Коррозия ёриқлари панелларнинг ҳимоя қатламида арматура сиртининг коррозияланиши натижасида пайдо бўлади.
Коррозия ёриқларининг мавжудлиги муҳитнинг агрессивлигидан далолат бериб, химоя қатламнинг тўлиқ емирилишига олиб келиши мумкин.
Бино ва иншоотларнинг девор, устун ва тўсинларида қуйидаги шикастланиш ва деформациялар учрайди:
Ғишт деворларда қия, вертикал ва горизонтал ёриқлар (1.9-расм). Ушбу ҳолатни пайдо бўлиш сабаблари пойдеворларни олдинма кейин чўкиши, юкланишни ошиб кетиши. Саноат биноларида кранлар ва динамик юклар таъсирида каркасни силжиши.
Бинонинг кўндаланг ва бўйлама деворларини каркасдан ажраб қолишига сабаб девор ва каркас орасидаги боғланишнинг бузилиши, каркаснинг силжишидир.
1.9-расм. Ғишт деворда кескин горизонтал ва вертикал ёриқлар.
Устунларнинг таянч қисмида ёриқларнинг пайдо бўлиши, бетонни емирилиши ва арматурани очилиб қолишига сабаб нотекис чўкиш оқибатида устунларнинг силжишидир.
Устунларнинг юқори қисмида ёриқлар пайдо бўлиши, бетон ажраши ва бузилиши, арматурани очилиб қолиши каби, тўсин ва фермаларни устундаги таянч нуқталаридан силжиб қолиши каби нуқсоларни келиб чиқиши сабаби устунларнинг нотекис чўкиши, динамик ва сейсмик кучлар таъсиридир.
Тўсинларнинг ўрта қисмида ва таянч зоналарида ёриқларнинг пайдо бўлиши, бетонни ажраши ва емирилиши, тўсин ва устунларда арматурани очилиб қолиши (1.10-расм). Буларнинг сабаби юкларнинг ошиб кетиши, таянч юзасини камайиб кетиши, монтаж ишларида йўл қўйилган хатолар, бирикма тугунларидаги боғловчи деталларнинг емирилиши ва каррозияси кабилардир.
1.10-расм. Темирбетон устунда ҳимоя қатлами ажраб, арматура очилиб қолиши.
Тўсиқ деворларни каркасдан ажраб қолиши, улардаги ёриқлар пайдо бўлиши ва ғишт қўпорилиши. Сабаби - пойдеворларнинг нотекис чўкиши, каркаснинг силжиши ва боғловчи элементларнинг йўқлигидир.
Юқорида қайд этилган нуқсон ва шикастланиш ҳолатлари бино ва иншоотларни кўздан кечириш ва асбоблар ёрдамида аниқланади.
Устунларда юқорида қайд этилган нуқсонлардан ташқари қуйидаги нуқсонлар ҳам учрайди:
Бошидан охиригача тарқалган бўйлама ёриқлар. Сабаб - марказий сиқилишда юкнинг меёрдан ортиб кетиши.
Устуннинг сиқилган зонасида бўйлама ёриқлар пайдо бўлиши. Сабаб - кичик эксцентренситетлар орқали таъсир этаётган юкларнинг ошиб кетиши.
1.11-расм. Ғишт деворнинг емирилиши.
Устуннинг чўзилиш зонасида пайдо бўладиган нормал ёриқлар (кўндаланг ёриқ) ҳамда сиқилиш зўнасида пайдо бўладиган бўйлама ёриклар. Сабаб - устунга катта эксцентриситетлар орқали таъсир этадиган юкларнинг ошиб кетиши.
Устун консолларида нормал ёриқлар пайдо бўлиши. Сабаб - юкланишнинг ошиб кетиши ва эксцентриситетнинг катталашиши.
Қайд этилган нуқсонлар кўздан кечириш ва асбоблар ёрдамида аниқланади.
Назорат учун саволлар 1. Қандай сабаблар деворларни шикастланиш ва деформацияланишга олиб келади?
2. Деворларда пайдо бўладиган ёриқлар уларнинг келиб чиқиш сабабига кўра неча хил бўлиши мумкин?
3. Бино ва иншоотларнинг девор ва тўсинларида қандай шикастланиш ва деформация ҳолатлари учрайди?
4. Устунларда қандай шикастланиш ва деформация ҳолатлари учрайди?