9. Ёнғин хавфсизлиги хизматларида бошлиқ ва ходимларнинг ишларини режалаштириш ва ташкиллаштириш
/2; 3; 4; 9; 12 /
Шахсий режалаштиришнинг шакллари ходим бажарадиган ишларнинг тавсифига ва ҳажмига боғлиқ. Шу билан биргаликда шуни ҳам унутмаслик керакки, режалаштириш учун ходимнинг кўп вақти сарфланмаслиги керак. Ходимлар ўзининг шахсий иш режаларини бир ойга, бир ҳафтага ёки бир кунга мўлжаллаб тузишади. Бошлиқлар таркибининг шахсий режалаштириш шакли ДЁХХ аппарати раҳбари белгилаб беради.
Шахсий режалаштириш ва бажарилган тадбирларни қайд қилиб боришда энг қулайи бўлиб жадвал усули ҳисобланади.
ДЁН бўлинмалари инспекторларининг шахсий иш режалари бўлиб, уларга бириктирилган масканларнинг ёнғин хавфсизлигига қаратилган ишларини текшириш бўйича ойлик иш жадвали ҳисобланади. Жадвал инспектор томонидан бажарилиши лозим бўлган тадбирларнинг яққол кўзга ташланарли жиҳатидан, бажарилган ишларни белгилаб туришда ва уларнинг бир текисда тақсимланишида ва таҳлил қилишга жуда қулайликлари жиҳатларидан афзалликларга эга. Бу жадвалда кутилмаган тадбирларни бажариш учун захира вақт ажратиш имкони ҳам мавжуд.
ДЁН идораларида раҳбарнинг ролини олганимизда Бош бошқарма, бошқармалар, бирикмалар, бўлимлар (бўлинмалар) ва қисмлар тажрибали ва чаққон раҳбарлар билан, яъни давлат сиёсатини ва Ички ишлар вазирлиги қўйган барча вазифаларни амалда татбиқ қила оладиган раҳбарлар билан жамланиши керак. ДЁН идораси раҳбари ички ва ташқи алоқаларнинг кўп қиррали бўлган ва ахборот оқимининг ниҳоятда жуда юқори бўлган бир пайтида, меҳнатнинг илмий томондан бошқариш усулларидан ва уни илмий ташкил қилиш кўникмаларидан фойдалана олиши керак.
Раҳбарнинг ишида асосий элемент – қарор қабул қилиш, таъсир чорасини белгилаш, юклатилган вазифани бажариш учун масъул шахсларни тайинлаш. Фармойишлар, кўрсатмалар ва тавсиялар фақат техник ёки тезкор тавсифга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, ижро этиш қарорини қабул қилишдан олдин, ушбу масала бўйича директив ахборот кўрсатмасининг мазмунини билиб олиш, масаланинг ҳуқуқий томонини ва техник манбаларини ўрганиш, қўйилган вазифани бажариши керак бўлган аппаратларнинг имкониятларини аниқлаб олиш керак. Ундан кейингина қарор ҳужжат кўринишида расмийлаштирилади. Пухта ўйланмаган ва нотўғри қарорлар нафақат раҳбарнинг ҳурматини (авторитетини) тушириб юборади, балки бутун аппарат жамоасининг шаънига доғ туширади.
Раҳбарнинг кейинги бошқарув элементи – бу бошқарилувчи тизимлар, яъни давлат ёнғин назоратининг қуйи бўғинларига ижро этиш учун берилган ахборотнинг бажарилишини назорат қила олиш қобилияти.
Раҳбар ходим ўзининг меҳнатини ташкил қилишда энг асосий шахс ўзи эканлигини ва бу ишда энг асосийси - ўзи ва ёрдамчилари орасида мажбуриятларни тўғри тақсимлаш кераклигини тушуниб етиши керак. Ушбу тақсимлашни шундай амалга ошириш керакки, унинг билими, шахсий иштироки ва ҳурматини (авторитетини) талаб қиладиган айрим қарорларни қабул қилишда ўзи, масъулияти нисбатан пастроқ бўлган қарорларни қабул қилишда эса, ваколатларига қараб, унинг ўринбосарлари ва ёрдамчилари томонидан қабул қилиниши керак.
Бошқарма, бирикма, бўлим (бўлинма) ва қисмларнинг раҳбарлари ўзларининг иш кунларини тўғри ташкил қилишлари, қўл остидаги ходимларнинг хизмат вазифаларини ўзаро тўғри тақсимлай олишлари, уларни ўзининг шахсий хулқ-атвори мисолида тарбиялай олиши шартдир. Лекин, бу талабларга жавоб бериш учун бошқарма раҳбари хизмат кўрсатаётган ҳудудни яхши билиши, жойлардаги тезкор ҳолатдан хабардор бўлиб туриши керак. У 50% дан кам бўлмаган иш вақтини корхоналарда, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларида, шаҳарларда ва туманларда хизмат сафарларида ўтказиши керак.
Кенг ва яхши фикрлашни, муаммони ҳал қилишда тўғри йўлни танлашни, умумлаштиришни ўрганиш учун фақат истак ва хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бошқаришнинг ва меҳнатни илмий ташкил қилишнинг, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ва кўнгилли ўт ўчириш жамоат ташкилотларини бошқаришнинг замонавий усулларини мукаммал билиш керак. Бошқарма бошлиғи қўл остидаги ходимларнинг ишини фақат улар билан яқиндан мулоқотда бўлгандагина тўғри баҳолай олади. У энг малакали ходим сифатида шаҳарда, туманда ёки корхоналарда керакли амалий ёрдам кўрсатиши мумкин, шу билан биргаликда у ерда керакли ахборотни бевосита олади.
Давлат ёнғин назорати аппаратининг раҳбари туманларда ёки масканларда бўлган чоғида содир этилган ёнғинларнинг сабабини аниқлаши, маслаҳатлар бериши, ёнғинларга олиб келувчи камчиликларни жойида бартараф этиш учун чоралар кўриши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузувчи шахсларга нисбатан эса маъмурий жазо чораларини қўллаши шарт. У тарбия усулларини ходимларга иродавий таъсир кўрсатиш ва хизмат юзасидан итоаткорликка мажбурлаш усуллари билан уйғунлаштиришни ўрганиши керак. Раҳбар ўз қўл остидаги ҳар бир ходимнинг сиёсий ва ишбилармонлик сифатлари билан унга юклатилган вазифаларни ечишга мос келишини эришишга интилиши керак. Қўл остидаги ходимларнинг ишини раҳбар доимий назорат остига олиши керак, чунки назорат интизомли бўлишга ундайди, хатоларнинг олдини олади ва масъулиятни оширади. Лекин текшириш ва назорат қилишда майда кузатишларга айланиб қолмаслиги керак.
Раҳбар учун асосий вазифалардан бири қўл остидаги ходимларда юқори масъулият ҳиссини, эгаллаган касбидан ғурурланиш каби жиҳатларни тарбиялашдир. Ходимларни тарбиялашдаги яна бир ўзига хос томонларидан бири – бу инсонни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, унга маслаҳат бериш ва тушкунликка учраган пайтида унинг кўнглини кўтариш.
Ҳар бир раҳбар бутун қўл остидаги жамоанинг ишига, вилоятда, туманда ёки шаҳардаги масканларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатига шахсан жавобгардир. Бошқаришдаги қаттиқ қўллик тамойили - касбдошлик ва жамоанинг фикрини эшита олиш тамойиллари билан уйғунлашиши керак.
10. ДЁХХда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш
/ 3; 4; 9; 11 /
Бугунги шароитда назорат идоралари ишининг самарадорлиги борган сари бошқарув фаолиятининг сифатига боғлиқ бўлиб бормоқда, бу сифат эса, ўз навбатида, кадрларнинг тайёргарлик даражаси ва ишбилармонлик малакасига боғлиқ.
Кадрларни танлашда, жой-жойига қўйишда ва тарбиялашда биринчи навбатда уларнинг ишбилармонлик сифатлари ва сиёсий онги жиҳатларини эътиборга олган ҳолда, ёш, интилувчан, ташаббускор ва яхши тайёрланган мутахассисларни тавсия этиш керак. Мустақил топшириқларни бажариш билан боғлиқ бўлган лавозимларга тайёргарлиги паст бўлган, ишбилармонлик сифатлари етарли даражада бўлмаган ва суст ходимларни танлаш ва тайинлаш орқали ишда жиддий хатоларга ва узилишларга йўл қўйиш мумкин.
Қоида сифатида, ДЁН аппаратлари ёнғин-техник тайёргарлиги ва махсус маълумоти бўлган ходимлар билан жамланади. ЁХБ аппаратининг ходимлари, бирикмалар, қисмлар ва бўлимлар (бўлинмалар)нинг раҳбарлари муҳандис ва инспекторлик таркиби олий муҳандислик маълумотларига (муҳандис малакасига) эга бўлишлари керак.
Ички ишлар идораларида махсус билим юртларини (олийгоҳларни) энди битириб келган, лекин иш тажрибасига эга бўлмаган ёш ходимларни тарбиялашга катта эътибор беришади. Туман ЁХБ ёки қисмларга тайинланаётган ёш мутахассис, қоида сифатида, вилоят ЁХБда йўриқномадан ўтади, агар лозим топилса, тажрибали инспектор ёнида қисқача амалиётдан ҳам ўтилганидан сўнг иш жойига жўнатилади. Бевосита иш жойида унга мураббийлик вазифасини маҳаллий ДЁН идорасининг раҳбари шахсан ўзи бажаради ва тажрибали ходим сифатида керакли маслаҳатлар беради. У ёш ходимни аста-секинлик билан хизмат вазифалари доирасига бошлаб боради, мураккаб масалаларни ечишда маслаҳатлар беради ва амалий ёрдам кўрсатади.
ДЁН ходимининг дунёқараши жуда кенг бўлиши ва биринчи навбатда қуйидаги соҳаларда маълум бир билими бўлиши керак: саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, савдо тармоқлари ва омборхоналари, мактаблар, болалар, даволаш ва маданий-томоша муассасаларига оид ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билиши; ёнғин ўчириш автомобили ёки мотопомпалар билан ишлашни билиши ва корхоналарнинг ёнғин хавфсизлигига қаратилган ишларини тўғри текшира олиши; ёнғин ўчириш тактикаси ва шахсий таркибни ўргатиш услуби бўйича минимум билими бўлиши; технология жараёнларининг, кимёвий ва нефт маҳсулотларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлай олиши; қурилиш ишларининг, сув таъминоти ва электротехника асосларини билиши ва бошқалар. Халқ хўжалигининг барча жабҳаларига замонавий фан ютуқларининг кириб келиши, уларни кимёлаштириш ва автоматлаштириш, қурилишларда янги ашёларнинг қўлланилиши, электроника соҳасининг жадал ривожланиши каби ўсишлар ёнғин хавфсизлиги хизматининг ходимларидан ҳам ўз билимларини такомиллаштиришни, ўз устида мустақил ишлашни ва билимларини кенгайтиришни талаб қилади.
Давлат ёнғин назоратининг ҳар бир инспектори ўзининг сиёсий-мафкуравий онгини ва ишбилармонлик малакасини ошириш юзасидан доимо изланиши зарур, қонунчиликка қаттиқ риоя қилиши ва ўз иш фаолиятида илғор тажрибалардан фойдаланиши керак. Кундалик иш жараёнида фуқаролар билан бўлган мулоқотларда ўзининг юқори маданиятини ва хушмуомалалигини кўрсата олиши, ҳуқуқий-тартибот қоидаларига риоя қилиши, ички ишлар идораларининг ходими деган юқори номга доғ туширмасликка ҳаракат қилиши каби хусусиятлар ҳам ходимда мужассам бўлиши керак. Савияси юқорилик, меҳнаткашлик ва интизомлилик каби хусусиятлар эса ҳар бир инспекторнинг ажралмас сифатларидан бўлиши зарур.
Кадрларга қўйиладиган талаблар «Ички ишлар идоралари ходимларининг касб одобномаси» да батафсил келтирилган. Инспекторлар орасида «энг яхши инспектор» номига сазовор бўлиш мақсадида вилоятлар миқёсида ва республикада мусобақалар ва танловлар уюштирилади. Ёнғинларни олдини олиш ишларида ва ўзининг хулқ-одоби билан энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган ходимларга бу унвон тантанали равишда топширилади ва бошқа ходимлар орасида бу ишлар тарғиб қилинади.
Давлат ёнғин назоратининг кадрлар таркибини яхшилашга қаратилган ишларидан бири – бу ИИВ буйруқлари билан белгиланган ва ички ишлар идораларининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган навбатдаги ва навбатдан ташқари уюштириладиган хизмат шаҳодатлари. Шаҳодат варақасини тўлдираётган бевосита бошлиқ шаҳодатдан ўтаётган ходимнинг хизматда эришган ижобий томонларини ва хизматдаги ҳамда хулқидаги камчиликларини ҳам кўрсатиб ўтади. Шаҳодат комиссиясининг хулосалари натижасига биноан ходимнинг хизмат поғонаси бўйича кўтарилиши тавсия этилади ёки унинг айрим камчиликлари бартараф этилиши уқтириб ўтилади. Ҳар бир ДЁН ходимининг қобилияти ва билим савияси даражасига қараб ижодий ўсиши ва янада масъулроқ иш жойларига кўтарилиши учун кенг имкониятлар яратилиши керак.
11. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида режалар тизими. Меъёрий ҳужжати, турлари ва ким томонидан тузилади
/2; 3; 4; 9; 11; 12/
ЎзР ИИВнинг 22 сентябр 1993 йилдаги 344-сон буйруғи билан тасдиқланган «ЎзРда ДЁНнинг иш фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисидаги қўлланмаси»га асосан Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида уч турдаги режалар тузилади: ярим йиллик, чорак ва ойлик.
Ярим йиллик иш режалари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ томонидан тузилади ва унда халқ хўжалигининг тармоқлари ва аҳоли пунктларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган комплекс текширишлар ва бошқа тадбирлар режалаштирилади.
Ҳудудий вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаларида ярим йиллик иш режалари ишлаб чиқилади. Туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари), бирикмалар ва қисмларда эса чоракка мўлжалланган иш режалари тузилади. Туман ИИБ ЁХБларида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича инспекторлар ойлик режалар тузишади.
ДЁХХ бошқармалари иш режаларини тузишни жорий йилнинг 10 декабрига қадар тугатишлари керак. Режага перспектив режадаги тадбирлар, шунингдек, ёнғинлар билан боғлиқ бўлган тезкор ҳолатнинг таҳлили натижасини ҳисобга олган ҳолда ИИВнинг юқори ташкилотлари томонидан қўйилган вазифаларни ечишга қаратилган тадбирлар киритилади. Бўйсундирилган бўлинмалар режадаги тадбирларни сўзсиз бажаришлари учун режа нусхаларга кўпайтирилади ва уларга бажариш учун жўнатилади.
Ярим йиллик ва чоракка мўлжалланган тармоқ режалари иккита асосий бўлимлардан иборат: режалаштирилган давр ичида ечилиши керак бўлган вазифалар; халқ хўжалиги масканларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ва ёнғинларни ўчиришни ташкил қилишни яхшилаш бўйича қилиниши керак бўлган конкрет тадбирлар. Режанинг кириш қисмида олдинда турган асосий вазифалар билан бир қаторда республика, вилоят, шаҳар ёки туманда ёнғинлар билан боғлиқ бўлган тезкор ҳолатнинг қисқача таҳлили ҳам келтирилади. Жорий тавсифга эга бўлган тадбирлар таркиб жиҳатдан ёнғин хавфсизлиги хизматининг асосий йўналишларига қараб бўлинади.
Маҳаллий ДЁН идораларининг иш режаларида шаҳар ёки тумандаги давлат ҳокимияти органларига халқ хўжалиги масканларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати тўғрисида маълумотлар бериш масалалари ҳам ўз ўринларини топмоғи керак. Иш режаларига ёнғин хавфсизлигига қаратилган ишларни текшириш тадбирлари ва уларнинг сифатини ҳамда таъсирчанлигини ошириш масалалари ҳам киритилади. Чоракка мўлжалланган иш режаларида ёнғин хавфсизлиги хизматининг шаҳар ва тумандаги соғлиқни сақлаш, халқ таълими, савдо ва бошқа соҳалари муассасалари билан ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирлар ҳам кўрсатилади.
Маҳаллий ДЁН бўлинмаларининг чоракка мўлжалланган иш режаларига ёнғинларни профилактика қилишдан ташқари яна қуйидаги учта бўлим киритилади: шаҳар ёки туман миқёсида бажарилиши мақсадга мувофиқ бўлган ташкилий тадбирлар; хизматни, тайёргарликни ва ёнғин ўчиришни яхшилашга қаратилган тадбирлар; хўжалик-молия фаолиятига боғлиқ масалалар. Ҳар бир тадбирнинг бажарилиши муддатлари ва уларнинг бажарилишига жавобгар шахслар ҳам кўрсатилади.
Иш режаларининг бажарилишини назорат қилиш – ҳар бир ДЁН аппаратининг бирикма ва қисмлар бошлиқларининг мажбуриятлари ҳисобланиб, уларнинг бажараётганлигидан ҳар куни хабардор бўлиб туришлари лозим.
Ярим йиллик режалар ЁХБларида тузилади. Ярим йиллик режаларга кўпинча маълум ташкилий тадбирлар (тезкор вазиятни таҳлили асосида), юқори ташкилотлар қарорлари, мавсумий воқеаларни олдиндан кўришлар асос бўлади ва бу режа бўлинган ҳолда чорак ва ойлик режаларга киритилади.
Режа қандай бўлмасин уни тузишда қуйидаги босқичлардан ўтилади: маълумотни йиғиш ва уни таҳлил қилиш; муаммоли вазиятни аниқлаш ва мақсадни шакллантириш; танлаш рўйхатини тузиш ва ундан хулоса қилиш; режа вариантлари ичидан энг яхшисини танлаш ва уни амалга ошириш.
Режа кўпинча жамоа ижодининг маҳсули бўлади. Уни ишлаб чиқишни ҳар хил босқичларида кўп ходимлар қатнашадилар. Мисол учун ЁХБнинг ярим йиллик иш режасини тузишда ҳар бир ходим ўз таклифини беради, бошқарма раҳбарияти эса уларни умумлаштириб аввал ҳаммасини, ундан кейин режанинг охирги вариантини тузади.
Таянч сўзлар, атамалар ва тушунчалар
Do'stlaringiz bilan baham: |