59. Айирбошлаш шартномасига таъриф беринг. Айирбошлаш шартномасига мувофиқ ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади. Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади, башарти бу ушбу боб қоидаларига ва айирбошлаш моҳиятига зид келмаса. Бунда ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан топшириш мажбуриятини олган товарни сотувчи ва қабул қилиш мажбуриятини олган товарни сотиб олувчи ҳисобланади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ФК 497-модда).
60. Лизинг шартномаси, уни тузиш тартиби. Лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади (ФК 587-модда).
Лизинг шартномаси ёзма шаклда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-бобида шартномаларни тузиш умумий тартиби назарда тутилган.
61. Ҳадя шартномаси. Ҳадяни бекор қилиш мумкин бўлган ҳолатлар. Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим (ФК, 507-модда).