Ажратгичлар, бўлгичлар ва қисқа туташтиргичлар
1.8.23. Тўлиқ йиғилган ва созланган барча класс кучланишдаги ажратгичлар, бўлгичлар ва қисқа туташтиргичлар Қоидаларнинг мазкур бандида кўрсатилган ҳажмда синовдан ўтказиладилар.
1. Изоляция қаршилигини ўлчаш:
а) органик материаллардан тайёрланган тизгин ва тортгичларни. Кучланиши 2,5 кВ бўлган мегаомметр билан амалга оширилади. Изоляция қаршилиги мазкур Қоидаларнинг 1.8.18–банди 1а–кичик бандида келтирилган қийматдан кичик бўлмаслиги керак;
б) кўп элементли изоляторларни. Мазкур Қоидаларнинг 1.8.34-бандига мувофиқ амалга оширилади.
в) иккиламчи занжирлар ва бошқарув электромагнитлари чулғамларини. Мазкур Қоидаларнинг 1.8.36-бандига мувофиқ амалга оширилади.
2. Саноат частотасидаги юқори кучланиши билан синаш:
а) ажраткич, бўлгич ва қисқа туташтиргичлар изоляциясини 1.8.14-жадвалга (мазкур Қоидаларга 4-илова) мувофиқ амалга оширилади;
б) иккиламчи занжирлар ва бошқарув электромагнитлари чулғамларининг изоляциясини. Мазкур Қоидаларнинг 1.8.36 -бандига мувофиқ амалга ошириладии.
3. Ўзгармас токга қаршилигини ўлчаш:
а) кучланиши 110 кВ ва ундан юқори бўлган ажратгичлар ва бўлгичларнинг контакт тизимини. Ўлчанган қийматлар ишлаб чиқарган завод томонидан берилган ёки 1.8.20-жадвалда (мазкур Қоидаларнинг 4-иловаси) келтирилган қийматларга мос келиши керак;
б) бошқарув электромагнитларининг чулғамларини. Чулғамлар қаршиликларини қийматлари ишлаб чиқарган заводлар томонидан берилган қийматларга мос келиши керак.
4. Қўзғалмас контактлар ичидан қўзғалувчи контактларни тортиб чиқариш зўриқишини ўлчаш. Кучланиши 35 кВ ажраткичлар ва бўлгичларда, энерготизимнинг электр қурилмаларида эса кучланиш классидан қатъий назар амалга оширилади. Контакт юзаси мойсизлантирилганда тортиб чиқариш зўриқиши ишлаб чиқарган завод томонидан берилган қийматларга, агар улар бўлмаса 1.8.21-жадвалдаги (мазкур Қоидаларга 4-илова) қийматларга мос келиши керак.
Кучланиши 35-220 кВ номинал токлари 630-2000 А бўлган ташқарига ўрнатиладиган ажратгичлар учун 1.8.21-жадвалда келтирилган меъёрлардан ташқари, ишлаб чиқарган завод томонидан жуфт ламелларга тортувчи кучнинг умумий меъёри 78,5-98 Н (8-10 кгс) белгиланган.
5. Ишлашини текшириш. Қўлда бошқариладиган аппаратларни текшириш 10-15 маротаба улаш ва ўчириш операцияларни бажариш йўли билан амалга оширилади. Масофадан бошқариладиган аппаратларни текшириш, улаш ва ўчириш электромагнитлари (электродвигателлари) қисқичларида бошқарувнинг номинал кучланишида 25 маротаба улаш ва ўчириш циклини ва номинал кучланишни 80% гача камайтирилган қийматида 5-10 маротаба улаш ва ўчириш циклини бажариш йўли билан амалга оширилади
6. Вақт тавсифларини аниқлаш. Қисқа туташтиргичларда улаш вақтида ва бўлгичларда ўчириш вақтида амалга оширилади. Ўлчанган қийматлар ишлаб чиқарган завод томонидан берилган қийматларга, улар мавжуд бўлмаганда эса 1.8.22-жадвалда (мазкур Қоидаларга 4-илова) келтирилган қийматларга мос келиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |