66. Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси ва унинг шакли. Транспорт воситасини экипажи билан ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ҳақ эвазига ижарага олувчига беради ва ўз кучи билан уни бошқариш ҳамда техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатади. Транспорт воситасини экипажсиз ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмаган ҳолда вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижарага олувчига ҳақ эвазига беради. Ижара шартномасини номуайян муддатга қайта тузиш ва ижарага олувчининг ижара шартномасини янги муддатга қайтадан тузишга имтиёзли ҳуқуқи ҳақидаги қоидалари транспорт воситасини ижарага бериш шартномасига нисбатан қўлланмайди (ФК 564-модда).
Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, унинг муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ФК 565-модда).
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Қуйида назарда тутилган ҳоллар мустасно:
Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатадиган юридик шахслар жисмоний шахслар билан енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкин.
67. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси, унинг шакли ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Агар Фуқаролик кодекснинг корхонани ижарага бериш тўғрисидаги қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграфнинг қоидалари корхоналар ижарасига татбиқ этилади (ФК 573-модда).
Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тарафлар имзолайдиган битта ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
Бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим ва рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (ФК 574-модда).