5.2 «Йиртқич-ўлжа», «паразит-хўжайин» муносабатлари
Бу бевосита озиқланиш боғланишидир. Бундай озиқланишда, икки организмдан бири зарар, иккинчиси эса, фойда кўради (бир турнинг ҳалокати ёки ярим ҳалокати иккинчи бир турнинг ҳаётига ёки ўсиб ривожланишига сабаб бўлади).
Бунга мисол қилиб ўтхўр ҳайвонларни ёки дарахтлар пўстлоғидан личинкалар олиб ейдиган қушлар, масалан, қизилиштонни кўрсатиш мумкин.
Йиртқич, деб асосан ҳайвонларни ов сифатида тутиб ейдиган ҳайвонларга айтилади. Йиртқичлар учун характерли ҳолат — бу махсус овлаш ҳулқ — атвордир.
Паразитизм — бу турлар орасидаги шундай боғланишки, бунда бир организм иккинчи бир тирик организмдан фақат овқат манбаи сифатидагина эмас, яна яшаш жойи сифатида ҳам фойдаланади. Паразит ҳашарот билан ўсимлик орасидаги боғланиш бунга мисол бўлади. Кўпинча паразит хўжайинга нисбатан майдароқ бўлади. «Йиртқич—ўлжа» ва «паразит—хўжайин» муносабатларида, организмлар озиқланишининг экологик ва эволюцион роли яққол кўриниб туради. Йиртқичлик оқибатида ҳар хил экологик мослашишлар келиб чиқади. Бундай мослашишлар йиртқичда ҳам, ўлжада ҳам содир бўлади. Табиий танлаш натижасида сезиш органлари тараққий этади, бу ҳозир жавоблик, тез югуриш, йиртқични алдаш, нерв системасининг яхши тараққий этишида намоён бўлади. Булар ҳаммаси гуруҳнинг эволюцион тараққий этишига олиб келади. Паразитлар орасида ўз хўжайинидан тўлиқ ва узоқ муддат давомида унга зарар етказмасдан фойдаланадиган турлари устунлик қилади.
Эволюция давомида дастлаб йиртқич билан унинг ўлжаси орсидаги кучли муносабатлар, кейинроқ эса иккала организм учун ҳам фойдали боғланишлар шаклланади. Масалан, ҳашаротларнинг ўсимлик баргларини ейиши ўртача миқдорда бўлса, бундай ҳол ўсимлик учун зарарсиз, ҳаттоки унга фойда ҳам келтиради, яъни, шу туфайли ўсимликнинг ўсиш жараёни тезлашади.
5.3 Йиртқичлик ва паразитликнинг экологик роли
1. Йиртқичлик ва паразитликнинг асосий экологик роли шундан иборатки, озиқланиш даврида ҳайвонлар бир—бирлари билан озиқланиб, моддаларнинг айланма ҳаракати учун зарур шароит яратади. Маълумки, табиатда моддаларнинг айланма ҳаракатисиз ҳаёт бўлмайди.
2. Йиртқич —текинхўрлик муносабатларининг иккинчи роли шундан иборатки, шу муносабат туфайли ҳайвонларнинг сони маълум бир миқдорда сақланади. Масалан: Аризона штатида бўриларни ҳаммаси отиб ташланганда, кийиклар кўпайиб кетиб, овқат етишмаслиги натижасида кийиклар ҳам қирилиб кетган.
Лаборатория шароитида, йиртқич ва ўлжа бир жойда, биргаликда яшаганда, уларнинг миқдори доимий равишда ўзгариб туради.
Экспериментал экология асосчиси Гаузе томонидан ўтказилган тажрибаларнинг бирида қуйидаги аҳволда қайд этилган ўлжа- туфелькалар кўпайиши билан бирга, бир вақтнинг ўзида йиртқич — инфузориялар ҳам кўпайиб боради. Йиртқич инфузориялар тез кўпайиб, энг баланд нуқтага етганда, улар ўлжа-туфелькани еб тамомлайди. Шундан кейин овқат етишмаслиги натижасида йиртқич инфузориялар ҳам ўла бошлайди. Пробирка тагида оз сонли туфелькалар қолган қум орасида яшириниб, йиртқич инфузориялар ўлгандан кейин, яна кўпая бошлайди ва ҳоказо.
Организмлар орасидаги муносабатлар турлича. Комменсализм, деб шундай муносабатга айтиладики, бунда бир тур иккинчисига (комменсал учун} овқат тайёрлаб беради.
Комменсализм бу бир томонлама фойдаланиш, яъни бунда бир тур иккинчи тур томонидан бир томонлама фойдаланади, лекин унга зарар келтирмайди. Комменсализмга мисол қилиб дарахтларнинг пўстлоғида жойлашган эпифитларни кўрсатиш мумкин. қушларнинг уясида, кемирувчи ҳайвонларнинг инларида кўплаб бўғиноёқлилар яшайди. Бу инларда ҳашоратлар уянинг микроиқлимидан фойдаланади, органик моддаларнинг қолдикларини истеъмол қилиш билан кифояланади.
Непентенс ўсимлигининг кўзачасидаги шира ичида ниначи ва чивинларнинг личинкалари яшайди. Улар кўзачасига тушган ҳашаротларни еб озиқланадилар.
Комменсализм табиатда зичроқ яшаш, ресурслардан тўлиқ фойдаланишда ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |