1-расм. Одамнинг кон плазмаси оқсиллари-ни электрофорез усули билан ажратиб олиш эгри чизиғи.
Қон плазмасида бир неча ўн турли оқсил бор, улар альбуминлар, глобулинлар ва фибриноген деган учта асосий группани ташкил этади. Плазма оқсилларини ажратиш учун 1937 йилдан бери электрофорез усули қўлланилади, бу усул электр майдонида турли оқсилларнинг турли ҳаракатчанликка эга эканлигига асосланган. Глобулинлар электрофорез ёрдамида а1-, а2-, β ва γ-глобулинлар каби бир неча фракцияга ажратилган. Қон плазмаси оқсилларининг электрофорез ёрдамида олинган диаграммаси 1-расмда елтирилган.
Гамма глобулинлар организмни вируслар, бактериялар ва уларнинг токсинларидан сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Бунинг боиси шуки, қондаги антителолар деб аталувчи моддалар асосан глобулинлардан иборат. Гаммаглобулинлар касал организмга юборилганда унинг юқумли касалликларга қарши чидамини оширади. Сўнгги вақтда қон плазмасида шундай роль ўйнайдиган оқсил комплекси — пропердин топилди.
Турли оқсил фракцияларининг миқдори орасидаги нисбат баъзи касалликларда ўзгаради, модомики шундай экан, оқсил фракцияларини текшириш диагностик аҳамиятга эга.
Қон плазмасининг оқсиллари асосан жигарда ҳосил бўлади. Альбуминлар ва фибриноген жигарда синтезланади. Глобулинлар эса жигардагина эмас, балки кўмик, талоқ, лимфа тугунларида, яъни организмнинт ретикуло-эндотелий сис-темасига мансуб органларда ҳам синтезланади. Қоннинг ҳамма плазмасида тахминан 200—300 г оқсил бор. Оқсиллар бетўхтов синтезланиб ва парчаланиб тургани учун улар тез алмашиниб туради.
Қон плазмаси оқсилларининг осмотик босими
Осмотик босимни қон плазмасида эриган кристаллоидларгина эмас, балки коллоидлар — плазма оқсиллари ҳам вужудга келтиради. Плазма оқсиллари ҳосил қилган осмотик босим онкотик босим деб аталади.
Қон плазмаси оқсилларининг абсолют миқдори 7,8% га тенг бўлиб, плазмада эриган тузлар миқдоридан деярли 10 баравар ортиқ бўлса ҳам, улар ҳосил қиладиган онкотик босим плазма осмотик босимининг (7,6—8,1 атм. тенг) атиги 1/200 қисмини, яъни 0,03—0,04 атм. (симоб устуни ҳисобида 25—30 мм) ни ташкил қилади. Бунинг сабаби шуки, оқсилларнинг молекулалари жуда йирик бўлиб, плазмада кристаллоидларнинг молекулаларига нисбатан бир неча баравар кам.
Онкотик босим миқдори кичик бўлишига қарамай, қон билан тўқима орасида сув алмашинишида муҳим роль ўйнайди. Онкотик босим фильтрация ҳодисаларига (тўқимаора суюқлиқ, лимфа, сийдик ҳосил бўлиши, ичакдан сув сўрилиши) га асосланган физиологик процессларга таъсир қилади. Одатда қон плазмасидаги юқори молекулали оқсиллар капиллярлариинг эндотелиал деворидан ўта олмайди. Оқсил молекулалари қон томири ичида қолиб, қонда бир қадар (уларнинг осмотик босими миқдорига яраша) сув ушлаб туради. Кон оқсиллари шу билан қон ва тўқималардаги сувни нисбий доимий миқдорда сақлаб туради. Қон оқсилларининг томирларда сув ушлаб туриш қобилиятини қуйидаги тажрибада исбот этиш мумкин. Итдан кўп марта қон чиқарилса ва олинган қонни центрифугалаш йўли билан плазмаси эритроцитлардан ажратилса, эритроцитлар эса туз эритмасида қайтадан қонга юборилса, қондаги оқсиллар миқдорини шу йўл билан жуда камайтириш мумкин. Бунда ҳайвон анча шишиб кетади. Тажрибада органларни организмдан ажратиб олиб, улардан узоқ вақт Рингер ёки Рингер—Лоқк эритмаси ўтказилса, тўқималар шишади. Физиологик эритма ўрнига қон зардоби юборилса, шиш қайтиши мумкин. Қоннинг ўрнини босувчи эритмалар таркибига коллоид моддалар қўшиш зарурлиги шу билан изоҳланади. Бундай эритмаларнинг ёпишқоқлиги ва онкотик босими қоннинг онкотик босими ва ёпишқоқлигига баравар қилиб танланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |