Ҳар қандай ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ишлари дастлабки тергов ҳаракатларига киради ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 135-141 моддалари талаблари асосида амалга оширилади.
Кўздан кечиришнинг энг асосий вазифаларидан бири бу жиноятни очиш учун имкон берувчи излар ва бошқа ашёвий далилларни аниқлашдир. Терговчи, жиноятга алоқаси бўлиши эҳтимоли бўлган бундай излар, предметлар ва ҳужжатларни излаб топар экан, уларни қайд қилади ва ишга қўшиб қўйиш учун олиб қўяди. Йиғилган ашёвий далиллар терговчи ва бошқа мутахассислар ҳамда экспертлар томонидан кейинчалик амалий хулосалар чиқаришда асос бўлиб хизмат қилади.
Кўздан кечиришнинг яна бир муҳим вазифаларидан бири бу жиноят ҳолатларини ўрганишдир. Жиноят содир этилган ҳолатни ўрганиш асосида терговчи воқеанинг моҳиятини, айбдор шахсларни аниқлашга интилади ва кўздан кечириш натижаларидан кечиктириб бўлмайдиган тезкор тадбирларни уюштиришда фойдаланади. Кўздан кечириш натижалари тусмоллар тузиш ва уларни текшириб чиқиш учун имкон яратиб беради, кўпгина ҳолатларда эса тергов йўналишини кўрсатиб беради ва ишнинг тезда якун ясалишига ҳам шароит туғдиради.
Терговчи ёки эксперт томонидан жиноят ҳолатини шахсан тасаввур қилишини, унинг тадқиқот қилиниши керак бўлган айрим деталларини бевосита кўздан кечириш имкониятлари ўрнини ҳеч қандай гувоҳларнинг батафсил кўрсатмалари қоплай олмайди. Ҳодиса бўлган жойни кўздан кечириш кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракати бўлибгина қолмасдан, балки у ўрнини ҳеч қандай ҳаракат қопламайдиган тергов ҳаракати ҳам ҳисобланади. Ёнғин бўлган жойни кўздан кечиришда ҳам бу асосий принциплар сақланиб қолинади. Ёнғинларни суриштиришда ёнғин сабабини аниқлаш ва айбдор шахсларни излаб топиш учун исботлаш занжирини аниқлаш бўйича ишлар ҳам айнан ана шу кўздан кечиришдан бошланади. Бу ҳолатда ҳам терговчининг олдида турган вазифалар ҳодиса содир этилган жойни кўздан кечиришнинг умумий қоидаларига риоя қилишдан фарқ қилмайди. Бироқ ёнғин бўлган жойни кўздан кечириш ўзига хос хусусиятларга эгадир. Ёнғинларни суриштиришнинг мураккаблиги ҳам айнан мана шу хусусиятларга боғлиқ бўлиб, ижрочилардан махсус малакага эга бўлишларини, юқори даражада объективли ва ишни амалга оширишда синчков бўлишларини талаб қилади.
Ёнғин бўлган жойни кўздан кечиришнинг муҳим хусусиятлари ёнғиннинг вайронгарчилик жараёни характерига эга бўлганлиги билан, унинг оқибатлари сирларини очиш учун эса махсус билимлар талаб қилиниши билан белгиланади. Бунинг учун эса ҳатто ёнғин хавфсизлиги хизматининг у ёки бу соҳасида умумий тажрибага эга бўлиш ёки энг юқори даражада ёнғин-техник тайёргарликка эга бўлганлик ҳам етарли бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун махсус тажриба ва тайёргарлик, шунингдек ёнғинларда маълум шароитлар учун ёниш жараёнининг конкрет қонуниятларини билиш ҳам талаб қилинади.
Ёнғин бўлган жойни кўздан кечиришда одатда қуйидаги вазифалар қўйилади:
- ёнғин ўчоғининг белгиларини излаб топиш ва қайд қилиш;
- ёнғин сабабига алоқадор бўлиши эҳтимоли бўлган шахсларнинг изларини (хатти -ҳаракатларини, оёқ изларини) излаб топиш ва қайд қилиш;
- иш бўйича ашёвий далил бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган предметларни излаб топиш, олиб қўйиш ва уларнинг сақланишини таъминлаш;
- ёнғин сабабининг вужудга келиши ва ёнғиннинг пайдо бўлиши, ёнғиннинг пайқалиши ва ўчирилиши ҳолатларини ёритиб берадиган маълумотларни тўплаш;
Ёнғин бўлган жойда ёнғин ўчоғининг ҳолати ҳақида хулоса қилиш учун зарур маълумотларни тўплаш имконияти ёнғинларда ёнишнинг ўзига хос хусусиятларини ёритиб берадиган белгиларнинг (аломатларнинг) вужудга келиши қонуниятларига боғлиқдир. Ўчоқ белгилари (аломатлари), ёнишнинг йўналтирилганлиги ўзига хос исботловчи омиллардан ҳисобланади. Уларни излаб топиш ва қайд қилиш кўздан кечириш жараёнининг асосини ва энг мураккаб қисмини ташкил қилади. Бир қарашда бу вазифани ҳатто муваффақиятли ҳал қилингандек кўринган тақдирда ҳам кўздан кечириш жараёнида ёнғин ўчоғи ҳолати ҳақидаги хулосани унинг етказган талафотларига қараб шошма-шошарлик билан хулоса қилиш ярамайди, бу катта хатога йўл қўйишга олиб келиши мумкин. Ишга бундай ёндашиш натижасида ҳатто катта тажрибага эга бўлган суриштириш ишларига мутахассислашган ходимлар томонидан ҳам хатоликларга йўл қўйилади. Шунинг учун ҳам кўздан кечириш жараёнида бирламчи вазифа деб, ёнғин ўчоғини аниқлашни эмас, балки ёнғин чиққан жойнинг белгилари (аломатлари)ни излаб топиш ва уларни қайд қилишни белгилаш зарур, кейинчалик тўпланган маълумотларга натижасида якуний хулосалар чиқарилади.