ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ВИЛОЯТ ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ КАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ИНСТИТУТИ
ENGLISH FOR EVERYBODY
ҲАММАБОП ИНГЛИЗ ТИЛИ
INTENSIVE COURSE OF ENGLISH
(FOR RETRAINING COURSE)
УРГАНЧ - 2012
Ушбу қўлланма инглиз тилини ўрганишни истаган турли ёшдаги ва турли касбдаги кишиларга бағишланган бўлиб, у тўрт қисмдан иборат. Биринчи қисмда инглиз тили фонетикаси, ҳақида маълумот ҳамда машқлар берилган. Иккинчи қисмда инглиз тилини ўрганишда зарур бўлган грамматик ҳодисалар келтирилган. Учинчи қисмда оғзаки нутқни ўстиришга қаратилган нутқий наъмуналар берилган. Тўртинчи қисмда эса турли мавзуларни ўрганишни назарда тутувчи сеанслар келтирилган.
Мазкур қўлланма кайта тайёрлов курси тингловчилари учун, хамда ўрта мактабда инглиз тили ўқитишнинг юқори босқичида, лицейларда ва олий ўқув юртларининг бошланғич босқичида дарсликка қўшимча ўқув воситаси сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Тайёрловчилар: Собиров Кахрамон. Тил ва адабиёт таълими кафедраси катта укитувчиси
Атаев Азизбек. Тил ва адабиёт таълими кафедраси укитувчиси
Такризчилар: Палванов Давронбек. УрДУ, Инглиз тили кафедраси катта укитувчиси
Матчанов Музаффар. УрДУ, Инглиз тили кафедраси катта укитувчиси
СЎЗ БОШИ
Инглиз тилини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қуйган азиз тингловчи!
Мазкур қўлланма инглиз тилини илк бор ўрганишга азму қарор қилган турли ёшдаги илм толибию толибаларига мўлжалланган.
Ушбу қўлланманинг мақсади турли касб эгалари, айниқса, бизнес билан шуғулланаётган ишбилармонларни қисқа вақт ичида инглиз тилининг алифбоси ва талаффузи билан таништириш ҳамда гапириш ва суҳбатлашишга ўргатишдан иборатдир.
Сўнгги йилларда инглиз тилида суҳбатлашиш эҳтиёжи ва истагининг ўсиб бораётганлигини ҳисобга олиб, қўлланмада кундалик ҳаётда тез-тез учраб турадиган сўз ва иборалар берилган. Улар энг оддий ҳаётий вазиятларда инглиз тилида суҳбатлашиш кўникмаларини ўстиришни таъминлайди.
Биринчи қисмда сиз инглиз алифбоси билан танишасиз ва инглиз тилидаги унли ҳарфларнинг ҳамда унли ва ундош ҳарф бирикмаларининг ўқилиш сирларидан огоҳ бўласиз. Уларни тўғри талаффуз қилишда эса сизга магнит тасмасига ёзилган машқлар ёрдам беради.
Иккинчи қисмда инглиз тилини ўрганишда грамматик нуқтаи назардан тўғри гаплар тузиш учун зарур бўлган энг муҳим грамматик ҳодисалардан таркиб топган минимум берилган. Улар сизга инглиз тилида тўғри, хатосиз гаплар тузишингизга ёрдам беради, зеро, грамматик қоидаларни ва сўзларнинг бир-бирлари билан боғланиб гаплар ҳосил қилиш йўлларини ўрганиб олмасдан туриб, фикрингизни инглизча ифода қилиш қийин, аниқроғи мумкин эмас.
Учинчи қисм ўн олтита дарсдан ташкил топган. Ҳар бир дарсда грамматик қурилмаларни ўзида акс эттирган нутқий наъмуналар ва шу нутқий наъмуналарда машқ қилиши мўлжалланган сўз ва иборалар берилган. Ушбу сўз ва ибораларнинг ўзбек тилидаги таржималарининг ҳам берилганлиги уларни нутқ, жараёнида тушунган ҳолда қўллашни осонлаштиради.
Барча нутқий наъмуналар магнит тасмасига ёзилганлиги сабабли ҳам сиз, азиз тингловчи, суҳандоннинг талаффузига тақлид қилган ҳолда уларни тўғри ўқишни осонгина ўрганиб оласиз.
Тўртинчи қисм "Танишув", "Шаҳарда", ''Меҳмонхонада" ва "Саёҳат" мавзулари асосида тузилган бешта ритмопедик сеансни ўз ичига олган. Бу сеанслар ҳам магнит тасмасига ёзиб қўйилган.
Ушбу қўлланмада берилган тил материалидан ва магнит ёзувларидан қандай фойдаланиш кераклиги унда берилган махсус методик кўрсатмада батафсил баён қилинган. Бу қўлланмадан фойдаланганда сиз унда келтирилган барча кўрсатмаларга қатъий амал қилишингиз керак, шундагина сиз инглиз тилини қисқа вақт ичида ўрганиб олишингиз мумкин.
Мазкур қўлланма инглиз тилини тезкор усул асосида ўрганишдаги биринчи қадамдир.
Келгусида ушбу қўлланманинг бошқа қисмларини ҳам чоп этиш назарда тутилган. Уларда турли касбга ва нутқий вазиятларга оид матнлар ҳамда уларнинг магнитафон тасмаларига ёзилган ёзувлари берилади.
Инглиз тилини ўрганиш йўлидаги эзгу ниятларингизнинг амалга ошишида Сизга омад ёр бўлсин!
Муаллифлар
Do'stlaringiz bilan baham: |