Битирув малакавий иш мавзусининг долзарблиги.
Оиланинг, хусусан, ёш оиланинг жамият маънавий ҳаёти, унинг барқарорлигидаги ўрни ва нуфузи юқоридир. Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ оилани, айниқса, ёш оилани, оналик ва болаликни, ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ҳукуматимиз сиёсатида марказий ўрин эгаллаб келмоқда. Чунки, биз инсоният тарихида унутилмас бурилиш палласи - илм-фан, техника ва технология тараққий этган ХХ1 асрда яшамоқдамиз. Қолаверса, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёни кечмоқда. Дунё ҳамжамияти билан турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш, олдимизда турган иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этиш ҳамда жамиятимизни маънавий-маърифий жиҳатдан такомиллаштириш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг, оила ва келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол, доно, илғор фикрли ва заковатли бўлишига интилмоқдамиз. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун эса, аввало, оиланинг, шу жумладан ёш оиланинг турмуш тарзи соғлом бўлишига эришиш лозим. Ёш оиланинг мустаҳкамлиги, фаровонлиги, ўзаро-ҳурмат ва аҳилликни таъминлаш–миллий мафкурада кўзда тутилган мақсадларни амалга оширишда, оиланинг эл-юрт таянчи бўлишдек муқаддас вазифасини адо этишини таъминлайди. Зеро, давлатимиз раҳбари оиланинг жамият тараққиётидаги нуфузини таърифлаб, “Оила ҳақида гапирар эканмиз авваламбор, оила ҳаётнинг абадийлиги, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга келажак насллари қандай инсон бўлиб етишишга бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини тан олишимиз керак”3. Бунда ёшларнинг оилавий ҳаётга етуклиги муҳим саналади. Никоҳга етуклик -ёшларнинг оила қуриш мотивлари, никоҳга қадар бир-бирларини таниш муддати, шарт-шароитлари, бўлғуси оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари кабилар билан белгиланади.
Оилага етуклик бу - оила қурувчи ёшларнинг жисмоний, жинсий, ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий, психологик каби жиҳатларидир. Шахснинг психологик етуклиги, даставвал, унинг турли ҳаётий вазиятлар ва шароитларни хушёр баҳолай олишида кўзга ташланади. Бу хушёрлик, амалийлик, воқеликни тўғри баҳолай олиш, шахсда ўзининг ютуқ ва камчиликларини билиш, малака ва қобилиятини етарлича баҳолай олишда намоён бўлиши керак. Афсуски, кўпинча ёшларнинг ўз қобилиятларини орттириб баҳолаб, ўз олдиларига эришиб бўлмайдиган мақсадларни қўйиш холларига дуч келинади. Айниқса, оилавий ҳаётни тасаввур қилиш, унда ўз ўрнини баҳолаш масаласида ёшларимизнинг ўзларини орттириб баҳолаши, оилавий ҳаётдан мумкин бўлганидан кўпроқ нарсани талаб қилиш туфайли кўпроқ хатога йўл қўйиш холлари кузатилади. Психологик етукликнинг муҳим мезонларидан бири шахсни оилавий муаммоларни адолатли ҳал этишга хизмат қилувчи ўз мустақил фикри, қараши, позициясини билиши, зарур бўлганда оила борасида ўз қарашларини ҳимоя қила олишидир.
Республикамизда кейинги йилларда оила-никоҳ муносабатлари ўзгариб бормоқда. Бу борадаги ўзгаришларга: 1) оиланинг жамият олдидаги функцияларининг ўзгариб бориши; 2) оила аъзолари сонининг ва туғилишнинг камайиши, мураккаб кўп оилали типдан, алоҳида мавжуд бўлган оилалар типига айланиб бораётганлиги; 3) оилавий муносабатлар тизимида эр-хотин функцияларининг ва оилавий роллар ҳақидаги ижтимоий тасаввурларнинг ўзгариб бораётганлиги; 4) аёллардаги репродуктив установкаларнинг ўзгариб бораётганлиги кабиларни киритиш мумкин.
Бугунги кунда оила масаласи янада долзарбликни тақозо этмоқда ва давлат сиёсати даражасигача кўтарилди. Чунки, мустақил давлатимизнинг тараққиёти келажагимиз эгалари бўлган ёшларга, уларнинг дунёқарашига, оилавий муҳитнинг соғломлигига, мустаҳкамлигига узвий боғлиқдир. Ёш оилани оилавий ҳаётнинг дастлабки босқичларида суяш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш азалий удумларимиздандир. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”4. Бу жараёнларнинг дастлабки онлари учун масъул бўлган ёш оила ва унинг хусусиятларини билиш даврнинг долзарб масалаларидандир. Чунки ёш оила ҳам ўзига яраша бир олам, жамиятнинг кичик уюшмаси бўлиб, тарбия ишида ўзига хос хусусиятларни намоён қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |