60. Катта ва мураккаб ёнғинларни ўчириш таянч маскани ҳисобидаги ёнғин хавфсизлиги қисми шахсий таркиби билан касб тайёргарлиги машғулотлари ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари /2/
Катта ёнғинларни ўчириш таянч масканлари ва улар таркибида ташкил қилинган ёнғин хавфсизлиги қисмлари шахсий таркибини касб тайёргарлиги асосий вазифалари ушбу дастурда талқин қилинганлар билан бир қаторда:
- таянч масканининг захирадаги асосий ва махсус ёнғин ўчириш техникасини тез ишлатишни таъминловчи чора-тадбирларни амалга ошириш;
- таянч масканидаги мавжуд ёнғин ўчириш техникасининг тактик имкониятларини ва улардан фойдаланиш усулларини таянч маскани шахсий таркиби томонидан ўзлаштириш;
- таянч масканининг хизмат майдонини ўрганишдан иборатдир.
Таянч маскани шахсий таркиби махсус ёнғин ўчириш техникасини ва уларни ишлатиш усулларини ёнғин ўчириш ва саф тайёргарлиги, ёнғин ўчириш тактикаси ҳамда ёнғин ўчириш техникаси тайёргарлиги машғулотларида ўрганадилар.
Махсус ёнғин ўчириш техникасини ва уларда ишлаш усулларини ўргатишга ажратиладиган соатлар бу техниканинг мавжудлигига ва шахсий таркибнинг тайёргарлигига қараб таянч маскани бошлиғи томонидан белгиланади.
Таянч масканининг бошлиқлар таркиби махсус ёнғин ўчириш автомобилларининг асосий қисмларини ва уларда амалий ишлаш усулларини хизмат бўйича тайёргарлик машғулотларида ҳамда мустақил ўрганиб синов имтиҳонлари топширадилар.
Таянч масканлари бошлиқлари ҳар чоракда камида бир марта хизмат майдонига қарашли туман ва шаҳарларни амалий-тактик ўрганиш юзасидан: асосий транспорт йўллари, халқ хўжалигининг муҳим корхоналари, ёнғинга қарши сув тармоқлари ва бошқалар бўйича назарий машғулотлар ўтказишлари шарт. Бу машғулотларга экипаж командирлари, ҳайдовчилар, диспетчерлар ва таянч масканининг барча бошлиқлар таркиби жалб қилинади.
Таянч маскани хизмат кўрсатувчи ҳудудда жойлашган ёнғин хавфсизлиги қисмлари шахсий таркиби билан махсус ёнғин ўчириш техникасида ишлаш бўйича таянч маскани бошлиғи ҳар ўқув йилига махсус автомобил жанговар ҳисоби ва шу қисм навбатчи сменалари билан биргаликда машғулот ўтказиш учун жадвал тузиб, уни ИИВ, ИИБ ЁХБ да тасдиқлатиши шарт.
Жадвалда белгиланган кунлари махсус ёнғин ўчириш автомобиллари қисм бошлиқлари ихтиёрига юборилади. Қисм бошлиқлари ўз навбатида машғулот ўтказишни ташкил қиладилар (2-3 соат) ва ўтказиладиган машғулотлар сифатига жавобгардирлар.
Таянч масканининг куч ва воситаларини ёйган ҳолда ёнғин ўчириш амалий тактик машқлари ИИВ, ИИБ ЁХБ томонидан ярим йилда камида бир марта ўтказилади.