54.Кимошди савдосини ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби. Кимошди савдоси аукцион ёки танлов шаклида ўтказилади. Кимошди савдосининг шакли, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, отиладиган ашёнинг мулкдори ёки сотиладиган мулкий ҳуқуқнинг эгаси томонидан белгиланади. Фақат битта иштирокчи қатнашган аукцион ва танлов ўтказилмаган ҳисобланади. Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин. Ёпиқ аукцион ва ёпиқ танловда шу мақсад учун махсус таклиф этилган шахсларгина қатнашадилар. Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташкилотчи кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисида камида ўттиз кун олдин хабар қилиши керак.
Кимошди савдосининг қатнашчилари кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган миқдорда, муддатларда ва тартибда закалат пули тўлайдилар. Агар кимошди савдоси ўтказилмаса, закалат қайтариб берилиши керак. Закалат кимошди савдосида қатнашган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга ҳам қайтариб берилади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан шартнома тузишда у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳисобга олинади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва кимошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни ким ошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортса, тўлаган закалатидан маҳрум бўлади. Баённомани имзолашдан бош тортган кимошди савдосининг ташкилотчиси закалатни икки ҳисса қилиб қайтариши, шунингдек кимошди савдосида ғолиб чиққан шахсга кимошди савдосида қатнашиш туфайли ўзига етказилган зарарнинг закалат пулидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт (ФК 380-модда).
55.Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк сотилганида улар жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ. Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан сотиб олувчига бундай кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини топшириш билан бир вақтда ушбу кўчмас мулк жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасининг муайян қисмига бўлган ҳуқуқлар ҳам топширилади. Сотувчи сотилаётган кўчмас мулк жойлашган ер участкасининг мулкдори бўлган тақдирда сотиб олувчига ер участкасининг тегишли қисмига мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи ёхуд кўчмас мулкни сотиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ берилади. Агар шартномада кўчмас мулкни сотиб олувчига топшириладиган тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган бўлмаса, сотиб олувчига ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан фойдаланиш учун зарур бўлган муайян қисмига мулк ҳуқуқи ўтади. Сотувчига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлмаган ер участкасида жойлашган кўчмас мулкни, агар бундай участкадан фойдаланишнинг қонун ёки шартномада белгиланган шартларига зид бўлмаса, ана шу ер участкаси мулкдорининг розилигисиз сотишга йўл қўйилади. Бундай кўчмас мулк сотилганида сотиб олувчи кўчмас мулкни сотаётган шахс ер участкасининг тегишли қисмидан қандай шартларда фойдаланган бўлса, ўша шартларда фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади (ФК 482-модда).