37.Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартирани) бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда нотариус нималарни тушунтирмоғи лозим.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 3113, 04.01.2019 й.) 46-бандига асосан нотариус уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидаларига риоя қилади. Ушбу шартномани тасдиқлаш пайтида уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчи шахснинг меҳнатга лаёқатсизлиги (ёши ёки соғлиғи бўйича) текширилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилиши лозим. Мазкур шартномада уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчига моддий таъминотнинг қандай турлари берилиши, уларни ҳар ойдаги пуллик баҳоси ва уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг қиймати ҳам кўрсатилган бўлиши керак.
Бошқа шахсга ўтказилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва моддий таъминотнинг қиймати тарафлар келишувига биноан белгиланади.
Шахс вояга етмаган бўлса, у уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга берувчи бўла олмайди.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 530 ва 534-моддалари талаблари асосида амалга оширилиши ва уларнинг мазмуни тушунтирилганлиги шартномада кўрсатиб ўтилиши лозим.
38.Корхонани сотиш шартномасини расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари. Шартномага қандай ҳужжатлар илова қилинади?
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3113, 04.01.2019 й.)нинг 57-60-бандларига кўра корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда, нотариусга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
корхона сотувчиси ва сотиб олувчиси ваколатли органларининг корхонани сотиш ёки сотиб олиш тўғрисидаги қарори (умумий мажлис баённомаси ёки кузатув кенгашининг қарори ёхуд буйруқ ва ҳоказо);
мулкдорнинг розилиги (агар мулк хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган юридик шахсга тегишли бўлса);
инвентаризация далолатномаси;
баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ва хулосаси (сотилаётган корхонада давлат улуши бўлган ҳолларда);
давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган сўнгги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);
аудиторнинг корхона таркиби ва унинг қиймати тўғрисидаги хулосаси;
тарафлар томонидан тузилган, кўриб чиқилган ва имзоланган кредиторлар, улар қўяётган талаблар хусусияти, миқдори ва муддатлари кўрсатилган ҳолда корхона таркибига киритиладиган барча қарзлар (мажбуриятлар) рўйхати;
кредиторларга юборилган хабарнома ва уларнинг корхона қарзларини бошқа шахсга ўтказишга розилиги ҳақидаги нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризалари (кредиторлар юридик шахс бўлган ҳолларда, уларнинг розилиги расмийлаштирилган хатлари);
корхона таркибидаги бино ва иншоотлар учун кадастр маълумотномаси;
ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;
давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси;
тарафлар ўртасидаги тўлов мажбурияти бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Тарафлар шартномада харидорга топширилаётган корхона таркибидан алоҳида элементларни олиб ташлаш ҳуқуқига эгалар (алоҳида буюмлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар).
Мазкур банднинг ўн биринчи ва ўн учинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотномалар нотариус томонидан курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда ёки идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан Тизим орқали автоматик тарзда олинади.
Корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда нотариус корхонани бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини Тизим орқали текширади.
Корхонани сотиш шартномаси матнида қуйидагилар кўрсатилиши лозим: шартноманинг номи; шартнома имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши; шартнома тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми; тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча прописка қилинган (ҳисобга олинган) манзили, паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги; битимда юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи; сотилаётган корхонанинг жойлашган ери (почта манзили); корхона сотувчисининг банкдаги ҳисоб рақами; сотувчининг корхонага нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар; сотилаётган корхонанинг таркиби; корхона таркибига кирувчи мулкларнинг тавсифи; сотилаётган корхонанинг баҳоси; сотиб олувчи томонидан ер участкасидан фойдаланиш қоидалари; корхона сотувчисининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича маълумот; тарафлар ўртасида ҳисоб-китобни амалга ошириш тартиби ва уни тасдиқловчи ҳужжат тўғрисидаги маълумот; корхонани сотиш шартномасидан пайдо бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш зарурлиги ва унинг тартиби; топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан корхонани топшириш тартиби ва муддати; Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 482, 486, 489 – 496-моддалари талаблари тушунтирилганлиги; тарафларнинг шартнома шартларини бузишдаги жавобгарлиги; шартномадан келиб чиқадиган низоларни бартараф этиш тартиби; қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |