адаптациянинг муҳим натижаси бўлиб, бундай бир-бирига яқинлашиш, “ўхшашлик ва уйғунликнинг” пайдо бўлиши йиллар давомида сайқал топиб боради.
Ёш оилалар ҳаётига алоқадор типик муаммоларга ҳаётнинг дастлабки йилларидаёқ фарзанд туғилиши ва уни тарбиялаш билан боғлиқ масалани киритиш мумкин. Яъни икки кишилик кичик гуруҳга янги “меҳмон”нинг қўшилиши нафақат моддий, балки кўплаб маъанавий-руҳий муаммоларни келтириб чиқаради. Сатирнинг фикрича зурриёднинг пайдо бўлиши, туғилиши эр ва хотиннинг асл муносабатларини синовдан ўтказади ва улар ўзига хос янгича муносабатлар даврини бошдан кечира бошлайдилар. Бу даврга асосий мазмун ва маъно берувчи воқеа – бу эр ва хотинга янги ролларнинг берилиши, анчагина катта ижтимоий масъулиятни қамраб олган ота-оналик ролларининг бошланишидир.
Профессор В.М.Каримова10 ёш оиладаги муаммоли ҳолатларга вақт тақчиллиги, бўш вақтни тўғри тақсимлаш, моддий етишмовчилик кабиларни ажратади. Ёш оиладаги вақт тақчиллиги муаммосида ёшлар айнан кучга тўлган, билим ва малакаларини оширишга чанқоқ пайтида рўзғор билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга ҳам мажбур бўлишлари рол ўйнайди. Ўз устида ишлаш учун энг мақбул бу даврда оила юмушларини ҳал қилиш зарурати бўш вақтнинг деярли йўқлиги, унинг тақчиллигини келтириб чиқаради.Бунинг устига айнан ёшлик пайтида ёшлар ўйнаб-кулгиси, дўстлар даврасида кўпроқ бўлиш, кинотеатр каби маданият ўчоқларига боришни ҳам хоҳлашади. Бу масални муваффақиятли еча олган оила аъзолари саломатликларига ҳам зарар етказмай, барча юмушларга улгуриши мумкин, лекин бунинг акси уларда руҳий тангликларни келтириб чиқариши, ёшлар салга жиззакилик қилиб жанжаллашиб қолишлари ҳам мумкин. Шунинг учун вақтдан оқилона фойдаланиш борасида ҳам ёшлар муайян тўғри тасаввурларга эга бўлишлари оилавий ҳаётга тайёрликнинг бир йўналиши сифатида қаралиши лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқадиган навбатдаги муаммо – бўш вақтни тўғри тақсимлаш билан боғлиқ. Уни оқилона ташкил этиш, дам олиш, байрам кунларини тўғри ўтказиш, ота-оналар, қариндош-уруғлар билан муносабатларни тўғри йўлга қўйиш оила мустаҳкамлигида катта рол ўйнайди.
Ёш оилада учрайдиган муаммолардан яна бири-бу моддий етишмовчиликдир. Ёш оила аъзолари шуни доимо эсда тутишлари лозимки, ҳар қандай оила мустақил оила бўлиб, оёққа туриб олишида моддий, иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечиради. Бу бир томондан ёшлар эҳтиёжларининг узлуксиз равишда ортиб бориши, ёшлик даврини мукаммал ўтказишга интилишлари билан тушунтирилса, иккинчи томондан, профессионал камолотга хали етмаганликлари, эр ёки хотиннинг, баъзан иккаласининг ҳам ота-онага тобелиги, таълим муассасасидаги маълумотига ҳам тўла эришмаганлиги билан изоҳланади. “Оила” маркази ўтказган тадқиқотларга кўра, ёш оила вакилларининг салкам 10 фоизи –бу талабалардир. Талабалар оиласи ўзига хос ижтимоий гуруҳ сифатида муайян руҳий ўзгаришлар, талабалик ҳаётига монанд муносабатлар, эр ва хотин ролига хос маъсулият, ўзига хос ижтимоий мавқе доирасида бўлиб, унда бошқача қадриятлар тизими, ота-оналик, турмуш ўртоқлик ҳақидаги тасаввурлар кузатилади. Бинобарин, янги вазифаларнинг муқаррарлиги, янги ижтимоий мавқе ва обрўга мос равишда фаол ҳаётий мақомни шакллантириш, ҳаётий йўналишларни тўғри танлай билиш, эр ва хотин ролларини ўзлаштириш жараёнини таълим олиш ва мутахассислик сирларини эгаллаш билан уйғунлаштириш талабалар оиласига хос психологик муаммолардир. Яъни никоҳга кирган талаба муайян психологик тўсиқларни бартараф этиш ва интеллектуал салоҳияти боис уларни енгиб ўтиш шароитларини бошдан кечиради.
Эр-хотин талаба бўлган оилада одатда тенгдош бўлган, ижтимоий ва маълумотлилик жиҳатдан бир-бирига мос бўлган шахслар ўртасида ўзаро муносабатлар кечади. Талаба келин-куёвларнинг ижтимоий келиб чиқишининг бир-бирига мос тушиши, улардаги қизиқиш, одатлар, қадриятлар тизими, ҳаётий мўлжаллардаги ўзаро мослик аслида ёшларни бирлаштирувчи омил сифатида намоён бўлади. Аммо бу оилаларнинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигига тўсқинлик қилувчи омил сифатида ёшларнинг шахсий сифатлар ҳақидаги тасаввурларнинг етарли даражада шаклланмаганлиги, умр йўлдош танлашда кўпроқ романтик туйғуларга берилиш, шеригининг ташқи кўринишига кўпроқ эътибор бериш, ҳамиша ота-оналарнинг кўмаги ва моддий ҳамда маънавий ёрдамларини суистеъмол қилиш одатларининг мавжудлиги, турли роллар зиддияти шароитида ёш оиланинг мустаҳкам бўлишига таҳдид солиши мумкинлиги ҳолатларининг мавжудлиги аниқланган.
Бундай ижтимоий психологик вазият йигит ва қиз ўртасида турли зиддиятлар, можароларнинг пайдо бўлиши ва ажримларнинг келиб чиқишига замин яратади. Психолог олимларнинг тадқиқот ишлари (Ғ.Шоумаров, В.Каримова, Э.Сатторов, Н.Соғинов, Ф.Акрамова, Э.Усмонов, Х.Каримов, Н.Лутфуллаева ва бошқалар) шуни кўрсатадики, оиланинг шаклланиши, муносабатларнинг барқарорлашуви, турли зиддиятлар даври 18-34 ёшларга тўғри келар экан. Бинобарин, ажралиш муаммоси оиладаги шахслараро муносабатларнинг бузилиши сабабли рўй беришини инобатга оладиган бўлсак, оила ҳақидаги тасаввурларнинг адекват шаклланиши, фарзанд кўриш ва уни тарбиялашга тайёрлик, талаба бўла туриб, ўқитувчи мураббийлардан ташқари, қайнона-қайнота ва бошқа яқин қариндошлар билан яхши муносабатларни ўрната олиш, талабалик масъулияти билан келин-куёвлик масъулиятини тенг идрок этиш маданияти ҳар қандай оила учун муҳимдир.
Ўтказилган тадқиқотлар натижасида талаба ёшларнинг турмуш ўртоғларига нисбатан ижтимоий установкалари шахсдаги кучли фазилатларга йўналтирилган бўлиб, иккала томонда ҳам шеригидан фақат ижобий сифатларни кутиш психологияси бор. Н.Лутфуллаеванинг фикрича11, турмуш қурган оилали талабалардаги бундай установкаларга ота-оналарнинг таъсири ҳам бор, чунки олий маълумот олишга даъвогар бўлган, истиқболда малакали мутахассис бўлиб етишишга интилаётган ёшларга нисбатан яқинлари ўзига хос муносабатда бўлади. Бу ҳолат, айниқса, ота-онанинг раъйи-хоҳиши билан қурилган ёш талабалар оиласига хос бўлиб, катталар, айниқса, йигитларнинг олий маълумот олаётганлиги ва келажакда ўз оиласини ўзи бошқара оладиган инсон сифатида шаклланишига умид билдириб, улардан шунга мос ижобий сифатларни кутади, бундай муносабат келин-куёвларнинг ўзларига нисбатан ва бир-бирига нисбатан кутишларида акс этади.
Тақиқот давомида талаба ёшларнинг оилавий ҳаётга ижтимоий психологик жиҳатдан тайёрликлари ҳар бир оила аъзосининг ёши, жинси, шахсий ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқадиган универсал сифатларга боғлиқ эканлиги ва улар турли жинс вакиллари ижтимоий тасаввурларида турлича намоён бўлиши ўзининг эмпирик тасдиғини топган.
Оилавий ҳаётга талаба ёшларнинг ижтимоий психологик тайёрликлари шахсий хусусият бўлиб қолмай, балки оила-никоҳ муносабатларининг шаклланишига имкон берувчи қадриятлар тизимининг улар томонидан адекват баҳоланиши ва шу хусусдаги билимларнинг ўзлаштирилиб, ижтимоий хулққа айлантирилишидан келиб чиқади.
Бевосита оила ва никоҳ муносабатларининг хусусиятларига келсак, охирги йилларда йилига юртимизда 200 мингдан зиёдникоҳлар қайд этилмоқда. Ёшларнинг ва ота-оналарнинг оила ва никоҳ масалаларига муносабатлари ўзгариб, никоҳ ёши ҳам борган сари катталашиб бормоқда, оила барқарорлигини кафолатловчи қонунлар ва меъёрлар ҳаётимизга сингиб бормоқда.
1.2. Ёш оилаларда шахслараро муносабатнинг ўзига хослиги.
Асрлар давомида кишилар энг яхши орзу-истакларини бахтли оила билан боғлаб келганлар. Зеро, эркак ва аёл, эр-хотин орасидаги эзгу муносабатлардан юксакроқ, ота-оналик, фарзандлик меҳридан кўра оромбахш ҳиссиёт бўлмайди. Оила никоҳ заминида юзага келади. Никоҳ эса эркак ва аёл орасидаги муносабатларнинг жамият томонидан тан олинган, маъқулланган ифодаси ҳисобланади.
Жамият никоҳ воситаси билан эркак ва аёл ўртасидаги табиий муносабатларни тартибга солиб туради. Оила туфайли эр-хотин, ота-она ва фарзандлар орасида ахлоқий, ҳуқуқий муносабатлар қарор топади. Оилада ахлоқий муносабатларни шакллантириш, оилани сақлаш ва мустаҳкамлаш, янги авлодни камолга етказиш учун қулай шароитни яратиш инсонлардан психологик билимдонликни талаб этади.
Ёш оилада эр-хотин муносабатларини мувофиқлаштириш катталар оиласининг асосий вазифаси сифатида қаралади. Шахслараро муносабатларга, ҳамкорлик қилишга руҳан тайёрлик ўта муҳим саналади. Чунки, оилавий ҳаётда амалга ошириладиган кўплаб вазифалар ва масъулиятлар орасида муомала қилиш одобининг бўлиши ва янги қариндошлар билан янги ролларни бажариш борасидаги ҳамкорлик қилишга руҳий тайёрлик ўзгача маданиятни ва ақлий салоҳиятни талаб этади. Чунки, оила ўзига хос кичик гуруҳ бўлиб, ундаги ўзаро муомала ва муносабатларнинг уйғунлиги оилавий бахтнинг муҳим калитидир.
Мулоқот маданияти биринчидан, ўз-ўзини билиш ва бошқа одамларни тушуна олиш қобилияти, яъни уларнинг психологик хусусиятларини тўғри баҳолай олиш, иккинчидан, уларнинг хулқи ва ҳолатларига нисбатан мос (адекват) муносабат билдира олиш, учинчидан ҳар бир одамга нисбатан унинг шахсини индивидуал хусусиятларига энг маъқул келадиган мулоқот шакли, усули ва стилларини танлай билиш киради.
Мулоқот энг аввало одамни одам томонидан идрок қилишдан бошланади, унда дастлабки ўзаро баҳолаш амалга ошади, дастлабки ҳиссий - интеллектуал муносабатлар шаклланади ва шундан сўнг тегишли мулоқот шакли амалга ошади.
Мулоқотда буйруқ оҳангининг устунлиги, дўқ-пўписа оҳангида кескин шаклда муомалада бўлиш, суҳбатдош номига тез-тез билдириб туриладиган эътирозлар, унинг хатти-ҳаракати ва фикрларидан норозиликни ифодалаш, йўл бермаслик ва тажовузкорликни намоён қилиш, оилада ўзаро рақобат (ёки ҳукумронлик, бўйсунувчанлик) муносабатларини юзага келтиради.
Одамлар ўртасида бир-бирларини тушунишнинг етишмаслиги кўпинча мулоқотдаги тўсиқ, шахслараро муносабатлар бузилишининг сабаблари бўлиб ҳисобланади. Биз бошқа одамлар билан бўладиган ўзаро муносабатларимизда нима учундир ўзимизнинг фикр ўйларимиз, ниятларимиз суҳбатдошимизга аён деб ҳисоблаймиз.
Ижтимоий психологлар мулоқот жараёнида юзага келиши мумкин бўлган тўсиқлар деб қуйидагиларни: психологик, вазиятли, мазмуний ва мотивацион тўсиқларни асослайдилар.
Психологик тўсиқ - бу шеригига маъқул тушмай қолиш, тушунилмай қолишдан қўрқиш, у томондан инкор этилиши ва калака қилинишидан ёки кескинликдан қўрқиш, энг эзгу ҳисларни ва ниятларни самимий изъор этишга жавобан қўполлик билан жавоб бериши мумкинлигидан ҳавотирланиш кабилар туфайли интеллектга оид, меҳрибонликка оид, кучга оид шахсий имкониятларини намоён қилиш ва амалга оширишга ҳалақит берувчи ўзига хос ички психик тормоздир.
Вазиятли тўсиқлар - бу суҳбатдошларнинг бир хил вазиятни турлича тушунишлари, унга турлича ёндашишлари билан боғлиқ.
Мазмуний тўсиқлар - одатда суҳбатдошини тушунмаганлик туфайли, унинг мазкур жумласи қандай маънода айтилгани, у қандай фикрни илгари суряпти, нимани назарда тутяпти, нимага олиб боради ва шу каби мулоҳазаларга бориш туфайли юзага келади.
Мотивацион тўсиқлар - шундай вазиятларда юзага келадики, бунда гапираётган одам ё ўзи баён қилаётган фикрининг мотивини етарлича англай олмайди, ёки у атайин уларни (асосий мотивини) яширишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.
Ёш оилаларда эр-хотин муносабатлари ўзига хос ҳудудийлик, этник, жинсий, ёш ва индивидуал психологик хусусиятларга эга бўлган эр-хотин муносабатлари шаклланишининг энг нозик ва ҳал қилувчи шакли ҳисобланади. У ёки бу ёш оилага хос бўлган эр-хотин муносабатлари бошқа бир эр-хотинга мос келмаслиги мумкин. Чунки ёш оилани юзага келтирган эр-хотинлар турли хил шахслараро муносабатлар тизими, турлича таомилга эга бўлган оилаларда тарбияланган, шахс сифатида шаклланган индивидлардан ташкил топади.
Умуман ёш оилларда эр-хотин муносабатларини қай тарзда ривожланиши аввало шу оилани юзага келишига асос бўлган никоҳолди омилларининг характерига, шу оилаларнинг юзага келиши шарт-шароитлари билан узвий боғлиқдир.
Нафақат севишиб оила қурганлар, балки деярли барча мотивларга кўра оила қурган ёшларда ҳам никоҳнинг бошида эр-хотин ўзаро муносабатларида бир-бирига яқинлик, бир-бирларини қадрлаш, ҳурмат қилиши нисбатан юқори бўлади. Уларнинг бир-бирларига, ўз никоҳларига, ўзларининг бўлажак ҳаётлари ҳақидаги ният, орзу-умидлари эзгу, ижобий бўлади. Инсон оила қурар экан, ахил-иноқ яшаб, мурод-мақсадга етишни орзу қилади, никоҳ арафасида ва никоҳ кечаси ҳам барча яқин биродарлар, қариндош-уруғлар, тўйга ташриф буюрган меҳмонлар, ёшларга эзгу ниятлар билдирадилар.
Албатта, бу жараён эркакларда аёлларга нисбатан енгилроқ кечади. Чунки улар, ўзбек оиласининг этник хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аксарият ҳолларда эрнинг уйида, унинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан яшайди. Янги ижтимоий шароитга мослашиш жараёнининг ўзбек оилаларида аёл киши учун қийин кечишининг асосий сабабларидан бири унда ёш келин юқорида айтиб ўтилган вазиятга тушиши билан бирга янги оилада ўзини «бегона» деб ҳис этишидир, яъни ундаги «бегоналик эффекти»нинг мавжудлигидир.
Шундай қилиб, энг эзгу ниятлар билан оила қурган ёшларда эр-хотиннинг шахсий муносабатлари бахтга қарши яхшидан ёмонга қараб ривожлана бошлайди. Чунки никоҳнинг бошида кузатиладиган эр-хотин ўртасидаги кўтаринки эмоционал яқинлик аста-секинлик билан пасайиб, улар ҳиссиётининг ўтмаслашуви рўй беради.
Эр-хотинларнинг олдидаги мулоқоти, шахслараро мулоқотнинг умумий қонуниятларига бўйсуниши билан бирга, даставвал ишдан ташқари, бўш вақтларини биргаликда ўтказиш билан шартланган ўзига хос хусусиятларига ҳам эга. Ҳамкасблар, ўртоқлар, дўстлар ва севишганлар ҳамма вақт бирга бўлиш имкониятларига эга эмаслар, қайтанга, ўз мулоқотларини ўзлари хоҳлаган вақтларида бир оз камайтириб, ҳатто узиб (тўхтатиб) қўйишлари ҳам мумкин. (Учрашувга борилиши лозимлигини «унутиб» қўйиш, кутилмаганда «жуда банд» бўлиб қолиши мумкин).
Эр-хотинлар эса кўпинча бундай имкониятлардан маърумдирлар. Доимий мулоқот бир хиллик кўринишини юзага келтиради, табийки, бундан ҳаётдаги кундалик икир-чикирлар кўпаяди, айни вақтда чуқур ҳиссиётлар ўз объектининг яқинлиги туфайли кундалик одатлар шаклини олади.
Эр-хотин мулоқоти, муомаласининг ўзига хос нозик жиҳатларидан яна бири уларнинг бир-бирлари билан етарли даражада интим муносабатларда бўлишидир.
Интим муносабатлар, бу нафақат сексуал муносабат, нафақат жинсий алоқа, балки анча очиқ, яқин, маънавий мулоқотдир. Интим (француз тилида-intime-«яқин, қулай, кўнгилдан», лотинчада intimiz-«чуқур, чин дилдан») мулоқотлар дейилганда, психологияда шундай мулоқотлар тушуниладики, ундан одам бошқа одам олдида қандайдир бир ижтимоий ролни (раҳбар ёки ходим, сотувчи ёки врач ва шу каби) бажарувчи эмас, балки айнан «ягона» шахс сифатида - нодир, такрорланмас мавжудот сифатида намоён бўлади, бунда у мутлақо ошкора, очиқ, ҳеч нарсадан қўрқмай, ўзининг ички олами, ўзининг барча хусусиятларини уялмасдан намоён қила олади. Бундай мулоқотда суҳбатдош одамлар ўртасида чуқур ва кенг ўзаро ошкоралик (жисмоний, психологик, шахсий, маънавий) амалга ошади. Бунда суҳбатдошларнинг танаси, фикри, ҳиссиёти, характери ва ҳаётий режалари, қадриятлари ва фикрлари очилади.
Интим муносабатларга севги, дўстлик, душманлик, ёлғизлик кабиларни киритиш мумкин. Бироқ интим мулоқотлар нафақат исталган мулоқотлар сифатида, балки хавфли, «қўрқинчлироқ» мулоқотлар сифатида ҳам идрок қилиниши мумкин.
Эр-хотинларнинг оиладаги мулоқотининг муҳим хусусиятларидан бири шуки, уни маълум даражада кундалик, маиший прозаик фонда амалга оширишдир. Бошқа одамлар, бошқа эркаклар ва аёллар билан бўлган мулоқотда биз кўтаринкиликни уйда эса унинг аксини кўрамиз. Булар эса бир-бирларидан жуда узоқ ва одамларга турлича муносабатлардир.
Инсон ўзининг хис туйғулари, ички кечинмалари, ўй фикрларини бевосита мулоқат жараёнида намоён қилади. Оиланинг коммуникатив функцияси ёш оила аъзоларининг ўзаро мулоқот ва ўзаро тушунишга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Психологик тадқиқотларда кўрсатилишича, турли ижтимоий ориентациялар, установкалар, ҳиссий маданият, одамнинг ахлоқий, маънавий ва психологик саломатлиги - оиладаги ўзаро ички мулоқот характери, катта аъзоларнинг мулоқотда психологик установкаларни намоён қилишлари оиладаги психологик иқлимга боғлиқдир.
Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичида фан-техника тараққиётининг юксалиб, одамларнинг кундалик ҳаётининг урбанизациялашувининг (радио, телевидение, видео, компpютер) ортиб бориши, оилаларнинг тобора нуклеарлашиб бораётгани билан оиланинг коммуникатив функциясининг аҳамияти ортиб бормоқда. Бу ўринда ўзбек оиласининг ўзига хос хусусияти: кўп авлодлилик, кўп фарзандлилик кабилар бундай оилалар ўртасида ўзаро мулоқот тўлароқ амалга ошишига асос бўлади. Бироқ сўнгги йилларда баъзи оилаларда ота-оналар ва фарзандлар ўртасида мулоқотнинг камлиги, бир-бирига эътиборнинг пасайиши, оила аъзоларининг ўртасида фикр эркинлигининг чекланганлиги ҳолатлари мавжуд. Ҳатто оиладаги ўзаро муносабатларнинг ёмонлашуви натижасида оила аъзоларининг айримларида стресс (асабий танглик), суицид (ўз жонига қасд қилиш) каби нохуш ҳолатларни келиб чиқиши кузатилмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аввало оила аъзолари ўртасида ошкора, яқин, ўзаро тушунарли, ишончли мулоқотни амалга ошириш учун зарур шарт- шароитларни яратиш, бу борада ёшларга тегишли билимларни бериш, аҳоли учун психологик маслахатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, тренинглар ташкил этиш, «Ишонч телефонлари», «Қалб марказлари» кабилар фаолиятини такомиллаштириш лозим.
Юқорида тилга олинган оилавий муносабатлар ўзига хос шаклларини амалга оширишнинг энг қулай йўли - аввало ёш ота-оналарнинг маънавий билим савиясини ошириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса уларнинг фарзанд олдидаги, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашини, инсоннинг дунёга келиши ва камол топиб ривожланишига оид қонуниятларни пухта билишни, оилавий муносабатлар доирасида миллий урф-одат, анъаналаримизнинг энг нодирларини турмушга сингдириш орқали оилани мустаҳкамлашни тақозо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |