Ўзбекистон таълим тизимига янги инновацион услубларни жорий этиш мақсадида бир қатор ўқув семинарлар ўтказилди:
■■ ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФ қўшма ФРЕШ лойиҳаси доирасидаги «Таълим муассасаларида санитария ва гигиена» мавзусидаги ўқув семинарлар (2005 йил ноябр, 2007 йил сентябр ойларида);
■■ «Таълимда бошқарув ва ахборот тизимлари» мавзусидаги миллий семинар (2005 йил декабр);
■■ Халқ таълими вазирлиги, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Таълим барча учун» ҳаракат дастурининг ўрта муддатли таҳлили бўйича миллий форум (2006 йил 18 август);
■■ Осиё ва Тинч океани минтақаси ЮНЕСКО маданий маркази билан ҳамкорликда «Инклюзив таълимни жорий этиш учун болалар боғчаси ва ўрта таълим мактабларида синов гуруҳларини шакллантириш» бўйича ўқув курслари (2006-2007 йиллар). Лойиҳанинг давоми сифатида 2007 йилнинг 10-12 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида инклюзив таълим бўйича Марказий Осиё минтақавий семинари ўтказилди (ЮНЕСКОнинг Бангкок ва Тошкентдаги ваколатхоналари, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, «Сен ёлғиз эмассан» жамғармаси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда);
■■ ОИТВ/ОИТСни олдини олиш бўйича «Тенгдош тенгдошга» усулида миллий ўқув семинар (2007 йилнинг апрел-май ойлари).
Мактабдан ташқари таълим
1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида узлуксиз таълим тизими жорий этилди. Ушбу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1998 йилдан бошлаб Жамоат таълим марказлари (ЖТМ) номли ЮНЕСКО лойиҳаси Ўзбекистонда амалга оширилиши бошланди. Лойиҳа ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси «Таълим барча учун» дастури доирасида қўллаб-қувватланган эди. Ҳозирги даврда Ўзбекистон Республикасининг 9 вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги Бирлашган мактаблар тармоғига аъзо бўлган муассасалар қошида 10та Жамоат таълим марказлари ташкил этилди.
ЮНЕСКОнинг Бангкокдаги ваколатхонаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда «Аҳолининг имкониятларини кенгайтириш учун ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланиш», «Ҳаёт кўникмалари таълими» ва «ОИТВ ва ОИТСни олдини олиш бўйича таълим дастурлари» 1999-2006 йилларда амалга оширилди. Лойиҳалар доирасида мултимедиа ўқув дастурлари яратилди ва тегишли муассасаларга тарқатилди, ҳамда ушбу мавзуда миллий анжуманлар ташкил этилди.
2004-2005 йил ЮНЕСКО Қатнашув дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошида Катта ёшдагилар таълими марказини ташкил этиш қўллаб-қувватланди. Марказ томонидан, 2004-2007 йилларда, катта ёшдагилар учун ўқув дастурлари ташкил этилди ва тўртта ўқув қўлланма ишлаб чиқилди ва нашр этилди.
ФАН
ЮНЕСКОнинг фан дастурлари доирасида биологик турфа хилликни асраш ва табиий манбалардан оқилона фойдаланиш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, маданий қадриятларни ривожлантиришга бағишланган лойиҳалар амалга оширилди. Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг қуйидаги халқаро дастурлари бўйича миллий қўмиталар, жамоатчилик асосида, ташкил этилди: Халқаро гидрология дастури, «Инсон ва биосфера», Биоетика, МОСТ («Ижтимоий ислоҳотларни бошқариш»).
Do'stlaringiz bilan baham: |