12. Ёнғинга қарши тарғибот тушунчаси, вазифаси ва мақсади /3; 6/
ДЁН ходимлари ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 227 - сонли қарори билан 1993 йилнинг 17 майида тасдиқланган "ДЁН тўғрисидаги Низом" ва ЎзР ИИВ нинг 344 - сонли буйруғи билан 1993 йилнинг 22 сентябрида тасдиқланган "ЎзР да ДЁН нинг иш фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисидаги Қўлланмаси " талаблари асосида ёнғинга қарши тарғибот ишларини олиб боришлари лозим.
Ёнғинга қарши тарғибот ДЁН органлари профилактика хизматининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади ва у аҳолининг турли қатламлари ва гуруҳларига таъсир ўтказишнинг замонавий воситалари ва усулларига таянган ҳолда амалга оширилади.
Ёнғинга қарши тарғиботнинг вазифалари қуйидагилар:
- кўп тарқалган ва ўзига хос (характерли) сабаблардан келиб чиқувчи ёнғинларнинг олдини олиш;
- фуқароларда ёнғинлардан одамлар ҳаётини ва моддий бойликларни сақлаб қолиш жавобгарлиги ҳиссини тарбиялаш;
- корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ишчи ва хизматчиларни, аҳолини (яшаш жойларида), ўрта мактабларда ва турли ўқув даргоҳларида ўқувчиларни ва бошқа шахсларни ёнғин хавфсизлиги қоидалари билан таништириш ва ўргатиш, зарурат туғилганда (ёнғин чиққанда) тўғри ҳаракатлар қилиш кераклиги борасидаги кўникмаларни бериш;
ишлаб чиқаришнинг асоси бўлган ва атрофимизни ўраб олган технологик жараёнларда, асбоб-ускуналарда, жиҳозларда, агрегатларда ва буюмларда яширинган ёнғин чиқиш хавфига (эҳтимолига) билимли кўз билан қарашни ва ёндашишни тарбиялаш;
ёнғиндан сақлаш хизмати ва кўнгилли ўт ўчириш жамоат ташкилотларининг фаолиятини оммалаштириш, фуқароларнинг ёнғинларни ўчиришда, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда кўрсатган жонбозликларини, қаҳрамонликларини ва бошқа ижобий сифатларини ибрат тариқасида кенг омма орасида ёйиш;
кенг жамоатчилик орасида ёнғин хавфсизлиги хизматига нисбатан бўлган ҳурмат даражасини кўтариш ва бу хизмат атрофида позитив фикрлар ҳосил қилиш;
ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўчириш соҳасида мавжуд бўлган илғор тажрибаларни ва илмий-техник ютуқларни ёритиш ва бошқалар.
Ёнғинга қарши тарғиботнинг стратегик ва тактик мақсадлари мавжуд.
Ёнғинга қарши тарғибот олдига ҳозирги пайтда тактик мақсадларга қуйидагилар киритилиши керак:
ёнғинлар билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг (айнан муаммоларнинг, балки алоҳида ҳолатларнинг эмас) мавжудлигини одамлар онгига сингдириш;
ушбу муаммонинг ҳар бир жиҳатини тушунтириб бериш (умумий қилиб ва алоҳида мисоллар орқали);
Аҳоли онгида хавф-хатарни сезиш ва жавобгарлик ҳиссини тарбиялаш;
ёнғин хавфсизлиги хизмати ва кўнгилли жамоат ташкилотлари соҳаларидаги барча касб эгаларининг обрўсини ошириш, касбнинг ижобий томонларини тарғиб қилиш;
ёнғин хавфсизлиги талабларининг бошқа соҳалардагига нисбатан устунлиги даражасини янада кўтариш;
болаликдан бошлаб (ва бутун ҳаёти давомида) ёнғинларга нисбатан бўлган ижобий шаклланган маънавий ва ижтимоий урф-одатларни тарбиялаш;
ёнғинлар сони жуда кам, уларнинг содир этилиши бир тасодифий ҳол ёки бир бахтсиз ҳодиса (воқеа), деб қараладиган ва шаклланган субъектив (ёлғон) фикрларни режа асосида аста-секинлик билан камайтириш ёки имкон қадар йўққа чиқариш.