Ернинг ёши ва геохронологик шкала
Ер пўстининг геологик ривожланиш тарихида воқеаларнинг кетма-кетлиги асосан турлича келиб чиқишга эга бўлган тоғ жинсларида қайд этилган. Улардан бирлари (чўкинди ва вулканоген) қатлам деб аталувчи энг оддий шаклларни ҳосил қилади. Улар бир-бирига кетма-кет ётади. Бошқалари эса (интрузив магматик жинслар) ўлчами ва шакли бўйича мураккаб таналарни ҳосил қилади. Уларнинг вужудга келган вақтини аниқлаш муҳим вазифа ҳисобланади.
Геологияда нисбий ва мутлақ ёш (геохронология) тушунчалари мавжуд.
Нисбий геохронология
Ҳудудларнинг геологик тузилиши ва тарихий тараққиёти стратиграфик тадқиқотлар асосида аниқланади. Бундан ташқари, стратиграфик тадқиқотлар геологик, тектоник, литолого-палеогеографик хариталар ва схемалар тузишда, шу жумладан фойдали қазилма конларини башорат қилишда ва уларни қидиришда кенг қўлланилади.
Стратиграфия фанининг асосий вазифаси бўлиб ётқизиқларни стратиграфик табақалаш ва таққослаш саналади. Стратиграфик табақалаш - бу кесмада маълум белгилари билан фарқланувчи алоҳида горизонтлар, пачкалар вa қатламларни ажратишдан иборат. Табақаланган кесмалардаги стратиграфик бирликлар ёши бўйича ўзаро таққосланади.
Бир-биридан узоқда жойлашган кесмаларни ўзаро таққослашда биостратиграфик, литостратиграфик, ритмостратиграфик ва магнитостратиграфик усуллардан фойдаланилади. Уларнинг ҳар бири ўзига яраша ютуқларга ва камчиликларга эга. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда улардан биргаликда фойдаланилади.
Биостратиграфик усул (лотинча “био” – ҳаёт, “стратум” - қатлам) қариларининг устига ёш қатламлар ётувчи қонуний кетма-кетликка асосланган.
Нисбий ёшни аниқлашнинг энг ишончли усули бўлиб биостратиграфик усул ҳисобланади. У XIX асрнинг бошларида В. Смит томанидан таклиф этилган ва кейинчалик Ж. Кювье ва А. Броньяр томонидан батафсил ишлаб чиқилган.
Биостратиграфик усул тоғ жинсларидаги ҳайвон (фауна) ва ўсимлик (флора) қолдиқларини ўрганишга асосланган. Палеонтологик маълумотлар асосида Ерда ҳаётнинг эволюциясидаги муайян кетма-кетлик ва такрорланмаслик аниқланган бўлиб, у нисбий геологик йил ҳисоби тизимини яратишга имкон берди.
Тоғ жинсларининг нисбий ёшини аниқлаш учун асосан органик қолдиқларнинг энг кичик таксономик бирликлари – авлодлар ва турлардан фойдаланилади. Уларнинг орасида етакчи тошқотган органик қолдиқларгина бу масалани ечиш учун яроқли бўлади. Етакчи мақомига эга бўлиш учун улар учта асосий талабга жавоб бериши шарт:
- мумкин қадар қисқа геологик вақт давомида пайдо бўлган, гуркираб ривожланган ва қирилиб кетган бўлиши;
- сон жиҳатдан жуда кўп бўлиши;
- ер юзасининг катта майдонларида тарқалган (космополит) бўлиши лозим.
Демак етакчи органик қолдиқ деб қисқа геологик вақт давомида йирик ҳудудларда тарқалган, сон жиҳатдан кўп бўлган ва осон таниладиган қирилиб кетган организмларнинг тошқотган қолдиқларига айтилади.
Бу тушунча стратиграфияга XIX асрнинг ўрталарида немис палеонтологи Г. Брони томонидан киритилган ва у дунёда биринчи бўлиб умуртқасизлар етакчи шаклларининг атласини тузган.
Етакчи органик қолдиқлар усули бир хил етакчи органик қолдиқлар учрайдиган ётқизиқлар бир хил ёшли деган тушунчага асосланган. Узоқ вақтлар давомида бу усул биостратиграфияда асосий усул бўлиб келган ва унинг шарофати билан тафсилий стратиграфик шкала тузилган, бир - биридан анча узоқда жойлашган ётқизиқларнинг кесмалари табақаланган ва таққосланган.
Қирилиб кетган саноқсиз организмларнинг орасида етакчилик талабларига жавоб берадиган шакллари ҳам кўп. Буларга мисол тариқасида Obolus apollinis – ордовикнинг тремадок яруси учун, Choristites mosquensis – карбоннинг москва яруси учун, Cadoceras elatmae – ўрта юранинг келловей яруси учун, Cardioceras cordatum – юқори юранинг оксфорд яруси учун, Deshayesites deshayesi, Acanthohoplites – қуйи бўрнинг апт яруси, Leymeriella ва Anahoplites - альб яруси учун, Belemnitella mucronata – юқори бўрнинг кампан яруси учун ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Етакчи органик қолдиқлар бўлиб фақат организмларнинг турларигина эмас, балки авлодлари ва ҳатто оилалари, отрядлари ва синфлари ҳисобланиши мумкин. Бу стратиграфик табақаларнинг таксономик бирликларига боғлиқ. Масалан, цератитлар фақат перм ва триас даврларидагина ривожланган, археоциатлар эса эрта кембрийда, трилобитлар - кембрий, ордовик ва силурда яшаган, девон ва эрта карбонда улар инқирозга учраган ва қирилиб кетган.
Оддий бўлган бу етакчи органик қолдиқлар усули ҳам камчиликлардан ҳоли эмас. Чунки баъзи шакллар кенг тарқалган ва уларни космополитлар дейилади, бошқаларининг тарқалиш майдони чегараланган бўлиб, уларни эндемиклар дейилади. Демак бундай тадқиқотларда организмларнинг яшаган давридаги табиий-географик шароитлар ҳам ҳисобга олиниши шарт. Шу билан бир қаторда табиатда мутлақ космополитлар бўлиши мумкин эмаслигини ҳам ҳисобга олиш зарур. Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам қуруқликда, ҳам денгизда, ёки турли шўрликда ва чуқурликда яшайдиган организмалар йўқ. Яшаш муҳитининг табиий-географик шароитларга боғлиқ ҳолда ҳар бир тур ёки авлод ўзининг муайян тарқалиш ҳудудига эга бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |