1.3-§. Банк- молия терминларини тартибга солиш масаласининг лингвистик асослари
Биламизки, бугун Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш чет тилларга эҳтиёжни тобора оширмоқда. Айниқса иқтисодиёт соҳада мутахассисларни тайёрлаш борасидаги талаблар тубдан ўзгарди. Энди, банк-молия тизимида фаолият кўрсатаётган мутахассислар чет тилларини мукаммал билишлари жуда долзарб масалага айланди. Чунки, банк-молия соҳасида жуда кўп хорижий тилдаги терминлар ишлатилади. Банк-молия соҳасидаги терминларни бир тилдан бошқа тилга таржима қилишда иккала тилда ҳам уларнинг семантик, морфологик, структурал, контекстуал ва бошқа лингвистик хусусиятларни англаб етиш керак.
Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси хорижий мамлакатлар ўртасида банк операциялари ва банк-молия соҳасига оид ишларни кенг миқёсда юритиш учун мутахассислар, биринчи навбатда, инглиз ва ўзбек тилларида банк лексикасини мукаммал билишлари керак. Бу ўз навбатида, банк-молия ходимлари, таржимонлар ва бу соҳадаги мутахассисларнинг коммуникатив компетенциясини такомиллаштириш учун замин яратади. Ҳар бир тил лексикаси терминлар тизимини ўз ичига олади. Терминлар ҳар хил бўлади: умумий, илмий, махсус, регионал ва ҳоказо. Банк соҳасида энг кўп банк-молия терминлари ишлатилади.
Маълумки, замонавий тилшунослик фани дунёнинг мислсиз тараққиёти туфайли жуда кўп ўзгаришларни қабул қилди. Тилшуносларнинг эътибори кўпроқ махсус: информацион, иқтисодий, юридик, сиёсий, реклама ва илмий-техник матнлар таҳлилига қаратилмоқда. Илмий-техник матнлар ва уларнинг таржимаси илм, фан ва техника ривожини акс эттиради. Шу билан бирга, уларнинг эътибори тез-тез филологик ва лингвистик тадқиқотларга қаратилганлиги, муҳим аҳамиятни касб этади. Чунки махсус матнларни таржима қилиш тил ўрганишнинг махсус аспектларнинг шаклланишига сабаб бўлади. Натижада, тиббий, юридик, тарихий, математик ва бошқа фан соҳаларига оид махсус лексика тизими пайдо бўлади.
A.C. Герд таъкидлаганидек, «Умумий лексикадан ажралган махсус сўзлар ўзига хос қатламни шаклланишига эҳтиёж туғдиради ва шу йўсинда махсус ғоялар, фикрларни ифодалаш учун махсус лексика тизими пайдо бўлад*и»52. Бундай махсус лексик тизимни кўпинча иккита микротизимдан иборат бўлади:
махсус белгилар, сўзлар, сўз бирикмалар, иборалар, гаплар тизими;
аниқ соҳага оид махсус матнлар тизими.
Бундай махсус лексика тизими аста-секин умумий тилшунослик фанига кириб боради ва лингвистиканинг чегарасини кенгайтиради. Илмий ва касбий билимларни ифодалаш учун янги сўзлар ва сўз бирикмалари яратилади. Бу бирикмалар ўз навбатида, тил тизимининг механизмларига бўйсунади. Махсус билимлар тизими ўз аксини терминда топиб, у ёки бу тилнинг семантик тизимига киради, шу билан бирга, умумий тил тизимининг бир бўлагига айланиб қолади. М.В. Марчук таъкидлаганидек, «тил лексикасида пайдо бўладиган янги сўзлар кўпинча илм-фан, техника, сиёсат, иқтисодиёт соҳаларига оид бўладиган терминлардир»53.
Ҳақиқатдан ҳам, луғатларга кираётган янги лексик бирликларнинг тўқсон фоизини терминлар ташкил қилади. Бугунги кунда фаннинг турли соҳаларида фойдаланиладиган терминлар сони оддий, умумлексик бирликлар сонидан ортиқдир. Шу сабабли ҳам, терминлар бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар долзарблиги кундан-кунга ошмоқда. Терминологияни тартибга солишнинг асосий йўли – махсус луғатлар яратишдир. Мазкур луғатлар бўлажак мутахассисларни тайёрлашда кенг кўламда фойдаланилади ва улар талабаларга махсус тилнинг касбга йўналтирилган лексикасини ўргатади. Бу эса, халқаро миқёсда бизнес, молиявий, иқтисодий, банк, биржа, тижорат ишларини амалга ошириш учун замин яратади. Тилшунослик фанида бу соҳаларнинг лексикаси семантик, таркибий, функционал аспектлари тадқиқотчиларнинг эътиборини тортади. Бундан ташқари, банк терминлари нафақат тил тизимида, балки дискурс ва адабий матнларда ҳам фойдаланилиши жуда қизиқарли ва долзарб масалалардан ҳисобланади.
Шундай экан, инглиз ва ўзбек тилларидаги банк-молия терминлари ҳозиргача етарли даражада ўрганилмаган. Шунинг учун ҳам уларнинг қиёсий-чоғиштирма таҳлили ёрдамида типологик жиҳатларини аниқлаш, иккита мамлакатнинг ўзига хос банк-молия терминларининг мавжудлиги ва банк-молия жараёнларининг хусусиятларини белгилаб беради. Бундан ташқари, банк-молия терминларнинг нафақат назарий тадқиқи, балки амалиётда, яъни оғзаки нутқда (банк дискурсида) қўлланилиши тадқиқотимизнинг яна бир ютуқга эга томонидир. Буни амалга ошириш учун, биринчи навбатда, инглиз ва ўзбек тилларнинг умумий лексикасидан банк-молия терминларини ажратдик. Зеро, банк – молия терминологиясига банк-молия иш юритиш жараёнларида тез-тез фойдаланиладиган калит сўзлар ва сўз бирикмалари киради.
Терминологиянинг назарий ва амалий томонлари билан нафақат тилшунослар, балки аниқ фанлар бўйича мутахассислар ҳам шуғулланган. Бунга қарамасдан, бугунги кунда термин тушунчаси тилшунослик ёки бирон фан соҳасига тегишли эканлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Шунинг учун, термин ва тушунча ўртасида аниқ фарқли чегара йўқ.
Маълумки, ҳатто бир лингвистик термин бир нечта маънога эга бўлиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, ҳар бир термин бир нечта лингвистик мактаб ва йўналишлар томонидан турлича тавсифланган. Баъзан бир терминга турли хил талқинларни беришган. Шунинг учун бир лингвистик ҳодисага муносабат билдиришимиздан олдин, унинг дастлабки талқинига таянамиз. Бу ҳатто математикларга хос ёндашув. Бундан келиб чиқадики, терминларни тартибга солиш учун, биринчи навбатда, тушунчаларнинг аниқ чегараларини белгилаш зарур.
Замонавий структурали математика тилшунослиги терминлар ва уларнинг дескрипторларни тартибга солиш учун икки хил ёндашувни таклиф қилишади. Биринчи таклиф синтактик таърифига, яъни матннинг статистик ва дистрибутив хусусиятларига асосланади. Иккинчи ёндашув эса тилшунослик ва бошқа семиотик фанларнинг семантик йўналишига таянилади. Биринчи таклиф жуда яхши тасвирланган, иккинчи таклифга эса жуда кам эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам, мазкур бўлимда айнан иккинчи таклифга кўпроқ урғу берамиз, чунки семантик маъно жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, маълум бир семантик эталон шаклланиши учун замин яратади. Айнан бу семантик эталон бир соҳа доирасида тушунчаларни моделлаштиради ва лингвистиканинг терминология бўйича кўплаб саволларига аниқ жавоб беради.
Семантик моделлаштириш жараёнида семантик белгилардан (дескрипторлар) ташкил топган семантик эталонлар (бошқача қилиб айтганимизда тезауруслар) ўртасида маънони умумлаштирувчи алоқалар пайдо бўлади.
Шуни влоҳида таъкидлаш лозимки, “тезаурус” тушунчаси нафақат семантик эталонни англатади, у инсон(лар)нинг тил ва дунё ҳақидаги билимлари мажмуини ифодалайди. Бундан ташқари, “тезаурус” тил бирликлари ва маънога эга бирликлар таснифи ўртасидаги муносабатлар тизимини ифодалайдиган махсус луғатдир. Агар луғат алифбо тартибига асосланса, “тезаурус”, аксинча, сўз бирликларини маъновий ўхшашлик бўйича таснифлайди. Масалан: “rate of exchange” – валюта курса; “rate of profit” – даромад даражаси; “rate-payer” – солиқ тўловчи.
“Тезаурус” битта терминни ифодалаш учун бир қатор дескрипторларни тавсия қилади. Терминнинг қанча кўп маъноси бўлса, шунча кўп дескрипторлари фаоллашади: “receipt” – 1) кирим; 2) патта; 3) товарни олиш ҳақидаги тилхат; 4) тилхат.
Ҳар бир дескриптор маълум бир контекст ёки шароитда фаоллашади. Бундан ташқари, тезауруслар лингвистик ва инженер-лингвистик муаммоларни ечиш учун катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, тезаурус методи информацион-қидирув тизимларни шаклланишда, турли фан соҳалари бўйича ҳужжатларни таниб олиш жараёнида кенг кўламда ишлатилади.
Терминларнинг дескрипторларини белгилашда еттита қоида мавжудлиги аниқланди:
Дескрипторлар ўртасидаги бинар муносабатлар рефлексия хусусиятига эга бўлади, бир термин ва унинг дескрипторлари ўртасида бараварлик мавжуд бўлади: order – 1) буйруқ; 2) ордер ёки рухсатнома; 3) ҳужжат. Барча дескрипторлар бир-бирига нисбатан мустақил ва баравардир;
Бир термин максимал (биринчи даражали) дескриптор ва иккинчи даражали дескрипторлардан иборат бўлиб, уларнинг муносабатлари бўйсуниш асосида шаклланади: “paper” – 1) қоғоз; 2) ҳужжат; 3) қоғоз пуллар; 4) вексел. Банк-молия терминологияси доирасида учинчи ва тўртинчи дескриптор, яъни “қоғоз пуллар” ва “вексел” биринчи даражали ҳисобланади, биринчи ва иккинчи маънони ифодаловчи дескрипторлар “қоғоз” ва “ҳужжат” – иккинчи даражали;
Иккинчи даражали дескрипторлар ассиметрик, контрастив муносабатларда фаоллашади;
Бинар муносабат транзитивлик хусусиятига эга бўлади: “hike of taxes” – солиқларнинг ўсиши; “hike of wage” – иш ҳақининг ўсиши;
Дескрипторлар бир бирига нисбатат синонимик ёки муқобил бўлиши мумкин: “gross” – 1) ялпи; 2) дастлабки. Масалан: “gross amount” – ялпи сумма; “gross balance” – дастлабки баланс;
Қачонки дескрипторлар бир бирига семантик жиҳатдан баравар бўлса, улар тўлиқ муқобил ҳисобланади: “guaranto”r: 1) кафолат берувчи; 2) кафил, кафил бўловчи. Бу икки хил маъно семантик нуқтаи назардан баравар ва тўлиқ муқобил ҳисобланади;
Баъзан бир дескриптор бошқага умуман тўғри келмаслиги мумкин, бундай ҳолат “номутаносиблик” деб аталади: haircut – 1) style of cutting hair; 2) bank fee or commission;
Мисол учун бир “notion” терминни дескрипторлари билан тасвирлаб берамиз:
Notion
System Substance
Parameter Pressure
Temperature Phase
Агар “notion” термин бўлса, унинг дескрипторлари қуйидагилар: system, substance, parameter, pressure, temperature, phase. “System” максимал дескриптор бўлиб, у бошқа дескрипторлар билан маълум алоқага киришади. Қолган дескрипторлар бир - бирига синонимик бўлмаса ҳам, таснифлаш бўйича мутаносиб, чунки улар бир тушунчанинг турли хусусиятларини англатади.
Маълумки, банк-молия ишлари иқтисодиётнинг бир қисми бўлиб, унинг терминологиясига катта таъсир кўрсатади. Банк-молия терминологияси умумий банк-молия терминлар (delay of payment – тўловни кечиктириш; currency market – валюта бозори) ва махсус банк-молия терминлар (gross national product – умумий миллий маҳсулот; global quota – умумий квота)дан иборат, улар эса алоҳида гуруҳларга бўлинади. Масалан: турли банк операциялари, банк-молия бўлимлари ва банк-молия расмий ҳужжатларини англатадиган терминлар: pay-office – ғазна, insurance documents – суғурта бўйича ҳужжатлар ва ҳоказолар.
Бизга маълумки, баъзи терминлар кўп маънога эга бўлади. Бундай «банк-молия терминлари махсус полисемантик лексик бирликлар ҳисобланади. Масалан, quote – 1) тегишли битим доирасида миллий ёки халқаро бирлашма иштирокчиларининг ишлаб чиқариш ёки сотишда иштирок этиш ҳиссаси;
2) халқаро иқтисодий ёки молия-валютавий ташкилотнинг устав фонди ёки капиталида мамлакатнинг бадали; 3) солиққа тортиш бирлигидан олинадиган солиқ ставкаси; 4) ниманингдир қисми, ҳиссаси, нормаси, миқдорий чекланишлар»54.
Ҳар бир маъно аниқ контекст ёки нутқда ўз маъносини ифодалайди. Банк соҳасидаги терминлар ва тушунчалар банк хизматчиларининг нутқида тез-тез фаоллашади. Бундан ташқари, банк-молия иш-юритиш масалалар бўйича бизнес журналларда чоп этилган махсус матнларда ҳам кўплаб банк-молия терминларини топишимиз мумкин.
Инглиз ва ўзбек тилларида бир - бирига мос келадиган банк-молия терминларининг муқобилларини топиш осон иш эмас. Зеро, иккала мамлакатда ҳам банк-молия соҳасида ишлатиладиган терминлар маъноси жиҳатдан фарқ қилади. Банк-молия терминологияси юқорида таҳлилга тортилган дескрипторларга асосланади.
Банк-молия терминларида нафақат полисемия ва омонимия ҳодисалари кузатилади, балки антонимия ҳам ўз аксини топади. Антонимлар лексик ва морфологик бўлиши мумкин. Лексик антонимлар сўзларнинг қарама-қарши маънода ишлатилиши: import license – импорт лицензияси ва export license – экспорт лицензияси; морфологик антонимлар эса қўшимча орқали маъносини ўзгартиради: payment – тўлаш ва non-payment – тўламаслик.
Банк-молия терминлари(notification – ҳабар, дарак, ахборот, огоҳлантириш, маълум қилиш), (official documents – расмий ҳужжатлар) ва бундан ортиқ сўзлардан иборат бўлиши мумкин (commercial secret confidentiality – битим шартларида кўрсатилган ҳамма операцияларнинг махфийлиги).
Банк-молия терминлари турли сўз туркумлари ёрдамида ифодаланади:
От: pay-list – тўлов рўйхати;
Феъл: rate – ҳисобламоқ, баҳоламоқ;
Сифат: pure – соф;
Сифатдош: factoring – қарздорни пул мажбуриятларини қарз берувчидан сотиб олиш, мижозга айланма капитал учун кредит бериш билан биргаликда ўтказиладиган савдо-воситачилик ҳаракатларини тури) ва бошқалар.
Шуни таъкидлаш жоизки, банк-молия терминларнинг аксарияти от ёрдамида ифодаланади. Бунинг сабаби шундаки, терминлар-отлар нафақат объектларни, балки жараёнлар, тушунчалар ва ҳодисаларни англатади: receipt – тилхат, payer – тўловчи, payment – тўлов. Банк-молия терминлари бир қатор префикс ва суффикслар ёрдамида яратилади:
префикслар ёрдамида: “de-”; “in-”; “non-”: defray the expenses – ҳаражатларни қопламоқ, income tax – даромад солиғи, non-discount price – чегирмасиз нарх;
суффикслар ёрдамида: “-able”; “-ing”; “-(t)ion”; “-sion”: unfavourable pay balance – пассив тўлов баланси, retailing – чакана савдо; intermediation – даллолчилик, даллолчилик операциялари; remission – тўловдан озод қилиш.
Банк-молия терминлари умумий иқтисодиёт терминологиясига кириши мумкин: revenue – даромад, тушум; state budget – давлат бюджети. Банк-молия терминларининг таҳлили уларни турли гуруҳларга ажратиш имконини беради: банкларнинг ҳаракати, хизматлар ва операциялар тизими, банк-молия иш-юритиш тили, банк ва молия соҳасидаги калит сўзлар ва сўз бирикмалари. Уларнинг барчаси банк-молия соҳасига оид нутқий коммуникация жараёнида фаол ишлатилади. Бундан ташқари, махсус банк –молия иш-юритиш ҳужжатларида ва махсус матнларда ўз аксини топади.Банк–молия терминлари орасида тез-тез, гоҳ-гоҳ ва камдан-кам ишлатиладиган бирликлар бор.
Глобализация натижасида ўзбек тилининг банк-молия соҳасидаги терминологиясига кўплаб инглиз тили терминлари кирган: жумладан,license – лицензия, яъни, рухсатнома; subsidy – субсидия, яъни, корхона, муассасаларга қайтариб олмаслик шарти билан зарарларни, баҳони қувватлаш учун давлат бюджети ҳисобдан бериладиган пул маблағлари; ratification – ратификация, яъни, аҳдлашувчи давлатларнинг вакиллари тузган халқаро шартноманинг олий ҳокимият томонидан тасдиқланиши; obligation – облигация, яъни, фуқаролик қонунларига мувофиқ қимматли қоғоз ва бошқа терминлар билан банк-молия ишларида кенг фойдаланилмоқда.
Банк-молия соҳасидаги, ўз навбатида, янги терминларнинг пайдо бўлишига асосий сабаб target – таргет (битим, келишув) терминдан “таргетлаш” (битим тузмоқ) феъли шаклланди. Бундай терминлар нега ўзбек тилига киритилган? Ахир, уларнинг маъносини англатадиган ўзбекча сўзлар борку? – деган савол туғилиши мумкин. Бундан жавоб шуки, инглиз тилидан ўзлашган банк-молия терминлари банк –молия ходимлари ва мутахассислари ўртасида кўпроқ фойдаланилиши сабабли, уларнинг нутқида deadline – дед-лайн, news-release – ньюс-релиз, quote – квота, price-list – прайслист, patent – патент каби банк-молия терминологияситез-тез ишлатилмоқда.
Шу боис ҳам, бу терминлар айнан банк-молия иш-юритиш ҳужжатлари ва банк-молия дискурсида ишлатилиши туфайли банк-молия терминологиясига киритилган. Баъзан, оддий полисемантик сўзларнинг бир маъноси терминологияга оид бўлиши мумкин. «Масалан, “haircut” сўзининг иккита маъноси банк-молия терминологиясига мос келади: 1) difference the rate of interest on fund lent and funds borrowed by banks; 2) bank commission or fee»55[Dictionary of Finance and Banking, 2005, p. 254]. Кўриб турганимиздек, асосий маъноси “соч турмаги” бўлган“haircut” сўзи банк-молия доирасида ҳам фойдаланилиши мумкин. Демак, терминлар баъзида умумлексик сўзларнинг маъносини кенгайтирилиши туфайли шаклланади ва улар аниқ контекстда ўз терминологик маъносини ифодалайди.
Банк-молия соҳасига оид терминларни қуйидагича таснифлаш мумкин:
Оддий терминлар: revenue – даромад, улуш; repayment – тўлаш; relief – тўлов чегирмаси; receipt – квитанция; credit – кредит ва бошқалар.
Қўшма терминлар: shareowner – акционер; fundholder – фонд соҳиби: statefinancing – давлатдан молиялаштириш; publicrevenues – давлат даромадлари ва бошқалар.
Терминологик бирикмалар: consumer’s law – истеъмолчи ҳуқуқи; credit card – кредит картаси; currency account – банк ҳисоби; currency income – валюта тушуми ва бошқалар. Шуни айтиш жоизки, терминологик бирикмалар банк-молия терминларнинг яримидан кўп қисмини ташкил қилади.
Қисқартмалар: A.S.E. – American Stock Exchange – Америка фонд биржаси; Aft – Automatic fund transfer – Автоматлашган фондга ўтказиш (топшириш); C.C. – Cash credit – нақд пул; div – dividend – дивиденд, фойда фоизи.
Банк-молия соҳаси терминлари орасида қисқартирилган терминлар ҳам бор. Айниқса, бу инглиз тилидаги терминларга хос, чунки инглиз тилида охирги йилларда сўзларни тежашга интилиш кўзга ташланяпти: cert – certificate – гувоҳнома; FOC – free of charge – бепул, бепул транспорт хизмати.
Шундай қилиб, терминларни ҳам қисқа ва осон бўлиши учун қисқартириш услуби ривожланмоқда. Бир томондан қисқартирилган терминларни ишлатиш осон бўлса, уларни, инглиз тилидан ўзбек тилига ўгириш таржимон ёки банк-молия мутахассислари учун катта муаммо туғдириши мумкин, чунки улар мазкур қисқартирилган термин қандай сўзлардан иборатлигини ва нимани англатишини билмайди. Шунинг учун ҳам, қисқартирилган терминларнинг ўзбек тилидаги муқобил сўзларини топиб, бутун маънони қамраб оладиган махсус сўз яратиши керак: IBA – Independent Bankers’ Association – мустақил банкирлар уюшмаси.
Инглиз тилида банк-молия соҳасига оид қисқартирилган терминлар қуйидаги хусусиятларга эгадир:
Нумератив, яъни сондан иборат бўлган термин: one-time seal – бир марталик муҳр. Бунинг сабаби – экстралингвистик омил.
Гибрид терминлар, яъни бир нечта терминдан иборат бўлган ва уларни қисқартирилган ва бирлашган (аксарият ҳолларда аббревиатура) термин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, гибридланган терминлар қисқартирилган терминларнинг энг катта қисмини ташкил қилади: FS – Free stock – эркин (мустақил) биржа.
Икки ёки уч терминдан аралаштириш йўлида пайдо бўлган янги термин: D/a – deposit account – депозит ҳисоб.
Бундай қисқартирилган банк-молия терминлари нафақат лингвистик, балки экстралингвистик қонуниятларга бўйсуниб шаклланган. Қисқартирилган терминлар кўпинча гибридлаш, аралаштириш ва сонларни қўшиш усуллари орқали пайдо бўлган ва соҳага оид нутқда ҳамда ҳужжатли матнларда ўз аксини топади.
Қисқартирилган инглиз терминларни тадқиқ қилишда социолингвистик ёндашувга таянсак, бундай терминлар пайдо бўлишининг сабаби, вақти, усуллари ва инглиз терминологиясининг ривожланиш хусусиятларини олдиндан айтиб беришимиз мумкин.
Баъзи қисқартирилган терминлар топоним ёки омонимлардан иборат бўлади: EIB – European Investment Bank – Европа инвестиция банки; AEA – American Economic Association – Америка иқтисодчилар ассоциацияси; LCC – London Chamber of Commerce – Лондон савдо палатаси. Бу қисқартирилган терминларни ўзбек тилига ўгиришда албатта муқобили бўлмайди: бундай ҳолларда терминни нимани англатишини айтиб бериш ёки тушунтириш тўғри бўлади.
Одатда қисқартирилган банк-молия терминлари икки ёки уч компонентдан иборат бўлади. Қизиқарли томони шундаки, қисқартирилган терминлар ҳам полисемия, омонимия, синонимия ҳодисаларига дуч келиши мумкин: def – 1) deferred – кейинга сурилган, қолдирилган, 2) deficit – камомад, етишмовчилик; CN – 1) Contract note – шартнома белгиси, 2) Credit note – кредит шартнома авизосининг белгиси.
Касбий қисқартирилган терминлар кўплаб тилшунос ва терминшунос олимларнинг эътиборини тортган. Бунинг сабаби – иқтисодиёт, банк иши, маркетинг, биржа ва молия фаолияти ривожланиши ва янги махсус сўзларга эҳтиёжнинг ўсиб боришидир. Қисқартирилган терминлар муаммоси, жумладан, Э.Г. Беззатеева, Л.Б. Ткачёва, Е.Н. Трифонова, Ю.Н. Сидоренко, И.Б. Тихонова, Л.А. Матвеева, И.Н. Чурилова каби олимлар томонидан лингвистик таҳлилга этилган.
Л.Б. Ткачёва қисқартирилган терминларнинг бир қатор сабаларига муфассар тўхталган. «Биринчи сабаб – иқтисодиёт ва турли соҳаларнинг ривожланиб кетиши. Иккинчи сабаб – махсус соҳага оид терминларнинг бошқа фан соҳалари билан алоқадорлиги ва оқибатда янги гибридланган терминлар пайдо бўлиши. Яна бир сабаби шундаки, тил соҳиблари коммуникация жараёнини осонлаштириш учун турли соҳага оид махсус лексик бирликларини қисқартиради, айниқса, грамматик ва морфологик нуқтаи назардан»56. Биз ҳам Л.Б. Ткачёва билдирган фикрига тўлиқ қўшилган ҳолда, қисқартириш усуллари тўғрисида ўз мулоҳазамизни билдирамиз:
Инициаллаш усули – бир нечта компонентдан иборат бўлган қисқартирилган термин, мазкур компонентларнинг фақатгина биринчи ҳарфидан шаклланади: A.S.E. – American Stock Exchange – Америка фонд биржаси; AC – Account current – жорий ҳисоб; EBIC – European Banks International Company – Халқаро Европа банклар уюшмаси.
Кесиш усули – бир компонетнинг бўғини бошқа компонентларга қўшилади ва янги термин пайдо бўлади: CARIFTA –Carribean Free Trade – Қариб эркин савдо зонаси; Fed.Res.Bk. – Federal Reserve Banks – Федерал заҳира банклари.
Тортиш усули – компонентларнинг кўпроқ ундош ҳарфларидан иборат бўлган термин: dr – debtor – дебитор; dcl – declaration – декларация.
Акронимлаш – қисқартирилган термин баъзи ҳолларда фонетик нуқтаи назардан оддий лексик бирлиги билан тўғри келиши мумкин:
термин: ABC – Audit Bureau of Circulation – Тафтиш-назорат бюроси ва оддий сўз: ABC – инглиз алифбоси;
термин: COLA – Cost of living allowance – яшаш даражасини минимал иш ҳақи билан боғлиқ кўрсаткичи ва оддий сўз: Cola (Coca-Cola) – газланган совуқ ичимлик.
Бу йўсинда, янги терминлар пайдо бўлади; терминлар биргалашиб гибридланган ёки қисқартирилган терминларга олиб келади, эски терминлар янгилланади. Янги жиҳоз ёки ҳодиса очиб берилиши билан биргаликда, уни номланиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Янги объектларни, воқеаларни, жараёнларни, услубларни номлаш учун албатта янги махсус сўзлар, яъни терминлар шаклланади ва улар бутун дунёга тарқалади.
Биламизки, банк-молия терминларини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш ва айниқса махсус матнларни инглиз тилидан ўзбек тилига ўгириш анча мураккаб жараён. Бу ўзбек терминология фанининг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Барча инглиз терминларни ўзининг фонетик, лексик ва грамматик шаклида ўзбек тилига тўғридан - тўғри қабул қилиш албатта нотўғри, чунки бу миллий терминологиянинг ривожига тўсқинлик қилади ва ўзбек тилидаги терминлар кўпроқ ўзлаштирма терминлардан иборат бўлишига олиб келади.
Қисқартирилган терминларни инглиз тилидан ўзбек тилига ўгиришда биринчи навбатда, уларни расшифровка қилиш керак. Масалан,
Do'stlaringiz bilan baham: |