Оммавий тартибсизликлар, авиация ҳалокатлари, катта ёнғинлар шароитида ички ишлар идораларини бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари. /2; 3; 5; 9; 10/
Оммавий тартибсизликлар натижасида катта моддий зарар етказилади, умумий жиноий вазият кескин ёмонлашади. Оммавий тартибсизликларга қарши самарали кураш олиб бориш учун, уларнинг миқёси ва хусусиятидан келиб чиқиб, оддий шароитларга хос бўлмаган ташкилий, оператив хизмат, психологик, жиноят-процессуал, маъмурий, моддий-техникавий ва бошқа тадбирлар йиғиндисини амалга ошириш зарур. Оммавий тартибсизликларни бартараф этиш учун кучлар гуруҳларидан фойдаланилади. Унинг таркиби, аъзоларининг сони ва функционал вазифалари ЎзР ИИВнинг норматив ҳужжатларида белгиланган бўлади. Куч ва воситалар асосий, вақтинчалик ёки захирадаги пунктлардан туриб бошқарилади. Оператив штаб раҳбари оломон чақириқларга кўнмаётганлиги ва вазият кескинлашаётганлигига ишонч ҳосил қилганидан кейингина куч ва воситаларни ишга солиш ҳақида қарор қабул қилади. Ушбу вазиятда раҳбарнинг диққати оператив штаб ва шахсий таркибни тўплашга, уни керакли воситалар билан таъминлашга, йўл-йўриқ кўрсатиш ва керакли жойга етиб боришини таъминлашга қаратилмоғи керак.
Авиация ҳалокатлари ҳам катта хавф туғдиради. Улар юз берадиган жойлар одатда катта майдонга чўзилади ва мураккаб рельефга эга бўлади, бу эса ички ишлар идораларининг фаолиятини қийинлаштиради ҳамда улардан ҳалокат юз берган жойдаги ўз фаолиятининг айрим хусусиятларини инобатга олишни талаб қилади. Авиация ҳалокатлари чоғида ўраб олиш ҳудуди ва доирасини оператив штаб белгилайди ва буни авиация ҳалокатини тергов қилиш комиссиясининг раиси билан келишиб олади. Ички ишлар идораларининг кучлари, ҳодиса юз берган жойни ўраб олиш билан бир қаторда шикастланган ҳаво кемасини фалокат натижасида бўлиб қолган ҳолатда сақланишини ташкил қилади. Айни пайтда одамларни, уларнинг мулкини қутқариш, моддий бойликларнинг сақланишини таъминлаш чоралари кўрилади. Қидирув гуруҳларининг сони, уларнинг таркиби ва улар таъминланадиган воситалар, кўздан кечириш доирасини оператив штаб, терговчи ҳамда авиация ҳалокати бўйича хизмат текшируви ўтказадиган комиссия белгилайди.
Катта ёнғинлар чоғида ички ишлар органлари бошқарувини ташкил қилишнинг хусусиятлари шундан иборатки, куч ва воситалардан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилиш учун вазият баҳоланаётганида объектнинг технологик жараёнига хос хусусиятлар, унда кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларнинг мавжудлиги ва бошқа омиллар инобатга олинади. Бундан ташқари, жамоат тартибини сақлашни кучайтириш, ёнғин чиқишига алоқадор бўлган шахсларни қидириб топиш ва ушлаш ишларини ташкил қилиш, шунингдек аҳолини хавфли ҳудуддан олиб кетиш чоралари кўрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |