Суд ҳокимияти - Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Мустақилликнинг илк йилларида суд ҳокимияти соҳасида ҳам ислоҳатлар амалга оширилди. Ўзбекистон Конституцияси ва 2000 йилда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрирда) суд ислоҳатларининг ҳуқуқий асосидир.
Суд тизимидаги ислоҳатларни 2 даврга бўлиш мумкин: 1) 1991-2016 йй. 2) 2017 йилдан кейинги давр. Дастлабки даврда Ўзбекистон Республикаси суд тизимига 5 йил муддатга сайланадиган қуйидаги судлар кирган: Конституциявий суд; Олий суд; Олий хўжалик суди; Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари; Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди; фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари; фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари; вилоятлар ва Тошкент шаҳарининг хўжалик судлари; ҳарбий судлар.
Фавқулодда судлар тузилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Судларнинг алоҳида ҳокимият сифатида белгиланишидан мақсад Ўзбекистон Республикасида шахс ҳуқуқи ва эркинликларининг холис орган сифатида фақат суд орқали таъминланишига эришиш ва судни аввалги жазоловчи органдан шахс ҳуқуқи ва эркинликларини тўла ҳимоя қила оладиган органга айлантиришдир. Судлар суд қарорини ижро этиш каби ўзларига тегишли бўлмаган вазифалардан озод этилди. 2008 йилдан Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинди. Фуқароларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилди. Жиноий жазолашнинг инсонпарвар ҳуқуқий тизими ташкил этилди.
Ислоҳатлар 2-даврининг асосий хусусияти Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилмоқда. Ушбу фармон асосида: Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолотларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, судялик лавозимига тайинлаш (сайлаш) муддатларига қатъий аниқлик киритилди. Яъни судялик лавозимига 1-маротаба тайинлаш 5 йилга, 2-маротаба – 10 йил, кейингисида муддатсиз тайинлаш (сайлаш) имкони яратилди. Бу судяларнинг ёши, малакаси, касб маҳоратини инобатга олган ҳолда узоқроқ муддатга фаолият кўрсатишини кафолатлайди.
2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни мамлакат тарихида илк маротаба афв этиш тўғрисида фармон қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |