Абу Саҳл Масиҳий ҳикматлари
Нодон, саводсиз одам хайкалга ўхшайди.
* * *
Инсон ақли ҳар қандай шароитда ҳам ижобийдир, ёмон қилиқ эса, ҳар қандай шароитда ҳам салбийдир.
* * *
Агар одам ўзини яхши билса-бу ажойиб сифат, аммо у ўз билимини янада тинмай ошириб борса бунда у ҳақиқатан улуғ одам бўлиб етишади.
* * *
Очкўз одам қоноатланарли фарован ҳаётдан ҳам мамнун бўлмайди, у тенги йўқ бойликка интилади, аммо бундай бойликка эришганида ҳам очкўзлик уни тарк этмайди.
Абул Хайр Хаммор
Маъмун Академиясининг яна бир етакчи олими Абул Ҳайр ибн ал-Хаммор (942-1032) халифалик маркази Бағдодда таваллуд топган. Бу ерда у етук олимлардан табобат, мантиқ, фалсафа илмини ўрганиб, ўз даврининг таниқли олими даражасига кўтарилган. Унинг истеъдоди айниқса табобат соҳасида намоён бўлиб, Шарқда иккинчи Сукрот деган фахрли номга сазовор бўлган. Кейинчалик у Хоразмшоҳ Маъмун таклифи билан Гурганжга кўчиб келиб то 1017 йилгача Беруний ва бошқа олимлар билан ҳамкорликда Маъмун Академиясида фаолият кўрсатган. Шу йили ибн-Хаммор ҳам бошқа олимлар билан бирга султон Маҳмуд томонидан Ғазнага олиб кетилади. Истеъдодли олим ибн Хаммор 90 ёшларида Ғазна шаҳрида вафот этади.
Абул Хайр ибн ал-Хаммор араб, форс, сурёний ва юнон тилларини пухта ўрганиб сурёний ва юнон тилидаги кўпгина китобларни араб тилига таржима қилган. У айниқса табобат соҳасида алоҳида шуҳрат қозонган. Табобатга доир ўнга яқин асар ёзган , бўлсада уларнинг кўпчилиги бизгача етиб келмаган. Олимнинг бизгача етиб келган ва Маъмун саройида ёзган асарларига тубандагилар киради: "Мақола фи имтиҳон ал-аттиббо" ("Табиблар тажрибаси ҳақидаги китоб"). Бу асар Хоразмшоҳ Маъмунга атаб ёзилган. "Мақола фи хулқ ал-инсон ва таркиб аъзоиҳ" ("Инсон хулки ва аъзосининг таркиби ҳақида китоб"), "Китоб ал-Ҳавомил" ("Хомиладорлар китоби") ва "Китоб тадбир ал-машойих" ("Қариялар тадбири ҳақида китоб") кабилардир. Ибн-Хамморнинг юқоридаги асарлари тиббиётнинг назарий ва амалий масалаларини ўз ичига олади. Ибн Сино ўзининг "Тиб қонунлари" асарини ёзишда ибн-Хаммор асарларидан биринчи манба сифатида фойдаланган. Маъмун Академиясида ижод қилган бошқа олимлар қатори ибн-Хаммор ҳам ўз асарларини ўша даврнинг илм-фан тили бўлган араб тилида ёзган.
Араб тарихчиси Ёқут Ҳамавий (XIII аср)нинг "Иршод" номли асарида таъкидланишича, Маъмун Академиясида юқоридаги олимлардан бошқа Хоразмлик олимлардан яна Абу Абдуллоҳ ан-Найсобурий (ваф. 1014), Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Саҳрий (ваф. 1015), Муҳаммад ас-Суҳайли ал-Хоразмий (ваф. 1027) ва бошқалар ижод этганлар. Академиянинг энг кекса олими ан-Найсобурийнинг бизгача "Хоразм ҳақидаги маълумотларга кўшимча китоб" асари етиб келган.
Абу Райҳон Беруний ўзининг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида Маъмун Академиясида Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ат-Таборий ан-Нотилий (Ибн Синонинг уй муаллими, устози) ва Ибн Сино шогирдларидан Абу Абдуллоҳ ал-Илокий (ваф. 1068) ҳамда Абул Косим ибн Абу Содиқ Мутотабибларнинг ижод қилгани ҳақида маълумот беради.
Ал-Илоқий табобатга доир "Муҳтасаф ал-Илоқий" асарини ёзиб, уни устози Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асарига бағишлайди. Мутотабиб эса ўзининг фалсафа ва табобатга доир "Фалсафа хазинаси", "Исҳоқий тўпламига шарҳ", "Гален китобига шарҳ" номли асарларини келгуси авлодларга мерос қолдирган.
Юқорида биз Хоразм Маъмун Академиясида фаолият кўрсатган бир неча олимлар ҳақида сўз юритдик, Маъмун Академияси қисқа муддат мобайнида фаолият кўрсатган бўлсада, жаҳон фани хазинасини ноёб асарлари билан бойитган кўплаб буюк олимларни етказиб берди.
Маъмун Академияси олимлари яратган илмий асарлар, янги ғоя ва кашфиётлар жаҳон илм-фанининг бебаҳо бойлиги бўлиши билан бирга, у Республикамизда ёш авлоднинг илмий ва маърифий камолати учун алоҳида аҳамиятга эга. Маъмун Академиясининг яна бир тарихий аҳамияти, у бошлаб берган ҳайрли анъананинг, кейинчалик Шарқнинг кўпгина ҳукмдорлари томонидан қўллаб қувватланишидадир. Улар ҳам ўз саройларида ана шундай илм-маърифат масканларини вужудга келтиришга ҳаракат қилдилар.
Хоразм Маъмун Академияси олимларининг илмий-ижодий фаолиятини чуқур ва холисона тадқиқ қилиш тарихчи олимларимиз олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |