Шартсиз ва шартли рефлекслар классификацияси
Шартсиз рефлекслар ва улар асосида вужудга келган шартли рефлексларнинг ҳаммасини функционал аҳамиятига қараб бир қанча груплаларга ажратиш расм бўлган. Энг асосий группалар овқатланиш, ҳимояланиш, жинсий, статокинетик ва локомотор, ориентировка, гомеостазни сақловчи ва бошқа баъзи группалардир. Овкатланиш рефлексларига овқат ютиш, чайнаш, эмиш, сўлак ажратиш, меъда ва меъда ости бези секрецияси ва бошқа рефлектор актлар киради. Шикаст етказувчи ёки оғритувчи таъсиротларни бартараф қиладиган реакциялар ҳимояланиш рефлекслари ҳисобланади. Жинсий актни юзага чиқаришга алоқадор рефлексларнинг ҳаммаси жинсий рефлекслар группасига киради; наслни боқиш ва парвариш қилишга алоқадор ота-оналик рефлексларини ҳам ўша группага қўшса бўлади. Гавданинг муайян вазиятини ва фазодаги ҳаракатини сақлайдиган рефлектор реакциялар стато-кинетик ва локомотор рефлекслар ҳисобланади. Гоме-стазни сакловчи рефлексларга терморегуляция, нафас, юрак рефлекслари, артериал босимни бир даражада сақлашга ёрдам берадиган томир рефлекслари ва бошқа баъзи рефлекслар киради.
Шартсиз рефлекслар орасида синаш (ориентировка) рефлекси алоҳида ўрин тутади. Я янгиликка тааллуқли рефлексдир. Теварак-атрофдаги муҳитнинг етарлича тез ўзгаришига жавобан келиб чиқадиган бу рефлекс янги товушга хушёр бўлиб қулоқ солиш, ҳидлаб кўриш, кўз ва бошни, баъзан эса бутун гавдани ёруғ тушаётган томонга қаратиш ва шунга ўхшашлардан иборат. Синаш рефлексининг юзага чиқиши таъсиротнинг яхшироқ сезилишини таъминлайди ва мосланишда муҳим роль ўйнайди. И. П. Павлов синаш реакциясига «бу нима?» рефлекси деб образли ном берган эди. Бу реакция туғма бўлиб, ҳайвонларнинг катта ярим шарлар пўстлоғи тўла олиб ташланганда йўқолмайди; катта ярим шарлари етилмаган болаларда — анэнцефалларда ҳам кузатилади. Синаш рефлексининг бошқа шартли рефлекслардан фарқи шуки, бир таъсирот такрор қўлланилаверса, тезроқ сўниб қолади. Синаш рефлексининг бу хусусияти унга катта ярим шарлар пўстлоғининг таъсир этишига боғлиқ.
Рефлектор реакцияларнинг юқорида келтирилган классификацияси турли инстинктларнинг классификациясига жуда ўхшайди. Инстинктлар ҳам овқатланиш, жинсий, ота-оналик, ҳимояланиш инстинктларига бўлинади. Бу тушунарли ҳам, чунки И. П. Павловнинг фикрича, инстинктлар — мураккаб шартсиз рефлекслардир. Йнстинктларнинг фарқ қиладиган хусусиятлари шуки, реакциялар узлуксиз характерда бўлиб (бир рефлекснинг охири иккинчисииинг қўзғатувчиси бўлиб хизмат қилади), гормонал ва метаболик факторларга боғлиқ. Масалан, жинсий инстинкт билан ота-оналик инстинктининг келиб чиқиши жинсий безлар фаолиятидаги циклик ўзгаришларга, овқатланиш инстинкти эса модда алмашинувининг овқат йўқ вақтдаги ўзгаришларига боғлиқ. Инстинктив реакцияларнинг хусусиятларидан яна бири шуки, улар доминантанинг кўп хоссалари билан характерланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |