Геологик вақт – бу табиий календар бўлиб, унинг ҳар бир варағи, ҳар бир сатри бир вақтнинг ўзида ривожланувчи сон-саноқсиз ҳодисаларнинг ўзгаришидаги кетма-кетликни акс эттиради. Улардан баъзилари муайян чегараланган ҳудудларда, бошқалари кенг минтақаларда, учинчилари эса сайёралар миқёсда содир бўлиб, ривожланаётган Ернинг бирлигини акс эттиради. Шунинг учун ҳам стратиграфия маҳаллий, минтақавий ва умумий стратиграфик шкалалар тушунчаларига таянади. Геологик жараёнларнинг излари бўйича ҳодисалар тикланади. Уларни хронологик кетма-кетликда жойлаштириб, тадқиқотчилар кесмаларни табақалайди ва таққослайди, бу эса оқибатда турли миқёсдаги стратиграфик шкалаларни тузишга имкон беради. Маҳаллий стратиграфик шкалалар ўзаро таққосланиб минтақавий шкала ишлаб чиқилади. Улар асосида Халқаро стратиграфик шкала яратилади. У эса глобал эталон саналади.
Эон (эонотема) - энг йирик геохронологик бирлик бўлиб, унинг давомийлиги кўплаб миллион, ҳатто, миллиард йилларни ташкил этади. Ер тарихида архей, протерозой ва фанерозой эонлари ажратилади. Архей ва протерозой токембрий ёки криптозой номи билан юритилади.
Эра (эратема) - эоннинг бир қисми бўлиб, унинг давомийлиги бир неча юз миллион йилни ўз ичига олади. Эралар Ернинг ва ундаги органик дунёнинг йирик ривожланиш босқичларини акс эттиради. Эралар орасидаги чегаралар органик дунё ривожланишидаги туб ўзгариш босқичларини характерлайди. Фанерозой эонида учта: палеозой, мезозой ва кайнозой эралари ажратилади.
Давр (система) – бу давомийлиги ўнлаб миллион йил бўлган геологик вақт оралиғи бўлиб, унинг номи аксарият ҳолларда шу давр ётқизиқлари биринчи бор аниқланган жойнинг номидан келиб чиққан.
Эпоха (бўлим) – бу геологик даврнинг бир қисми бўлиб, бир неча ўн миллион йилни қамраб олади. Эпохаларнинг номи вақт кетма-кетлигига асосан эрта, ўрта ва кечки бўлиши мумкин. Баъзи эпохалар ўзининг хусусий номига эга.
Аср (ярус) – бу геологик эпоханинг бир қисми бўлиб, давомийлиги бир неча миллион йилни қамраб олади. Асрларнинг номлари шу вақтда ривожланган ётқизиқлар биринчи бор ўрганилган вилоятлар, районлар, дарё ҳавзалари, аҳоли манзиллари номидан олинган бўлади.
Ажратилган стратиграфик табақаларни геологик хариталарда тасвирлаш учун муайян ранглар ва индекслардан (ҳарфли ва рақамли белгилар) фойдаланилади.
Архей, индекси Аr, ранги тўқ пушти;
Протерозой, индекси Pr, ранги ош пушти
Палеозой, индекси Pz, ранги жигарранг;
Мезозой, индекси Mz; кўк ранг
Кайнозой, индекси Kz; ранги сариқ.
Бутун дунёда Халқаро геологик конгрессда олдингиларига ўзгартиришлар киритиб қабул қилинган геохронологик (стратиграфик) шкаладан фойдаланилади. Янги шкала қуйидаги табақаларни ўз ичига олади (4-жадвал):
Do'stlaringiz bilan baham: |