Деворлар, устунлар, тўсинларда учрайдиган дефектлар, шикастланиш ва деформация турлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва аниқлаш усуллари.
Деворларда ёриқларнинг пайдо бўлиши ички кучлар мувозанати бузилганлигидан далолат беради. Ёриқлар девор конструкциясида зўриқиш ва деформациялар ортишининг ташқи белгиси бўлиб ҳисобланади. Ёриқларни келтириб келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Деворларнинг шикастланиши ва деформацияланишига олиб келувчи сабаблар қуйидагилардан иборат:
Бинонинг бир қисмини нотекис чўкиши натижасида деворда қўшимча кучланишлар юзага келади ва у ёриқлар пайдо бўлишига олиб келади;
Ташқи кучларни конструкциянинг юк кўтариш қобилиятига мос келмаслиги;
Бинонинг узунлиги бўйича ҳарорат чокларининг йўқлиги;
Деворларда турли мақсадлар учун техник талабларга риоя қилинмаган ҳолда қўшимча бўшлиқлар қолдирилганлиги;
Мавжуд бинога тақаб ёки унинг ёнидан йирик иншоотларнинг барпо қилиниши ва ҳ.к..
Девордаги ёриқларнинг ташқи кўринишига қараб, уларнинг келиб чиқиши сабабини аниқлаш мумкин. Масалан, қаттиқ совуқда заминнинг музлаши натижасида грунтнинг кенгайишидан деворнинг пастки қисмида ҳосил бўлган ёриқлар юқори қисмидагидан майдароқ бўлади. Агар ёриқлар пастга қараб кенгайса, у ҳолда бу ёриқ чўкиш натижасида юзага келган бўлади [1]. Агар ёриқлар пастдан тепага қараб кенгайиб борса, унда деформацияни келтириб чиқарувчи сабаб бино остидаги замин грунтининг турли жойларда турлича деформацияланиши оқибати бўлади.
Деворларда пайдо бўлувчи ёриқлар, уларнинг келиб чиқиши сабабларига кўра 4 хил бўлиши мумкин. Булар: чўкиш, киришиш, ҳарорат ўзгариши ва коррозия таъсирида пайдо бўлувчи ёриқлардир. Бинонинг чўкиши - вертикалдан оғиш - асбоблар ёрдамида аниқланади.
Девор ва туташган жойлардан сув ўтиши – панелларда ёриқларнинг мавжудлигидан, дераза ромларининг девор билан зич ўрнашмаганлигидан дарак беради.
Деворларнинг музлаши – иситиш тизимининг етарлича эмаслигидан, ҳарорат-намлик деформацияси таъсирида унинг заифлашувидан, томдан сув ўтиши, чордоқ ёпмасидаги иссиқлик сақлаш қатламининг бузилиши ва ҳ.к. натижасида юзага келади.
Киришиш натижасида пайдо бўлган ёриқлар девор юзасида тартибсиз тўрсимон кўринишга эга бўлиб, ёриқларнинг кенглиги 0.3 мм гача бўлганда конструкция ҳолати қониқарли деб ҳисобланади.
Ҳарорат таъсирида деворларда юзага келадиган ёриқлар ҳароратнинг кескин ўзгариши натижасида пайдо бўлади. Ҳарорат чоклари қўилмаган биноларда ёриқлар сарбасталар, оралиқ деворлар, дераза ўринлари бурчакларида пайдо бўлади.
1.8-расм. Тош-ғишт конструкцияли биноларда учрайдиган шикастланиш ва деформация ҳолатлари