32.Ижро хатларини ёзиш тартиби ва у қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинган. Ундириладиган давлат божи.
Нотариус ижро хатларини ёзишда Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 76-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил
18 январдаги 26-сон қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхати, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3113-сон, 04.01.2019 й.)нинг 192-198-бандлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига асосланади.
Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзади. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун манфаатдор шахснинг ёзма аризаси олинади.
Ижро хатлари қуйидаги ҳолларда ёзилади:
тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;
даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўтган вақт уч йилдан ортиқ бўлмаса.
Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.
Ижро хати олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 18 январдаги 26-сонли қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатида назарда тутилган ҳужжатлар икки нусхада тақдим этилади.
Ижро хати ёзиш мумкин бўлган муддат ундирувчида қарзни мажбурий ундириш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.
Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:
ижро хатини ёзаётган нотариуснинг фамилияси, исми, отасининг исми, ижро хатининг қайси ҳужжат асосида берилганлиги;
ундириб олувчининг номи ва манзили (жисмоний шахслар учун туғилган санаси ва жойи, иш жойи);
қарздорнинг номи ва манзили (жисмоний шахслар учун туғилган санаси ва жойи, иш жойи);
ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;
Қонуннинг 80-моддаси талаблари тушунтирилганлиги;
ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар, шу жумладан, тўланиши керак бўлган пеня ва фоизлар;
ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ёки тариф суммалари;
ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);
ижро хатининг реестрда қайд этилган тартиб рақами;
ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси;
нотариуснинг муҳри.
Ижро хати қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда қайд этилади. Қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда ижро хати ёзиш учун жой бўлмаган ҳолларда у алоҳида варақда амалга оширилади. Ушбу варақ қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатга қўшиб тикилади, рақамланади ва муҳрланади.
Бир хил шаклдаги ҳужжатлар бўйича (масалан, банк қарзлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари томонидан умумий харажатларни қоплаш учун тўланадиган мажбурий бадаллар ва коммунал хизматлар учун тўланадиган мажбурий тўловлар ҳамда шу кабилар) бир қанча ижро хатлари беришни амалга ошириш пайтида давлат нотариал идорасида қарздорларнинг рўйхатлари олинади. Бунда қарздорларнинг тўлиқ номи ва манзили, тўлов муддатлари, ижро ёзуви бўйича қарз ундириш суммаси, зарур ҳолларда эса бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилади.
Нотариуслар ижро хатлари ёзиб берганлик учун ундириладиган сумманинг
1 фоизи миқдорида, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда давлат божи ундиради.
33.Фуқаронинг касаллиги, ногиронлиги сабабли нотариал идорага кела олмайдиган ҳолатда ёки кар-соқовлик нуқсони бор фуқаролар иштирокида нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва давлат божи ундириш тартиби.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 107-моддаси олтинчи қисми ҳамда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3113-сон, 04.01.2019 й.)нинг 6-бандига асосан Нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораларининг биноларида амалга оширилади.
Нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида нотариал ҳаракат амалга оширилган жойнинг манзили кўрсатилади ва нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилади.
Мазкур йўриқноманинг 8-бандига асосан агар, нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, нотариал ҳаракатни амалга ошириш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо таржимон ҳозир бўлиши шарт.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжат унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар битим, ариза ёки бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.
Агар мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса нотариал ҳаракатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеоёзув воситаларида қайд этилади.
“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддаси иккинчи қисмига асосан агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.
Солиқ кодексининг 338-моддасига асосан давлат нотариал идораси биносидан ташқарида амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар учун давлат божи икки баравар миқдорда ундирилади, озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг ишончномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш бундан мустасно.
34.Нотариуслар томонидан шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишув шартномаларини тасдиқлаш тартиби. Томонларнинг келишувига кўра кўчмас мулкка нисбатан тузилган шартномани бекор қилиш тартиби.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3113-сон, 04.01.2019 й.)нинг 36-бандига асосан 36. Нотариал тасдиқланган битимни бекор қилиш алоҳида келишув тузиш йўли билан амалга оширилади. Агар битимда бир тараф ёки иккала тараф юридик шахс бўлса, битимни бекор қилиш вақтида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб битимни бекор қилиш ҳақидаги қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруғи ва ҳоказо) олинади. Битимнинг барча нусхаларига битим бекор қилинганлиги ҳақида ёзиб қўйилади ҳамда унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади ҳамда Тизимга бу ҳақида маълумот киритилади. Битимнинг тарафларга берилган нусхаларини тақдим этиш имкони бўлмаган (йўқолган ёки бошқа) ҳолларда бу ҳақида ариза олинади.
Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимни бекор қилишда битим предмети кўчмас мулк бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, Тизим орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалининг бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги белгиланган намунадаги маълумотномаси (бундан буён матнда кадастр маълумотномаси деб юритилади) олинади ҳамда кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги текширилади.
Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимни бекор қилишда, агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг (мулк олувчининг) битимни бекор қилишга рози эканлиги тўғрисидаги нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризасини талаб қилади.
35.Вояга етмаганлар томонидан битим тузишнинг хусусиятлари. Нотариал ҳаракатни тасдиқлашда вояга етмаганларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки хомийларининг ёзма розилиги талаб этиладиган ҳолатлар.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3113-сон, 04.01.2019 й.)нинг 26-бандига асосан ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун битимларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 29-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари, уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин.
Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийси амалга оширади.
Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан ўзларининг вояга етмаган болаларига васийлик, ҳомийлик қилувчилар сифатида тузиладиган битимларга ҳам тегишлидир.
Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 27-моддасининг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай битимларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.
Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган деб топилган фуқаро битимларни ҳомийнинг розилиги билангина амалга оширади.
Васий ва ҳомий, уларнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васий ёки ҳомийнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.
Ота-оналар, фарзандликка олувчилар, ҳомийлик ва васийлик қилувчилар қандайдир сабабларга кўра (хизмат сафарида бўлиш, бошқа жойда яшаши ва ҳоказо) битимни тасдиқлашга розилик бера олмасалар, битим васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида тасдиқланиши мумкин. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддаси талабларига риоя этилади.
Ота-она вафот этганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда, улар муомалага лаёқатсиз деб топилганда, касал бўлганда, узоқ муддат бўлмаганда, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан ота-она тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортганда, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига юклатилади.
Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузишга ҳақли.
36.Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахс томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган кўчмас мулкни сотиб олиш битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби. Бундай битимларни тасдиқлаш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 3113-сон, 04.01.2019 й.) 50-55-бандларига асосан 36. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахс томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган кўчмас мулкни сотиб олиш битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланган.
Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлган битимлари ва кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш шартномаларини нотариал тасдиқлаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар олувчи томон:
Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлса;
Тошкент шаҳри ҳудудида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Рўйхатнинг (бундан буён матнда Рўйхат деб юритилади) 2, 5,
9 – 11-бандлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори билан тасдиқланган Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тўғрисидаги низомнинг иловасидаги Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг (бундан буён матнда Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати деб юритилади) 2, 3 ва 6-бандлари асосида доимий прописка қилинган бўлса ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.
Бунда нотариус:
Рўйхатнинг 2 ва 5-бандлари ёки Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 2 ва 3-бандлари асосида доимий прописка қилинган шахснинг паспортига доимий прописка штампи қўйилганлигига уч йил тўлганлигини;
Рўйхатнинг 9 – 11-бандлари ёки Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 6-банди асосида доимий прописка қилинган шахснинг Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарорининг
1-иловасида кўрсатилган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг маълумотномалари асосида Тошкент шаҳри ҳудудида камида уч йил лавозимда бўлганлигини текширади.
Тошкент вилоятида жойлашган кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлган битимлари ва кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш шартномаларини нотариал тасдиқлаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар олувчи томон:
Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлса;
Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида Рўйхатнинг 2, 5, 9 – 11-бандлари ёки Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 2, 3 ва 6-бандлари асосида доимий прописка қилинган бўлса ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.
Бунда нотариус:
Рўйхатнинг 2 ва 5-бандлари ёки Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 2 ва 3-бандлари асосида доимий прописка қилинган шахснинг паспортига доимий прописка штампи қўйилганлигига уч йил тўлганлигини;
Рўйхатнинг 9 – 11-бандлари ёки Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 6-банди асосида доимий прописка қилинган шахснинг Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарорининг
1-иловасида кўрсатилган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг маълумотномалари асосида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида камида уч йил лавозимда бўлганлигини текширади.
Рўйхатнинг 8-бандида назарда тутилган фуқаролар, яъни илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган – ўқишни, ишни, узоқ муддатли хизмат сафарини тугатганидан, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилганидан кейин доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келган фуқаролар уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиб олиш мақсадида нотариусга мурожаат қилганда, нотариус ички ишлар органларининг доимий прописка қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги маълумотномасини талаб қилади.
Бунда ушбу маълумотнома нотариал идорага ички ишлар органларининг расмий алоқа йўллари орқали келиб тушган бўлиши лозим.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахс томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган кўчмас мулкни сотиб олиш битимларини нотариал тасдиқлаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан янги қурилган кўчмас мол-мулкни ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга оширган ҳолда сотиб олганда;
яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан янги қурилган нархи шартнома тузилган санадаги энг кам ойлик иш ҳақининг 3 300 бараваридан кам бўлмаган кўчмас мулкни ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга оширган ҳолда сотиб олганда.
Бунда янги қурилган кўчмас мол-мулк деганда мулк ҳуқуқи (туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган бинони ва иншоотни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги комиссия далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори ёки қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосида) вужудга келган пайтдан эътиборан уч йил ўтмаган мол-мулк тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |