ЁШ ОИЛА ВАКИЛЛАРИГА АМАЛИЙ ТАВСИЯЛАР
Вақтни режалаштириш. Вақт бу инсон умрининг бойлигидир. Одамларнинг юксалиши вақт туйғусини эгаллагандан кейингина бошланади, у ўз вақтидан самаралироқ фойдаланишга интилади. Вақт учун тож-тахт бир пул. Инсон вақтни ҳис эта бошлагач энг тузатиб бўлмайдиган хасталик - қотиб қолишликни енгади. У ўзида чинакам инсонни яратади. Аксарият ёшлар ўз келажагига нисбатан алданади, қариялар ўз ўтмишига нисбатан алданади. Ёшлар орзулар билан яшайди, кексалар хотиралар билан. Орзу ҳам, хотира ҳам меъёрида бўлгани маъқул, меъёридан ошиб кетса, зиён келтиради.
Бугунги кун билан яшаётган шахс ўз вақтидан самарали фойдаланмаётган ҳисобланади.
Шунинг учун инсон ўз-ўзини таҳлил қилиб туриши лозим. Ҳар бир йигит ва қиз кечқурун ётишидан олдин кун давомида ўтган ҳаётини кўз олдига келтириб, нималар қилди, нималарга эришди, яна нималар қилиши кераклиги ҳақида ўйлаб кўриши керак. Бунда бизга “5 бармоқ” методи ёрдам беради.
Синчалоқ - тафаккур жараёни: бугун мен қандай билим ва тажрибаларни ўзлаштирдим.
Номсиз бармоқ - мақсаднинг яқинлиги: бугун мен нима қилдим ва нималарга эришдим.
Ўрта бармоқ - руҳий ҳолат: бугун менинг устун кайфиятим қандай бўлди, руҳим нималарга мойил бўлди.
Кўрсаткич бармоқ - ёрдам, хизмат кўрсатиш: бугун мен бошқаларга нима ёрдам бердим.
Катта бармоқ - тетиклик ва жисмоний ҳолат: бугун менинг ҳолатим қандай бўлди. Мен соғлиғим учун нима қилдим.
Ўзини-ўзи таҳлил қилиб юрган инсон ҳаётида кўплаб муваффақиятларга эришиши муқаррар. Инсон ҳақиқий инсоний фазилатарга эга бўлишни истаса ҳар куни бир марта ё ҳафтада бир марта ўзига ўзи ҳисоб бериб туриши керак. Умр қандай ўтаяпти. Илмга, жамиятга, ўзига, оиласига фойдали бирор иш қилдими ёки йўқми? Ўзи мулоқотда бўлган ақлли кишилардан эшитган, билган, кўрган нарсаларига ўзи ҳам амалда риоя қилса шунинг ўзи уни ҳақиқий инсонлар қаторига қўшиб қўяди.
Ҳаётини мана шундай таҳлил асосида ташкил этган ёшлар, албатта оилавий муносабатлар жараёнида катта муваффақиятларга эришиши мумкин.
Шу билан бирга:
1. Ҳар бир эркак ўз аёлига меҳр-муҳаббатли бўлиб, уни болаларининг онажониси сифатида эъзозласин, аёл эса эркакни оила султони, болаларнинг отаси деб қарасин.
2. Аёл ва эркак бир-бирини ниҳоятда қадрлаши, агар улардан бири бўлмай қолса оилага ёмон путур етишини чуқур хис қилиши керак, бир-бирига вафодор, оғир табиатли, ўзини тута билишни ва доим ақл-фаросат билан иш тутишни билсин.
3. Хоҳ эркак, хоҳ аёл озодалик, саранжом-саришталик, уй-рўзғор ишларига эпчилликни энг яхши фазилат деб ҳисобласин.
4. Қари бор уйнинг зари бор деган нақл ҳикматига амал этиб, оилада ёши катталарни, қарияларни ҳурматлаш ва эъзозлашни унутмасин.
5. Ота-она билан фарзандлар ўртасидаги шарм-ҳаё ва ширин муомала йўқолмасин.
6. Ҳар бир оилада ўзига хос яхши анъана-удумлар бўлсин.
7. Уйда катта-кичик ҳамма ўз бурчини билсин, рўзғор ташвишини баравар ўйласин, кийим-кечакларни, ноз-неъматларни турли буюмларни асраб-авайласин, ҳар бир ножўя ишда ўзини маънавий жавобгар хис этсин.
8. Ширин сўз бўлиш оиланинг биринчи бахти эканини ҳамма билсин. Оилада аҳиллик, тотувлик ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат бўлсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |