6.Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби. Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига кўра, нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.
Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни ва тегишли харажатларни қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида низом билан белгиланган. Зарар давлат томонидан кейинчалик нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб (регресс) қўйилган ҳолда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.
Юридик ва жисмоний шахс ўзига етказилган зарар қопланиши ҳуқуқига эга.
Суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади.
Жамғармадан маблағ ажратиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори адлия бошқармасига тушгандан кейин икки кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига суднинг қарорини илова қилган ҳолда тегишли буюртманомани киритади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги буюртманома тушган кундан бошлаб икки кун мобайнида буюртманомада кўрсатилган маблағларни адлия бошқармасининг шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказади.
Маблағлар шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига тушган кундан бошлаб бир кун мобайнида адлия бошқармаси ушбу маблағларни зарарни қоплаш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг тегишли банк ҳисоб рақамларига ўтказади.
Суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори асосида адлия бошқармаси томонидан нотариусни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала ҳал қилиниши керак.
Адлия бошқармаси томонидан қопланган сумма кейинчалик аксинча талаб (регресс) тартибида нотариусдан ундириб олиниши керак.
Нотариус адлия бошқармаси томонидан зарарни қоплаш учун юридик ва жисмоний шахсларга ўтказилган маблағларнинг тўлиқ суммасини қоплайди.
Юридик ва жисмоний шахсга зарар қоплангандан сўнг икки кундан кечикмай адлия бошқармаси нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб (регресс) билан мурожаат қилади.
Нотариус билан меҳнат шартномасининг тўхтатилиши уни зарар ва тегишли харажатларни қоплаш мажбуриятидан озод қилмайди.