Ўзбекистон Республикасида ёнғинлар ва уларнинг оқибатларини ҳисобга олиш тартиби /7/
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ёнғинларни ҳисобга олиш давлат ёнғин назорати органлари томонидан маъмурий туманлар бўйича ЎзР ИИВнинг 128-сонли буйруғи билан 2003 йилнинг 23 апрелида тасдиқланган «Ёнғинларни ҳисобга олиш қоидалари» асосида амалга оширилади.
Ёнғинларни ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёнғинлар оқибатида етказилган моддий зарарни ҳисобга олиш учун ва қуйидаги мақсадларда амалга оширилади: давлат, кооператив, хусусий ва бошқа мулк шаклларини ёнғинлардан сақлаш учун тадбирлар ишлаб чиқиш; ёнғинларнинг келиб чиқиши ва тарқалишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш; ёнғиндаги бошқа оқибатларнинг олдини олиш.
Ёнғинлар қаерда содир этилганидан ва келтирган оқибатидан қатъи назар, ҳаммаси ҳисобга олинади.
Ёнғин оқибатларига қуйидагилар киради:
- одамлар ҳалокати;
-тана аъзоларининг (баданнинг) куйиши, жароҳатланиши ва одамларнинг заҳарланиши;
- ҳайвонлар ва одамларнинг ўлими;
- бинолар, иншоотлар, моддий бойликлар, ускуналар, ҳужжатлар, санъат асарлари ва уй жиҳозларининг нобуд қилиниши ёки шикастланиши.
Ўрнатилган тартибга кўра ёнғин ўчирилгандан сўнг, бир кун давомида, ўт ўчиришни бошқарган ёки давлат ёнғин назорати ходими бошчилигида тузилган комиссия (ҳайъат) томонидан ёнғин содир бўлганлиги ҳақида 2 нусхадан иборат далолатнома тузилади. Агар ёнғинга ўт ўчириш қисмлари чиқмаган бўлсалар, ёнғин ҳақидаги маълумот давлат ёнғин назорати органига жабрланувчилардан, милициядан. Суғурта идораларидан ёки бошқа жойдан тушган бўлса, ёнғин содир бўлганлиги ҳақидаги далолатнома худди шундай комиссия таркибида маълумот тушган пайтдан бошлаб 2 сутка давомида тузилади. Далолатноманинг бир нусхаси комиссия аъзолари томонидан имзо қўйилганидан сўнг, маҳаллий давлат ёнғин назорати органида қолади, иккинчи нусха эса ёнғин содир бўлган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти ёки хонадон эгасига топширилади.
Корхона, муассаса, ташкилот, кооператив ва бошқа хўжаликлардаги ҳамда аҳоли яшаш жойларидаги содир бўлган ёнғинлар ҳисобини қуйидагилар олиб борадилар:
- Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЁН органлари (Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат чегара Қўмитасига қарашли масканлардан ташқари);
- ёнғин рўй берган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан ҳамда уларнинг юқори турган вазирликлари, қўмиталари, концернлари, уюшмалари ва бирлашмалари томонидан.
Соғлиқни сақлаш муассасалари билан таққослаш пайтида аниқланган ёнғинлар касалларнинг касаллик тарихидан олинган кўчирма асосида ва унга асосланиб тузилган далолатномага таяниб, одам ҳалок бўлган ҳолларда эса – тергов ишларининг якуний натижаларига асосан ҳисобга олинади.
Ёнғин оқибатида етказилган моддий зарар унинг қопланишидан қатъи назар тўлиқ ҳисобга олинади.
Ёнғин оқибатида айланма фонд нобуд қилинганда етказилган моддий зарар қуйидагича аниқланади:
- ишлаб чиқариш жараёнида – хом ашё, материалларни сотиб олишга ва уни қайта ишлашга кетган харажатлар тан нархи бўйича;
- базаларда – савдо чегирими, устама харажат ва табиий чиқимлар норма (меъёр)ларини ҳисобга олган нархлар бўйича;
- сотувда – амалдаги таннархи бўйича;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нобуд бўлишича – транспорт ва омборхоналарда сақлаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиб олишга кетган харажатлар асосида;
- тайёр маҳсулотлар бўйича – амалдаги таннархи бўйича.
Давлат ёнғин назорати органлари етказилган моддий зарарнинг миқдорини ёнғин содир этилган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, суғурта муассасалари раҳбарияти тақдим этган маълумотнома асосида ҳисобга олишади.
Маълумотномада алоҳида қилиб қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
-умумий зарар;
-бино ва иншоотлар бўйича етказилган зарар;
-ускуналар бўйича;
-жиҳозлар бўйича.
Маълумотномада кўрсатилган моддий зарар миқдорининг ишончлигига, унга ўз имзосини қўйган раҳбарлар жавоб беришади.
Do'stlaringiz bilan baham: |